ВАТАН БУ…

E'lonlar

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеърларини ҳаммамиз севиб мутолаа қиламиз. Мамлакатимизда ўтказилаётган “Китобхонлик кунлари” тадбирларида шоирнинг китоблари қўлма-қўл бўлиб кетди. Шеърият муҳлислари сўз устасининг кўп асарларини ёддан билар эканлар. Яна бир воқеа. Муҳаммад Юсуфнинг кенжа қизи Мадина бўлиб ўтаётган тадбирларда ўз ижод намуналари билан қатнашяпти. Олманинг остига олма тўкилади, деганларидек, ана шу ижод дарёларидан сув ичган қизимиз, ҳароратли сатрлар битмоқда.

 Мадина Юсупова 1985 йил 12 августда Тошкент шаҳрида туғилган.Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз ва француз тили филологияси факультетини тугатган.  Иш фаолиятини Шарқшунослик институтида бошлаган.

 Бугунги кунда у “Invest Finance Bank” акциядорлик тижорат банки таъсисчи ёрдамчиси вазифасида ишламоқда.

 Сизнинг эътиборингизга Мадина Юсупованинг янги шеърларидан ҳавола қиламиз.

 

ВАТАН БУ…

 

Ўзбек деганида ўзликни кўрдим,

 Саҳийлик, халол ризқ-рўзликни кўрдим,

 Темурдек муаззам сўзликни кўрдим,

 Оналари алплар туққан Ватан бу.

 

 Остонаси улуғ меҳробидайин,

 Чўп қадасанг мева бермоғи тайин,

 Дунёда кўрк очар, кундан кун сайин,

 Мозийдан буюклик юққан Ватан бу.

 

 Дўст учун аямас жону жаҳонин,

 Каъбадай авайлаб кўнгил маконин.

 Меҳрин қўшиб тутар, бир парча нонин,

 Юздан ортиқ элат сиққан Ватан бу.

 

 Усмон Носири бор, кўкси қалқони,

 Шу эл деб томирда кўпирган қони.

 Бирдамлиги кўзин очган дунёни,

 Балоларни енгиб чиққан Ватан бу. 

 

 Дунёни титратмиш муштин зарблари,

 Ватан деб ғурурга тўлмиш қалблари.

 Юлдузни бенарвон урмиш алплари,

 Улуғбеги кўкдан боққан Ватан бу.

 

 Яссавий ҳикмати кўнгил маёғи,

 Гул очиб, барг ёзмиш суққан таёғи,

 Бир томони водий, воҳаа бир ёғи,

 Ариқларда шарбат оққан Ватан бу.

 

 Уруғ қадаб кузда зардан тоғ уйган,

 Меҳнат қилиб сурур, лаззатин туйган.

 Бир элдир, меҳмондўст, суйганни суйган,

 Кўксига юлдузлар, таққан Ватан бу.

 

АЁЛНИ…

 

Сочига тунларни яшириб ўтса,

Ожиз кўнглин дардга ошириб ўтса.

Қисмат хаёлини шошириб ўтса,

Аёлни…

 

Қалбига тош бўлиб ботар таъналар,

Бўғзига қўл чўзиб турар таъмалар.

Ҳар кунида бўлар минг хил нағмалар,

Аёлни…

 

Бахт дея интилса саробга дўнса,

Ҳаёт силталаса, жимгина кўнса.

Сочига армонлар қировдай қўнса,

Аёлни…

 

Югуриб, югуриб етгани алам,

Ёр дея, бахт дея, кутгани алам.

Қисматнинг бол дея тутгани алам,

Аёлни…

 

Ойга термулгани, ориданмикин,

Сувларга оққани зориданмикин,

Кутиб етмагани…

Ёриданмикин,

Аёлни…

 

Йилларнинг изи бор, ол ёноғида,

Адашар,

Ғам ютган кун саноғида,

Аллоҳ бандам дегин, кетар чоғида…

Аёлни…

 

 

 АЙТ…

Ям-яшил хисларга чулғанар дунё,

Сенинг нигоҳингда чўғланар дунё.

Мен сенга келдимми, сендамидим ё,

Бир нурдай кўзимга қўнармисан айт?!

 

Кўзингнинг оловранг соҳилларида,

Умримнинг аввалу охирларида,

Сўзларимнинг зеби, соҳирларида,

Бир ўзинг борлигинг билармисан айт?!

 

Бир ўзинг борлигинг билармисан айт

Мендан олов сўзни тилармисан айт,

Ёзсам ёзаверсам дунёга сиғмай..

Ва ёнсам, ёнмоққа кўнармисан айт?!

 

Дунёнинг борича. Ишқнинг борича,

Соғинч деб аталган хиснинг борича,

Нигоҳингдан қолган изнинг борича,

Бир менинг кўксимда тунармисан айт?!

 

ОТА...

Кузак келди, сориғ тортди япроқлар,

Дунёни бир ажиб сирлар сўроқлар.

Кўнглимни куйдириб ўтар фироқлар,

Дийдор қиёматга қолдими, ОТА!?

 

Яшаш хиёнатми омонат жонга,

Умрингни уласа сўнгсиз армонга.

Бир савол ўрмалаб киради қонга,

Дийдор қиёматга қолдими, ОТА!?

 

Қанотсиз қушдайин мен ҳоли забун,

Сизга маҳталлигим ортар кунма кун.

Ҳар икки дунёнинг соғинчи учун

Дийдор қиёматга қолдими, ОТА!?

 

                                  Мадина Юсупова