Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида

E'lonlar

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” Стратегиясига мувофиқ ҳамда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш ва уларни мамлакатимизда кенг қўллаш, рақамли маълумотлардан фойдаланиш имкониятини ва уларнинг юқори сифатини таъминлаш, ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. Қуйидагилар тасдиқлансин:

а) қуйидаги асосий устувор йўналишларни назарда тутувчи 2021-2022 йилларда сунъий интеллект технологияларини ўрганиш ва жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ:

сунъий интеллектни қўллашнинг асосий йўналишлари ва тамойилларини, шунингдек, яқин ва узоқ истиқболда ушбу соҳани комплекс шакллантириш учун шарт-шароитларни белгиловчи Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада, давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишда ягона талаблар, жавобгарлик, хавфсизлик ва шаффофликни белгиловчи норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш;

аҳоли манфаатлари йўлида давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш, шунингдек, маълумотларни қайта ишлашда давлат органларининг самарадорлигини ошириш учун сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш;

фойдали технологик ечимларни ишлаб чиқиш бўйича фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни ўтказиш ва уларни кейинчалик тижоратлаштиришни рағбатлантирувчи сунъий интеллект соҳасида инновацион ишланмаларнинг маҳаллий экотизимини яратиш;

сунъий интеллект технологияларини қўлловчи дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларига рақамли маълумотлардан фойдаланиш учун шароит яратиш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг тегишли маълумотларини тезкор рақамлаштиришни таъминлаш;

сунъий интеллект соҳасидаги илмий ишлар ва ишланмаларнинг инвестицион жозибадорлигини шакллантириш, шу жумладан, товарларнинг (иш ва хизматларнинг) ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш;

маҳаллий корхоналар ва мутахассисларнинг сунъий интеллект соҳасидаги ахборот ресурслари ва билимлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, шунингдек, зарур таълим муҳитини ривожлантириш;

қўшма халқаро тадқиқот фаолиятини амалга ошириш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, республикамизнинг нуфузли рейтинглар ва индексларда позициясини яхшилаш мақсадида сунъий интеллект ва уни қўллаш технологиялари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

б) қуйидаги устувор тармоқлар ва соҳаларда, шу жумладан, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларини жалб қилган ҳолда Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳалар рўйхати 2-иловага мувофиқ:

қишлоқ хўжалиги соҳасида: ерни масофадан зондлаш маълумотлари асосида тупроқ ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳолатини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси, шу жумладан, комбайнлар ишини мониторинг қилиш жараёнида сунъий интеллект технологияларини қўллаш – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзбеккосмос” агентлиги (Ж.Ходжаев, Қ.Юлдашев, Ш.Қодиров);

банк соҳасида: тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш самарадорлигини ошириш ва улар томонидан тартибга солиш талаблари (SubTech ва RegTech) бажарилишини соддалаштириш, шунингдек, банк хизматлари кўрсатиш сифатини таҳлил қилиш, фойдаланувчиларни масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) ва кредит таваккалчиликларини баҳолаш учун сунъий интеллект технологияларини қўллаш – Марказий банк, “Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ, АТ “Алоқабанк” (М.Нурмуратов, А.Мирсоатов, К.Ирисбекова);

молия соҳасида: бюджет харажатлари, пенсия, ижтимоий ва суғурта тўловлари, шунингдек, нафақа тўловларини таҳлил қилиш
ва самарадорлигини ошириш учун сунъий интеллект технологияларини қўллаш – Молия вазирлиги (Т.Ишметов);

солиқ соҳасида: юридик шахсларнинг солиқ тушумларини таҳлил қилиш, солиқ тўловларидаги тафовутларни аниқлашда сунъий интеллект технологияларини қўллаш – Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги (Ш.Кудбиев, Д.Султонов);

транспорт соҳасида: локомотивларни бошқариш жараёнида уларнинг ҳаракатини кузатиб бориш ва хавфли вазиятларда машинистларни огоҳлантиришда, жамоат транспорти ҳаракатини таҳлил қилиш ва уларнинг оптимал йўналишларини аниқлашда, шунингдек, автомобиль ҳаракатини ва транспортдаги тирбандликларни мониторинг қилишда сунъий интеллект технологияларини қўллаш – Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ, Ички ишлар вазирлиги (И.Маҳкамов, Х.Хасилов, А.Жўраев, А.Икрамов);

энергетика соҳасида: энергия ресурсларини ишлаб чиқариш ва уларнинг истеъмолини прогноз қилишда, технологик ускуналар ишини оптималлаштиришда сунъий интеллект технологияларини қўллаш – Энергетика вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ (А.Султанов, У.Мустафоев);

соғлиқни сақлаш соҳасида: инсон ўпкасининг компьютер томографияси таҳлили асосида пневмонияни аниқлаш ҳамда маммография таҳлили асосида кўкрак бези саратонига илк босқичда ташхис қўйиш учун сунъий интеллект технологияларини қўллаш – Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев, А.Азизов);

фармацевтика соҳасида: бозорнинг дори воситалари ва тиббий буюмларига бўлган эҳтиёжларини таҳлил қилиш ва прогнозлаштиришда сунъий интеллект технологияларини қўллаш – Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, “Дори-Дармон” АК, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (С.Кариев, У.Салихбаева, А.Азизов);

электрон ҳукумат соҳасида: электрон давлат ва молия хизматларини кўрсатишда фойдаланувчиларни масофадан туриб биометрик идентификациялаш (Face-ID) учун сунъий интеллект технологияларини қўллаш – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков).

