ИНСТИТУТ ВА МАКТАБ: ЎҚУВЧИЛАР УЧУН РЕКТОР СТИПЕНДИЯСИ ЖОРИЙ ҚИЛИНАДИ

Tadbirlar

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали эълон қилаётган хабарларимиздан ўқиб, билиб турибсиз – Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтига вилоятимизнинг чекка ҳудудларида жойлашган умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари ташриф буюрмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 30 сентябрда «1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан республикамиз зиёлиларига йўллаган нутқларида келтирилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда умумтаълим мактаблари фаолиятини такомиллаштириш, ўқувчиларнинг илм-фан ва касб-ҳунар эгаллашга бўлган қизиқишини ошириш, олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида «Очиқ эшиклар куни» доирасида институтда ташкиллаштирилаётган бундай тадбирларда бугунга қадар 7 та – Косон туманидаги 22-, Миришкор туманидаги 24-, Чироқчи туманига қарашли 124-, 49-, 50-, 51- ва 47-сонли умумий ўрта таълим мактаблари меҳмон бўлишди. Ўқувчиларга институт фаолияти, факультетлар, таълим йўналишлари, «Физика», «Умумий кимё» кафедраларининг лабораториялари, ахборот ресурс ҳамда ахборот технологиялари марказларининг моддий техник базаси таништирилди. Икки томонлама ҳамкорликлар доирасида қилиниши лозим бўлган ишлар режалаштириб олинди.

 

Бугун Чироқчи туманининг 47-сонли умумий ўрта таълим мактаби 11-синф ўқувчилари институтга ташриф буюриб, «Очиқ эшиклар куни» тадбирига иштирок этишди. Дастлаб, институт фаоллар залида танишув тарзида кечган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда ректор О.Базаров, Кимё фанлари номзоди, профессор Ҳ.Исмоилова, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳибаси, Муҳандислик техникаси факультети 4- курс талабаси О.Самиджонова сўзга чиқиб, ўқувчиларга институт ҳаёти, фаолияти ҳақида атрофлича маълумот бердилар.

- Институтимиз профессор-ўқитувчилари янги 2021 йилдан эътиборан Сиз таҳсил олаётган мактабга бориб физика, кимё, информатика ва чизмачилик фанларидан дарс беришади, - дейди ректор. – Айни шу фанлардан бепул тайёрлов курсларини ҳам ташкил этамиз. Фанларни яхши ўзлаштириб, синов имтиҳонларидан энг юқори баҳо билан ўтган бир нафар мактаб ўқувчиси Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори стипендиясига сазовор бўлади.

Кун ўқувчилар учун мазмунли ўтди. Институт бўйлаб қилинган саёҳат ҳамда тушликдан кейинги ташрифлар ҳар галгидек Қарши шаҳридаги “IT-technopark” ва «Ватанпарварлар» боғига бўлди. Ўқувчилар ёш дастурчилар учун яратилган имкониятлар, иккинчи жаҳон уруши акс этган экспонатлар билан танишишди.