АКАДЕМИК МАЛИК НАБИЕВНИНГ РЕТРО ДИЗАЙНИ

E'lonlar

(Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг ранг-тасвир қиёфаси яратилиши тарихидан ).

Ретро услуби (лотинча “”retro” – “орқага, ўтмишга мурожаат” деган маънони беради) кўп ҳолларда замонавий дизайн санъаткорлари томонидан фото-art, яъни фото-портретлар яратиш маъносида келади. Олим ва мутахассислар эса ўтмишдаги нарсалар олами муҳитига, эски нарсаларга нисбатан ишлатилади. Лекин рангтасвир соҳиблари монументаль санъатга, фундаменталь фанларга, тарихий воқеа ва ҳодисаларни акс эттиришга, тарихий шахслар образини яратишга сафарбар қиладилар. Бунда обстрактлик йўқолиб, реализм бўртиб чиқади. Ҳаётий воқеалар қайта “жонланади”, тикланади.

Тасвирий санъатга хос хусусиятларнинг барчасини қўллаш баробарида дизайнга хос унсурлардан фойдаланган ҳода ижодкор томонидан ўтмиш воқеаларини акс эттириш, портрет картиналарни яратиш ўта катта масъулият талаб қилади.

Минглаб рассомлар бу санъат турида ижод қилганлар. Улар яратган портретлар замонлар оша бизгача етиб келган. Аммо тарихий манбалар ёрдамида буюк тарихий шахслар образни яратиш жуда камдан-кам ижодкорларга насиб этган. Рафаэльнинг “Афина мактаби” тирихи билан танишар эканмиз, буюк рассом ўз идеалларини тасвирга сингдирганлигини биламиз, шу тариқа у антик давр руҳиятини кўз олдимизда жонлантирган.

Третьяков галереясида сақланаётган рус тасвирий санъати усталари В.И.Суриков, И.Е.Репин, К.П.Брюллов, В.М.Васнецов, В.В.Верешагин асарларида рус халқи тарихи билан боғлиқ улкан аҳамиятга молик воқеалар картиналарда акс этганини кўрамиз.

И.Е.Репиннинг (1849-1930) “Малика Софье” ва “Иван Грозний ва унинг ўғли – 16 ноябрь 1581 йилда” асарларида реал тарихий воқеаларни акс эттирган эди.

В.И.Суриков (1848-1916) тарихий жанрда ўтмишдаги халқ ҳаракатлари акс эттирган “Сибирнинг забт этилиши”, “Суворовнинг Альп тоғларидан ўтиши” ва “Степан Розин” каби картиналари ана шулар жумласидан.

Ўзбекистон халқ рассоми, академик Малик Набиев (1916-2008) ҳам шундай портерт жанрида ижод қилган улуғ ижодкорлардан бири эди. “Унинг Спитамен қўзғалони”, “Беруний”, “Тамарахоним” ва бошқа асарларида халқимиз тарихи саҳифалари, унинг атоқли фарзандлари образлари кўз олдимизда намоён бўлади.

Абу Райҳон Беруний чеҳрасига назар ташласангиз, ундаги қатъий ва ўйчан нигоҳ, ўз фикри ва мақсадлари сари иккиланмай олға юриш, билим ва яратувчиликка чанқоқликни сезасиз.

Қалам ушлаган қўллари алоҳида бўрттириб тасвирланган. Либосларда ўша замонга хос бичимлар, чакмон хошияси, ички ва ташқи либос, ёзув курсиси, қалпоқ ва салла, умуман, ижодкорнинг ўша замонга хос тасаввурлари намоён бўлган. Асарда нарсалар олами муҳити ўша замонларга хос тикланганлигини кўрамиз. Асар нафақат эстетик, балки тарихий функцияни ҳам бажармоқда. Бундан ташқари, ўша замон ҳақидаги билимларимизни мукаммаллашувига ҳам ҳисса қўшаяпти.

М.Набиев 1937 йили Тошкент бадиий билим юртини битиргач, уни шу ернинг ўзида олиб қолишади. У расссомчилик ва рангтасвирдан дарс бера бошлайди. Шу пайтларда у “Муштум” журналига боради. Бу ерда ёш Малик Абдулла Қодирий билан учрашади. Кейинчалик унча катта бўлмаган  “Абдулла Қодирий” портертини яратади. Ўша ўйчанлигу, ўша жиддий боқишлар асарга кўчади. Ижодкор ўз хаёлида сақлаб қолган қиёфани тасвирлаган эди. 1939 йилда уни Петербургдаги И.Репин номли Бадиий академига тажриба орттиргани юборадилар. У рангшунослик ва тарнгтасвир  билан ишлаш технологияларини, Рембрандт, Тициан, Рафаэль, Леонардо до Винчи ва бошқа рассомлар асарларини чуқур ўрганади.