2. Қуйидагиларга:

Инновацион ривожланиш вазирлигига (И.Абдурахмонов) сунъий интеллект соҳасида илмий-техник тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига (Ш.Садиков) сунъий интеллект асосидаги дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш учун технологик шароитларни яратиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон фармони билан ташкил қилинган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” Стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссиясига (А.Н.Арипов) (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштириш комиссияси) Дастурни ҳамда сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш ва қўллаш билан боғлиқ бошқа ташаббусларни комплекс мувофиқлаштириш юзасидан жавобгарлик юклансин.

3. Мувофиқлаштириш комиссияси (А.Н.Арипов) етакчи хорижий мутахассислар ва компанияларни жалб қилган ҳолда 2021 йил 1 декабрга қадар яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш учун киритсин.

4. Белгилансинки:

сунъий интеллект соҳасида илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни молиялаштириш Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан ушбу мақсадлар учун алоҳида очиладиган ҳисоб рақами орқали амалга оширилади;

сунъий интеллект технологияларини қўлловчи илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни мақсадли молиялаштириш Жамғарманинг маблағлари ҳисобидан Мувофиқлаштириш комиссияси ишчи органининг хулосасига кўра амалга оширилади;

Инновацион ривожланиш вазирлиги Мувофиқлаштириш комиссиясининг хулосасига кўра, давлат илмий дастурлари бўйича илмий лойиҳаларни молиялаштириш учун мўлжалланган Давлат бюджети маблағлари доирасида Жамғармага сунъий интеллект соҳасида илмий тадқиқот ва инновацион ишланмаларни ҳамда ушбу соҳани ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини молиялаштиришга маблағларни йўналтириш ҳуқуқига эга.

5. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Интеллектуал-дастурий тизимлар илмий-амалий маркази негизида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда – Институт) ташкил қилинсин.

Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” Стратегиясини ҳар томонлама амалга оширишга қаратилган илмий тадқиқотларни ташкил қилиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш;

сунъий интеллект соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни олиб бориш, рақамли технологияларни ривожлантиришнинг илмий экотизимини шакллантириш;

сунъий интеллект технологиялари асосида бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш бўйича инновацион маҳсулотларни ҳамда уларнинг моделлари, алгоритмлари ва дастурий таъминотини ишлаб чиқиш;

сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича етакчи хорижий инновацион ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш.

6. Белгилансинки:

Институт юридик шахс мақомига эга давлат илмий ташкилоти бўлиб, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Интеллектуал-дастурий тизимлар илмий-амалий марказининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

2021 йил 1 мартдан бошлаб Институтнинг жорий фаолияти, бино ва иншоотлардан фойдаланиш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш
(илмий ходимлардан ташқари) бўйича харажатларни молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Институт ходимларига Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади;

Давлат бюджетининг мазкур қарор доирасида Институт фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ харажатлари 2021 йилда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги учун ажратилган бюджет ажратмалари доирасида молиялаштирилади, 2022 йилдан эса Давлат бюджетининг харажатлар параметрларида белгиланган тартибда назарда тутилади.

7. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги марказий аппарати тузилмасида 15 та штат бирлигидан иборат бўлган Сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш департаменти тузилсин.

Белгилансинки:

департамент ходимлари сони мазкур қарорнинг 5-бандига мувофиқ қайта ташкил қилинаётган марказларнинг штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади;

департамент ишини умумий мувофиқлаштириш, уни малакали кадрлар билан тўлдириш Бош вазир маслаҳатчиси – Вазирлар Маҳкамасининг IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи томонидан амалга оширилади.

8. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, давлат органлари, тижорат банклари ва йирик саноат корхоналарининг Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича қўшма альянсни 3-иловага мувофиқ таркибда ташкил қилиш бўйича таклифи маъқуллансин.

Белгилансинки:

Қўшма альянс сунъий интеллект технологияларини иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада, давлат бошқаруви тизимида жорий қилиш бўйича устувор лойиҳаларни жадал ва биргаликда амалга ошириш, уларни ишлаб чиқиш харажатларини оптималлаштириш, ушбу соҳадаги энг яхши тажрибаларни давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида оммалаштириш мақсадида ташкил қилинади;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қўшма альянснинг ишчи органи ҳисобланади.

9. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси 2021 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар портали фаолияти доирасида маҳаллий илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги дастурчилар ва ташкилотларга сунъий интеллект асосидаги дастурий таъминотда фойдаланиш учун давлат ва бошқа маълумотлар тўпламларини олиш имкониятини тақдим этувчи рақамли маълумотлар платформасини яратсин.

10. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Марказий банк идоралараро ишчи гуруҳини ташкил қилсин ва энг яхши хорижий тажрибалар асосида 2021 йил 1 июнга қадар Вазирлар Маҳкамасига экспериментал инновацион тадқиқотлар доирасида сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий қилишнинг аниқ механизмлари тўғрисида, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларни киритсин:

тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини сунъий интеллект технологияси асосида трансформация қилишни молиялаштиришга кўмаклашиш дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини сунъий интеллект технологияси асосида трансформация қилиш натижасида иш жойларини сақлаб қолиш мақсадида ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга кетган сарф-харажатларни субсидиялаш дастурини ишлаб чиқиш;

тадбиркорлик субъектлари учун сунъий интеллект ечимларини ишлаб чиқиш ва ўз фаолиятида жорий қилиш бўйича тадқиқотлар
ва ишланмаларни (R&D) рағбатлантирувчи чоралар кўриш.

11. Мувофиқлаштириш комиссиянинг 2021 йилда сунъий интеллект соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш учун очиқ шаклда тақдим этиладиган давлат маълумотларини яратиладиган платформада 4-иловага мувофиқ рўйхат бўйича жойлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Сунъий интеллект учун давлат маълумотларини шакллантиришга масъул тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ўзига тааллуқли қисмларда маълумотларни ўз вақтида жойлаштириш, шунингдек, уларнинг тўлиқлиги, долзарблиги ҳамда ишончлилиги юзасидан шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси сунъий интеллект технологиялари асосида қайта ишлаш учун тақдим этиладиган рақамли давлат маълумотлари тўпламларига кириш имкониятини ташкил қилиш ҳамда уларнинг сифати устидан тизимли назоратни таъминласин.

12. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотлар соҳасидаги халқаро стандартларни Ўзбекистон Республикаси давлат стандартлари сифатида қабул қилиш бўйича ишлар жадвалини тасдиқласин.

13. Қуйидагилар:

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб грант асосида “Сунъий интеллект” йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш босқичма-босқич бошланадиган олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар рўйхати 5-иловага мувофиқ;

Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект технологияларини амалий қўллаш бўйича ўқув курслари ва фанларини жорий қилиш кўзда тутилган олий таълим муассасалари рўйхати 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб
5 ва 6-иловаларда кўрсатилган ҳар бир олий таълим муассасасига камида бир нафар етакчи хорижий эксперт ва олимни сунъий интеллект ва уни қўллаш технологиялари соҳасида ўқитишда иштирок этиш учун жалб қилсин.

Белгилансинки, хорижий экспертлар ва олимларни олий таълим муассасаларига жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.

14. Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги 2021 йилдан бошлаб сунъий интеллект соҳасида стажёр-тадқиқотчилар ҳамда таянч докторантурада таҳсил олиш учун ҳар йили 5 кишилик квотани мақсадли ажратишни кўзда тутсин.

15. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект” докторантура ихтисослигини ташкил қилишни кўзда тутсин.

16. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, АТ “Алоқабанк”, “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ томонидан “Сбер” гуруҳи (Россия) билан биргаликда сунъий интеллект технологияларини татбиқ қилиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ишлари олиб борилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Бош вазир маслаҳатчиси О.М.Умаров, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков, О.Пекось), Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдурахмонов, А.Назаров), АТ “Алоқабанк” (К.Ирисбекова), “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ (А.Мирсоатов) иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари эҳтиёжларидан келиб чиқиб, “Сбер” гуруҳи (Россия) билан хорижий илғор тажриба ҳамда энг яхши тажрибалар асосида сунъий интеллект технологиялари ва бошқа дастурий маҳсулотларни жорий этиш масалалари бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш чораларини кўрсин,
шу жумладан:

бир ой муддатда пилот лойиҳаларини тезкорлик билан ва самарали амалга ошириш, маҳаллий мутахассисларни ўқитишни ташкил қилиш, шунингдек, мазкур қарорда белгилаб берилган бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича биргаликда “йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

сунъий интеллектни ривожлантириш ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида, шунингдек, ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий базани тайёрлашда маслаҳатчи сифатида қатнашиш учун “Сбер” гуруҳининг (Россия) етакчи мутахассислари ва экспертлари жалб қилинишини таъминласин.

17. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида чиқишлар ва тематик телекўрсатувлар ташкил қилсин.

18. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахмонов ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М.Садиковлар зиммасига мазкур қарорнинг бажарилишини самарали ташкил қилиш бўйича шахсий масъулият юклатилсин.

Мазкур қарорнинг 2, 3 ва 4-иловаларида кўрсатилган вазирлик, идора ва ташкилотлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилган ҳолда йигирма кун муддатда юклатилган вазифаларни амалга ошириш бўйича “манзилли йўл хариталари” (чора-тадбирлар дастурлари)ни тасдиқласин.

Мувофиқлаштириш комиссияси (А.Н.Арипов) мазкур қарорнинг бажарилишини ҳар чоракда муҳокама қилиш, масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилишни таъминласин.

20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Р.А.Гулямов, А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 17 февраль