ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИДА “ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ” ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ

Tadbirlar

9 декабрь – “Халқаро коррупцияга қарши кураш” кунига бағишланган Антикоррупцион ҳафталик доирасида 2020 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида “Олий таълим “Коррупциясиз соҳа””  мавзусида очиқ эшиклар куни тадбири ташкил этилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш  агентлиги масъул ходимлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, бошқарма ва бўлим бошлиқлари, олий таълим муассасалари  профессор-ўқитувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ вакиллар иштирок этишди

Бугунги кунда олий таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Олий таълим тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишни ташкил этиш белгиланган бўлиб, БМТнинг Тараққиёт дастури кўмагида халқаро аудиторлик компания KPMG (Италия) экспертлари томонидан 2020 йилнинг 11 майидан эътиборан коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс-назорат” тизимини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг марказий аппарати ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида тажриба тариқасида жорий этиш ишлари бошланди. Халқаро экспертлар томонидан олий таълим тизимида коррупция ҳолати мавжуд бўлиши эҳтимоли бор бўлган 7 та турдаги йўналишлар (коррупциявий рисклар кузатилаётгани) белгилаб берилди.

ОТМларда талабалар учун коррупция ҳолатлари билан тўқнашганлиги бўйича хабар қилиш имкониятини берувчи телеграм канали тест режимида фаолияти йўлга қўйилди. ОТМларда ўқув жараёнлари, имтиҳонлар ва қабул жараёнларида АКТ имкониятлари кенг жорий этилмоқда.  

Коррупция иллати ва унинг оқибатларидан аҳоли, айниқса профессор-ўқитувчилар, талабаларнинг кенг қатламларини хабардор қилиш мақсадида ҳуқуқий тарғибот материаллари, маъруза матнлари, слайдлар, инфографикалар ОТМларда кенг тарғиб қилинди. Шунингдек, жамоат жойларида таълим муассасалари томонидан “Коррупцияга қарши бирга курашамиз”, “Коррупция ‒ жамиятни емиради”, “Коррупция салбий иллат”, “Пора ‒ энг ёмон чора” каби шиорли баннерлар ўрнатилди.