1957 йилда Низомий нгомидаги Тошкент давлат педагогика институти Бадиий графика факультетига кириб ўқийди ва уни 1962 йил тамомлайди. У институтнинг 1963-1988 йилларга қадар Рангртасвир ва Қаламтасвир кафедраси мудири, профессор лавозимларида ишлади. Профессор ўзининг илм тажрибалари кенг ёритилган бир қатор дарсликлар ҳам ёзади. “Расм чизишни ўргатиш. 1-4 синфларда ўқитувчилар учун қўлланма” (1971), “Натурадан расм ишлаш” (1973), “Рангшунослик ва рангтасвир усул-услублари” (1995) каби дасрликлари ана шулар жумласидандир.

Дунё санъат олими мутахассислари акадмик М.Набиевнинг икки асарини шоҳ асар сифатида тилга оладилар. “Абу Райҳон Беруний” 1972 ва “Амир Темур портрети” 1993 йил ана шулар жумласидандир (“Амир Темур портрети”).

Амир Темур тарихий китобларда Барлос беклари уруғидан дейилади. Академик мусаввир Малик Набиев ҳар сафар: “Барлос дегани қўрқмас, ўтюрак, довюрак, ҳеч нарсадан қайтмас, забардас маъноларини беради. Барлос асл ўзбек турк уруғидир”, деб гапирар эди. Мусаввирнинг бир қанча Амир Темур портретлари орасида соҳибқирон қиёфасининг давлат танлов ҳайъати томонидан яхши намуна сифатида қабул қилинган саркардалик либосидаги портрети ва ушбу асарнинг тўлақонли ниҳоясига етказилиши ҳам мамлакатимиз ҳаётидаги тарихий воқеалардан бири сифатида тилга олинади.

1938 йилда Ўзбекистон рассомларининг съезди бўлиб ўтади. Рассомлик техникумини битирган 11 қалдирғоч ҳам ижодий уюшмага аъзо бўлиб киради. Улар орасида ёш Малик Набиев ҳам бор эди.

1938 йили “Мособлпроект”нинг архитектор А.Кузнецов раҳбарлигидаги гуруҳи Тошкент шаҳрини реконструкция қилиш юзасидан иш бошлаган эди. Унинг муҳокамасида ҳам ёш рассом иштирок этди. Урушдан олдинги йилларда Тошкент шаҳрида бир қанча маъмурий бинолар қурилди. Улар монументаль ҳайкаллар билан безатилди. 1937 йилда Тўқимачилар маданият саройи (архитектор В.Скориянков), ҳайкалларни классик услубда (ҳайкалторош Г.Массонц), фақат номигагина услублаштирганлиги боис Пойафзалчилар саройидаги О.Коржинскаянинг “Фаввора ёнидаги рақс” композициясини қабул қилишмади. Аммо у Тошкент давлат педагогика институти биноси (архитекторлар А. ва Е.Жмуйда) фасадидаги ҳайкали анча муваффақиятли чиққан эди. Бу интерьер лойиҳаси тасдиқлангандан сўнг 1939 йилда топширилди.

Шу даврда А.Навоийнинг 500 йиллиги тўйига тайёргарлиги бошланиб кетди. Навоий қўмитаси тузилади. Ҳоди  Зариф қўмитада котиб эди. У М.Набиевни шу ерга таклиф этади. Ҳукмат қарорига кўра, соҳибқирон Амир Темур, Улуғбек ва улуғ малика Бибихоним қабрлари очилиб кўрилиши керак эди. Ҳукумат комиссиясида Садриддин Айний, Ҳамид Олимжон, Малик Қаюмов сингари маданият арбоблари бор эди. Москвадан ҳайкалторош М.Герасимовни таклиф этишди. 1941 йил 16-24 июнь кунлари Амир Темур, Улуғбек, Бибихоним қабрлари очилиб, уч тобут ташқарига чиқарилди. Жасадлар Тошкентга олиб келинади. Ана шу ерда М.Набиев Буюк соҳибқирон руҳи билан учрашгандек бўлади. У Герасимов қўлида соҳибқироннниг бош чаноғини кўради. У анчагача ўзига келолмай юради. Амир Темурнинг бўйи 175-180 сантиметр атрофида эканини М.Герасимовдан эшитади. Август ойининг бошларида М.Герасимов яратган бюст муҳокамага қўйилади. Герасимов тасвиридаги жаҳонгирнинг яноқлари туртиб чиққан, юзи тунд, нигоҳи совуқ, ғазабнок эди. Бахс-мунозара авжга чиқди. Машҳур қадимшунос олим Яҳё Ғуломов Темур қиёфаси бузиб тасвирланганлигини таъкидлади. У пайтда Герасимовга ўхшаганларнинг Амир Темурга муносабати маълум эди. Шунинг учун Яҳё аканинг товуши диёнатнинг ожиз нидосидек бўлиб қолаверди.

