ШАҲАР ХОКИМИНИНГ ВАЗИРГА МАКТУБИ...

Yangiliklar

Янги тайинланган вазирнинг дастлабки қадамларидан Олий таълимда катта ўзгаришлар бўлишини сезиш қийин эмас. Халқни қабул қилса, оддий одамларнинг талабларига ижобий ёндошиб, муаммоларни ечишга интилса, «популист» бўладими? «Популист» деб ҳеч нарсада йўқ, бўлар бўлмасга айб қидирадиган, тортишадиган одамларни айтиш мумкин. Кутинг, тилла раҳбар бўлиш қийин, унинг учун тилла авом бўлиши керак. Аммо интилиш қадрланиши лозим.

Вазирнинг қўлида минглаб раҳбарлар бор. Улар кечаги мажлисда танқидий руҳда қўйилган масалалар, муаммолар ечимини 30 фоиз бажара олсалар, нур устига нур бўлар эди. Абдуқодир Тошқулов давлатимиз белгилаган ислоҳатларни амалга оширишга қаттиқ бел боғлаган. Камина катта ўзгаришларнинг эпкинларини сеза бошладим. Фақат илтимос, ёш, эндигина иш бошлаган раҳбарларни душман кўриш ўрнига, уларга амалий ёрдам берайлик. Улар ҳам шу халқ фарзандлари, ўзимизнинг  болаларимиз. Навоийнинг бугунги авлодларидир. Мен энди 70 ёшимда норози бўлиб юришга вақтим кам. Мен ёрдам бериш учун, Ватаним авлодлари билимли, кашфиётчи, яратувчи , бунёдкор бўлишларига кўмак берсам, ўзимни бир оз яхши хис этаман. Омад Янги вазирга! Ҳалқимиз хайрли ишларни кутмоқда.

Қизлар масаласига келсак, шаҳар хокими, ана шундай жараёнлар дизайни билан шуғулланадиган мутахассислар тайёрлашга ҳар томонлама ёрдам берсалар, яхши бўлар эди. Фақат қизлар эмас, йигит-қизлардан иборат кўргазмалар, танловлар, байрамлар, тадбирлар, бизнес, маркетинг, мавзули кечалар, рекламалар, экскурсиячи, эксперт мутахассисларни тайёрловчи, нотиқ, таржимон, миллий қадрият ва урф одатларни мукаммал ўрганган, умуман  тадбирларга кўмаклашувчи  дизайнер-фаолиятшунос мутахассислар, демоқчиман. Шаҳар хокими шогирдларининг ҳам хусусий университети бор, чоғимда. Умуман мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари учун юқорида тилга олинган касбий йўналишларни тавсия этган бўлар эдик. Мамлакатимизда ўтказилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳатлар, жамиятимиз, умуман узлуксиз таълим олдига замонга мос, янги-янги касбий йўналишларни, билим ва технологияларни тадбиқ этишдек масалаларни қўймоқда.

 Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим.

“Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н ида: “Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб “Ипак йўли” туризм халқаро университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро ва Термиз давлат университетларида “зиёрат туризми”, “транспорт логистикаси” ва “ижодий саноат” (creative industry) магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин”, деб белгиланди. Бу вазифалар олинаётган одимлар салмоғидан дарак бериб турибди.

Ана шундай иқтидорли ёшларни топа билиш, уларга замонавий касблар ўргатиш, маҳоратини ривожлантириш, муносиб иш жойлари ва маош билан таъминлаш, эзгу ишлар саналади. Шаҳар хокимининг  Вазирга мактуби ортидан ўнлаб, юзлаб касбий йўналишлар пайдо бўлиши, минглаб ёшлар иш билан таъминланиши, Ватанимиз обод бўлиши каби ниятлар дарров ҳаёлимизга келди. Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази олдига ҳам ечилиши зарур бўлган, илмий жиҳатдан меъёрлари ишлаб чиқиладиган масалаларни кўндаланг қилиб қўйди.

Ҳориждан  ташриф буюрувчиларни кутиб олиш ҳизматлари, дунёдаги барча ривожланган мамлакатлар сервисининг асосини ташкил этади. Чунки бу касб эгалари мамлакат тимсоллари саналадилар. Бутун мамлакатимиз миқёсида бу ишлар кўламини ҳисоб китоб қилиб кўрингчи, юз минглаб ёшлар энг замонавий касб-корга, муносиб маошга эга бўлишади. Шу боис, шу масалада хат ёзиб ёрдам сўраган хокимга ҳам, унга тўғри ва адолатли жавоб айта олган Вазирга ҳам, ҳар икки томонни танқид қилган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига ҳам, бир журналист сифатида раҳмат айтмоқчиман. Энг муҳими, янги муаммо кўтарилди. Ҳеч ким “популист” деган номни олмаслиги учун астойдил ишга киришайлик, деб даъват қилгим келади.

Айтгандек, Наманган вилояти бу йил анъанавий 60 – гул байрамига тайёргарлик кўрмоқда. Демак бу йил юртимизга кўплаб меҳмонлар келиши кутиляпти. Ҳамкасбимиз Анвар Икромов гулчилар меҳнати ҳақида, уларнинг санъати ва азалий қадриятлари ҳақида яхши чиқиш қиляпти. Тарихий манбаларда ҳикоя қилинишича, Нодираи Даврон шарафига гулзор яратган шоир Фазли Намангоний, Қўқон хони Умархон амри билан “Муҳаббатнома”  китобини йиғиб, Туркия Султони Маҳмуд Иккинчига совға сифатида юбориш учун тайёрлаган эканлар. Китоб саҳифаларидаги ғазаллар Наманган гуллари тасвири билан безатилган. Аллоҳ рози бўлсин!

 

 Ўзбекистон санъат арбоби  Дадахон Ёқубов.