ҲАМКАСБИМ, ПЕДАГОГИКА ФАНЛАРИ ДОКТОРИ МАМАРАЖАБ ТОЖИЕВГА МАКТУБ

E'lonlar

 

Ассалому алайкум, азиз дўстим Мамаражаб ака! Энг аввало Сизни таваллуд айёмингиз билан чин дилдан қутлашга ижозат берсангиз.

Бу қутлов замирида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази жамоаси, раҳбарияти, устоз ва шогирдларнинг мен орқали Сизга билдирган эзгу ниятлари мужассам. Сизга сиҳат саломатлик, оилавий бахт, бола-чақаларингизнинг орзу ҳавасини кўриб, узоқ йиллар соғ саломат юришингизни, жамоат арбоби, олим, педагог сифатида Мамлакатимиз тараққиётига ўз кашфиётларингиз, билимингиз ва катта тажрибангиз билан ҳисса қўшишингизни тилаймиз.

Сизнинг педагогика  фанлари соҳасида қўлга киритган муваффақиятларингиз асосини ҳаётингиз давомида тинмай қилинган изланишлар, илмий ва амалий фаолиятингиз ташкил этар экан. Демак, Сиз уни ёшликданоқ лойиҳалаштиргансиз, аниқроғи аниқ режа ва дастур билан иш олиб боргансиз.

Бу лойиҳалаш фанининг олдиндан кутиладиган натижаларини башорат қилиш услубидан ҳам кўриниб турибди, уларга назар ташлайман: “М.Тожиев 1956 йил 14 апрелда Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Қамай қишлоғида зиёлилар оиласида таваллуд топган. 1973 йили 21-сонли мактабни, 1977 йили Хоразм давлат педагогика институти (ҳозирги Урганч давлат университети)нинг Математика-иқтисодиёт факультетини битирган. 1977-1979 йилларда Қашқадарё вилояти Қамаши тумани 32-сонли мактабда ўқитувчи, 1979-1983 йиллари Қарши Давлат педагогика институти (ҳозирги Қарши давлат университети)да ўқитувчи лавозимида фаолият кўрсатган. У 1983-1986 йиллари Низомий номли Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Тошкент давлат педагогика университети)нинг аспирантурасида, 1993-1997 йиллари эса докторантурасида таҳсил олган.

М.Тожиев математика ўқитиш методикаси соҳасида муваффақият билан илмий изланишлар олиб бориб, 1991 йили Москва Давлат Педагогика Университетида 13.00.02 − “Математика ўқитиш методикаси” ихтисоси бўйича номзодлик, 1998 йилда Ўзбекистон Педагогика Фанлари илмий-тадқиқот институтида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган.

Педагогика фанлари доктори, Халқаро педагогика фанлари академиясининг мухбир аъзоси, Турон фанлар академиясининг академиги. Кейинги ўн-ўнбеш йил оралиғида 8 та монография, 3 та дарслик, 4 та ўқув қўлланма, 11 та ўқув ва илмий-услубий қўлланма, 4 та методик қўлланма, 2 та тавсиянома, 1 та Компьютер дастурий маҳсулоти, 33 та илмий мақола, шундан 2 та илмий мақола узоқ Европа мамлакатларида, 9 та МДҲ да нашр этилган. Мамаражаб Тожиев ўзининг илмий мактабига эга бўлиб, 20 яқин шогирдларнинг устози саналади”.

Биз узлуксиз таълимга тавсия этаётган “ФАОЛИЯТШУНОСЛИК” ўқув қўлланмаси икки қисмдан иборат булиб, биринчи қасми камина томонидан яратилиши кўзда тутилган. Унинг номи ва мавзуси “Ҳаётий жараёнларни лойиҳалаш”. Иккинчи қисми эса Сиз ва сиз раҳбарлигингиздаги муаллифлар жамоасининг қаламига мансуб бўлиб “Ўқув жараёнини лойиҳалаш” деб номланган. Ўқув жараёни деганда, ўқитувчи, ўқувчи-талаба, илмий изланиш, кашфиёт ва ихтиро яратишни ўргатиш ва ўрганиш назарда тутилади. 

