БИЗНИНГ АКБАРАЛИ АКА

Yangiliklar

Бизнинг Акбарали ака Умаров ажойиб инсон. У кишининг бошидан дўпписи ҳеч қачон тушмайди. Шу аёзли кунларда ҳам камдан-кам телпак кияди. Ўзлари Янгийўл шаҳрида истиқомат қилсаларда, иш жойлари Тошкентда, қўп йиллардан буён, ҳар куни бориб келиб фаолият кўрсатадилар. Яқинда давлатимиз берган имтиёзлар туфайли кредитга Равон автомашинаси олдилар. Аммо барибир аввалгидек, шаҳар транспорти қулайроқ, дейдилар.

Олий таълимда бундай мутахассислар жуда кам десак, ҳато қилмаган бўламиз. Ахир, уйланг! Бир умр фан билан шуғулланиш, таълим муассасалари фаолиятини илмий-амалий ташкил этиш осон иш эмас. Тўғри олимлар кўп, уларнинг асосий қисми аниқ бир йўналишда тадқиқотлар олиб боришади, ютуқларга эришади. Минглаб, юз минглаб мутахассисларни турли касбий ва илмий йўналишларга жалб этишни лойиҳалаштириш, уларни талаб этилаётган меъзонларга мослаштириш осон иш эмас, албатта. Энди қисқача, олимнинг ижодий ва илмий ҳаёт йўлига назар ташлаймиз.

Умаров Акбарали Абдулакимович 1959 йил 17 июнда Жиззах вилояти, Фориш тумани, Карл Маркс номли совхозда (ҳозирги М.Аролов номли ш/у) хизматчи оиласида туғилган. 5 нафар фарзанднинг отаси ва 13 нафар неваранинг буваси.

1966-1976 йилларда Жиззах вилояти, Фориш тумани халқ таълими бўлимига қарашли Абдулла Қаҳҳор номли 73-сонли умумий ўрта таълим мактабини “Олтин медал” билан тамомлаган. 1976-1981 йилларда Абу Райхон Беруний номли Тошкент политехника институтининг (ҳозирги Тошкент Давлат техника университети) механика-машинасозлик факультети талабаси бўлган.

1981-1984 йилларда Жиззах электромеханика техникумида умумтехника фанларидан ўқитувчилик қилган. 1984-1987 йилларда Ўрта Осиё қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва механизациялаш илмий-тадқиқот институтининг кундузги бўлим аспирантурасида ўқиган. 1988-1999 йиллар Ўрта Осиё қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва механизациялаш илмий-тадқиқот институтида илмий ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим ва бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Фан, техника ва ишлаб чиқариш соҳасида эришган муваффақиятлари учун 1989 йилда собиқ бутун иттифоқ Ленин комсомоли мукофоти совриндори, 1990 йилда собиқ Бутун иттифоқ ёш ихтирочилар ва рационализаторлар кўрик танлови ғолиби бўлиб, ушбу иттифоқ (ВОИР) мукофоти совриндори бўлган.

1993 йилда техника фанлари номзоди - илмий даражасини олган.

2004 йилдан шу пайтгача Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш Марказининг Давлат таълим стандартлари ва малака талабларини такомиллаштириш бўлимида бош мутахассис, бўлим бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи  ВА бошқа лавозимларида ишлаб келмоқда.

 

5 та илмий-услубий адабиётлар, 50 дан ортиқ илмий мақолалар чоп эттирган ва 12 та ихтиронинг муаллифлик гувоҳномасига эга.

Тўғри, кўпчилик алмаштирилмайдиган ходимлар йўқ, инсон бажарган ишни инсон бажаради, дейишади. Аммо Акбарали Умаров даб –дурустдан пенсияга чиқсада, уни  ишдан озод қила олмадик. Чунки, ёш мутахассислар йўлини йўқотган саёҳатчилардек, адашиб қолишди. Олий таълимда давлат стандартларини ишлаб чиқиш, уни ҳорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, бугунги иқтисодий талабларга мос келишини таъминлаш масаласида унинг маслаҳатларига муҳтожмиз. Бизнинг Акбарали ака  ана шундай олим, етук мутахассис, самимий ва оддий инсон. Унинг билими ва тажрибаси ёшларимизга жуда зарур. Омон бўлсинлар!