 

 Герасимов ҳам, Тошкент шаҳрида турли-туман обстракт ҳайкалларни қураётган ҳайкалторошлар ҳам кўнгилларга соя солиб кетишди. Ёш Малик қалбида янги ва яхши ният куртак очди: “Мен соҳибқирон сиймосини қайта яратаман! У худди ўзига ўхшаган бўлади”, деб онд ичди ҳамда соҳибқирон қиёфасини чизишни давом эттириб яшади. Орадан салкам ярим аср ўтди. Ниҳоят, ютимизда ҳуррият шабадалари эсиб, мўйқалам соҳибларига ҳам ижод эрки етди. У ҳар сафар ишга – Педагогика институтига келганида, уни кутиб оладиган ҳайкаллар ўзининг мавҳумлиги билан дилни ғашлар эди. Мустақиллик туфайли институт майдонига “Фрунзе” ҳайкали олиб ташланди. Миллий боғ ташкил этилиб, унга ҳазрати Навоий ташриф буюрди. Малик ака кечаю кундуз Амир Темур сиймосини яратиш ила банд бўлди. Юрса ҳам, турса ҳам ибн Арабшоҳнинг Амир Темурга берган ёзма таърифи қулоғидан кетмас эди. У барча тарихий воқеларни ўз ижодий услуби билан чамалаб кўрди ва “тасаввурлар занжири” ёрдамида йиғилган маълумотларни синчиклаб ўрганди. Дунёдаги мусаввирларнинг бу соҳадаги ишлари билан танишди ва соҳибқирон портретини яратди. У қуйидагиларга эътибор берди: ибн Арабшоҳ таърифи:

  • “Темур узун бўйли;
  • тик қоматли;
  • пешонаси кенг;
  • калласи улуғ;
  • гавдаси бўлали;
  • ранги оҳу-қизил;
  • қўл-оёқлари бақувват;
  • елкадор;
  • почалари семиз;
  • овози йўғон киши эди”.

Амир Темур портретини 1993 йил соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан тузилган ҳукумат комиссиясига тақдим этди. Танловда республикамизнинг атоқли рассомлари иштирок этаётган эди. Ҳайъат кўпчилик овоз билан Малик Набиевнинг портретини маъқуллади.

Баъзи бир миниатюра асарларни ҳисобга олмаганда, ўз вақтида Амир Темурнинг портрет сурати чизилмаган, лекин ушбу минатюралар буюк Амир Темурнинг бетакрор шахсиятини ҳар томонлама тўлиқ ва ҳаққоний акс эттира олмаслигини тушуниш қийин эмас. Ҳайъат бу ишнинг тарих ва келажак олдидаги масъулиятини ҳар томонлама чурқур ҳис этиб, турли манбаларда қайд этилган ишончли, тарихий далилларга таянган ҳола иш тутди. Ана шу талаблардан келиб чиқиб, аввало, Амир Тумур портретининг бир неча ҳомаки варианти тайёрланди, ана шундай муҳокамалардан ўтган вариант устида фикр алмашилди. Унда Амир Темур тахтда, шоҳона либосларда қўлларини қилич устига қўйиб, ўйчан бир қиёфада ўтирар эди. Умрининг кўп қисмини ҳарбий юриш ва сафарларда, эл-юрт ташвишида ўтган инсон қўллари, бармоқлари, гавдаси қандай бўлиши, юз-кўзлари қандай маъно англатиши зарурлиги ҳақида ҳайъат  аъзолари  ўзларининг қимматли фикрларини айтишди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон халқ рассоми Малик Набиев ана шу фикрлар асосида портретни қайт ишлади ва бутунлай бошқа сиймо – бугунги кунда соҳибқироннинг мумтоз қиёфаси пайдо бўлди (музейдаги А.Темур картинаси фото)”. Мақола муносабати билан кўрсатилган  Академик Малик Набиевнинг асарлари фотонусҳаси ва бошқа маълумотларни унинг ўғли Ҳусан Набиев бажонидил муаллифга тақдим этди.

М.Набиев яратган соҳибқирон портрети – образи, келгусида яратиладиган барча санъат асарларига (рангтасвир, ҳайкалторошлик ва бошқалар) асос сифатида қабул қилинди. Шу боис, буюк Амир Темур сиймосини ва шу асарни яратган М.Набиев фаолиятини биз ретро портрет дизайн услуби дея баҳоладик. Мустақил ватанимиз ҳудудларида яратиладиган барча санъат ва меъморчилик асарлари тархи – дастлабки бадиий лойиҳаси сифатида,бу юксак бадиий тарихий асар замонавий дизайннинг олий қадрияти ҳисобланади. Академик Малик Набиевнинг ретро дизайни Мустақил Ватанимиз маънавий ва моддий оламининг бебаҳо намунасидир.

Ўзбекистон санъат арбоби Дадахон ЁҚУБОВ.