Марказнинг тажрибали ходими, физика-математика фанлари номзоди, доцент Муқимов Неъматжон нафақага кузатилди.

Yangiliklar

   Олий таълимни ривожлантириш татқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази “Дарслик ўқув қўлланма ва махсус адабиётлар билан ўқув жараёнини таъминла бўлими бош мутахассиси, физика-математика фанлари номзоди, доцент Муқимов Неъматжон нафақага кузатилди. Муқимов Неъматжон кўп йиллардан буён марказ ва таълим тизимига ўз хиссасини қўшиб келмоқда.

   Н.Муқимов 1948 йил 16 октябрда Фарғона вилояти Учкўприк тумани, Катта Кенагас қишлоғида зиёлилар оиласида таваллуд топган. 1966 йили 20-сонли ўрта мактабни олтин медаль билан, 1971 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг механика-математика факультетини битирган.

   Н.Муқимов 1966-1971 йилларда университет талабаси, 1971-1987 йилларда Ўзбекистон фанлар академиясининг Кибернетика илмий тадқиқот институтида муҳандис, катта муҳандис, кичик илмий ходим, катта илмий ходим, лаборатория мудири вазифасини бажарувчи лавозимларида фаолият кўрсатган.

   Н.Муқимовнинг илмий ишлари кўп қатламли ер ости пластларидаги  ноньютон суюқликлар ҳаракатини математик моделлаштириш ва уларни ечиш алгоритмларини қуриш, алгоритмик тилларда дастурларини тузиб, электрон ҳисоблаш машиналарида ечимларини олиш ҳамда натижаларни бевосита ишлаб чиқариш объектларида қўллаш ишларига бағишланган.

   Унинг дастурлари ҳозирги кунда Европанинг аксарият мамлакатларини газ билан таъминлаб турган Россиянинг сибирдаги “Медьвежье” деб номланувчи улкан газ ҳавзасининг газ ҳажмларини аниқлаштириш жараёнларида фойдаланилган

   Илмий ишлар натижалари бўйича Н.Муқимов 1982 йилда Новосибирск шаҳридаги “Механика ва гидромеханика” илмий тадқиқот институтининг Илмий кенгашида фан номзоди – кандидатлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган.

   Н.Муқимов илмий изланишлар билан бир қаторда, педагогик фаолиятини ўриндошлик асосида Тошкент автомобиль йўллар институтида олиб борган ва  1988 йилда танлов асосида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Олий математика кафедрасига ишга ўтган. У ўзининг илмий услубий ишларини ўқув жараёнига қўллашдаги хизматлари асосида 1993 йили Олий аттестация комиссияси томонидан унга “Доцент” илмий унвони берилган.

   Н.Муқимов 1995-1998 йиллари Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг “Амалий математика ва информатика” кафедраси мудири лавозимида ишлаган ва 1998 йилнинг 7 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  Давлат тест марказининг “Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш” бошқармасига бош эксперт лавозимига суҳбат асосида ишга қабул қилинган ва 65 ёшга тўлгунча, яъни 1998-2013 йилларда 20 га яқин олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни аттестациядан ўтказиш ишларида аттестация комиссияларига раҳбарлик қилган.

   Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказига Н.Муқимов 2013 йилнинг июнь ойидан марказнинг “Мониторинг” бўлими бошлиғи лавозимига ишга қабул қилинди.

   У бўлимга юклатилган вазифалардан ташқари раҳбарият топшириғига мувофиқ 70 та республика ва 7 та хорижий олий таълим муассасаларининг ўқув жараёни, маънавий - маърифий ишлари ҳамда моддий - техник базасига оид 200 дан ортиқ индикаторларни (кўрсаткичларни) ўз ичига олган 25 босма табоқдан иборат “Олий таълим муассасалари статистик тўпламлари”ни 2013-2015 йилларда умумлаштириб, ҳар йили 500 нусхадан чоп этилишига ва вазирлик, барча олий таълим муассасалари ва филиалларга ўрнатилган тартибда тарқатилишида фаол иштирок этди.

   Статистик тўпламлардаги маълумотлар асосида Н.Муқимов 10 га яқин мақола тайёрлаб, республика миқёсидаги конференцияларда иштирок этди ва натижалари илмий тўпламларда чоп этилди.

   Н.Муқимов 73 ёшга тўлишига қарамай моҳир педагог сифатида ўзининг назарий, услубий ва сиёсий билимини ошириб келмоқда ва ёшларни ватанни севишга, билимларини узлуксиз такомиллаштиришларига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.