Ўқув қўлланмада фаолиятшуносликнинг инновацион модели берилган бўлиб, баркамол ёш авлодни тарбиялашнинг методологик асоси, ўқитувчи ва таҳсил олувчи фаолиятини ташкил этишда замонавий педагогик технологияда миллий моделнинг ўрни ва аҳамияти, уни долзарблиги ва узлуксиз таълим тизимида фанларни лойиҳалаб ўқитишнинг замонавий концептуал асоси, модулли ўқитиш воситасида ўқув жараёнини лойиҳалаш ва кредит-модел системаси шароитида ўқитиш жараёнини ташкил этиш масалалари қаралган.

Ўқув қўлланма узлуксиз таълим тизимининг барча бўғинларида фаолият олиб бораётган ўқитувчи ва таҳсил олувчилар, илмий тадқиқотчилар ҳамда соҳа мутахассисларига таълим-тарбияни ривожлантириш ҳамда янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ҳамда ўқув-услубий ишланмаларни такомиллаштиришда методологик асос вазифасини ўтайди.

Ҳамда инсониятнинг илмий амалий фаолияти тарихи эвалюциясидан келиб чиққан ҳолда тамаддун тараққиёти босқичларини ўрганади. Ҳаётий ва ўқув жараёнларида лойиҳалаш маданиятини шаклланишига замин яратади. Бошқа барча фанлар ва касбий йўналишлар, умуман лойиҳалаш маданияти узвийлигини таъминлайди.

Ҳурматли устоз! Ўқув қўлланмасининг мавзулари ичида Фаолиятшуносликнинг фалсафий-аҳлоқий асослари деган мавзуси борлигини эслайсиз. Бугунги кунда юз берган коронавирус офатининг кучайиб кетишига, энг аввало лойиҳалашда, илмий кашфиётлар ва ихтиролар яратишда ахлоқий, инсоний қадриятларни унутган ҳолда, яъни барча соҳаларда фалсафий-аҳлоқий меъёрларга амал қилмаслик натижасида юз берганини яхши биласиз.

Шу боис, ҳам Фаолиятшуносликда, экология, нанатехнология, архитектура, геноинженерия, тиббиётдаги эҳтиётсизлик, санитария, эпидимология, потогенлар, вакциналар яратишда, дори дармонлар ишлаб чиқаришда, радиотўлқинлар, магнит майдонлари, биомухандислик, энергетика ва бошқа кимёвий йўналишларда, умуман замонавий ҳаётнинг номоддий объектлари ва ҳаётий жараёнларни лойиҳалашда ахлоқий меъёрларга амал қилмаслик оқибатлари алоҳида боб қилиб киритилган.

Короновирусларнинг минглаб турлари борлиги, уларнинг қайси тури одамзодга зарар келтириши мумкинлигини эмас, балки қайси турини кўпроқ зарарсизлаш ҳақида бош қотирилганида, соҳанинг табиий қоидаларига эҳтиёткорона ёндошилганида инсоният бундай вазиятнинг олдини олган бўлар эди. Бунинг учун табобат илмининг тарихий сабоқлари етарлича мавжуд.

Шу ўринда Фаолиятшунослик фани ўқув қўлланмасига бугунги кунларимизда тарих бўлиб қолаётган Мамлакатимиз СОVID-19 пандемиясига қарши олиб бораётган тиббий фаолиятининг ташкилий ва амалий жиҳатларини киритишни ҳам истар эдим.

Президент Шавкат Мирзиёев бу масала юзасидан бир неча фармон ва ҳужжатлар имзоладики, улар бу бало кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, хориждан қайтган фуқаролар ва беморлар билан мулоқатда бўлган одамларни карантинга олиш, бошқа гумандорлар билан боғлиқ уй карантини ҳамда иқтисод тармоқлари ва фуқароларнинг озиқ овқат, дори-дармон, гигиена ва ҳимоя воситалари билан таъминланиши, уларни ҳар тамонлама ижтимоий ҳимоясини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олади, провард натижани олдиндан белгилаб, унга томон ҳаракат дастурлари тузилган. Бу ҳодисани ўтган йили бошингиздан ўтказдингиз. Бу дард оқибатида сал кам икки ой даволанишга тўғри келди.Аввало худо, қолаверса шифокорларимизнинг ақл-заковати, яқинларингизнинг меҳри туфайли шифо топдингиз. Бунда албатта мамлакатимизда коронавирусга қарши ташкил этилган тиббий ишларнинг самарасини ҳам барчамиз хис этдик

 Фаолиятшунослик бўйича педагогик билимлар инсон ҳаёти ва фаолиятини тўғри ташкил этиш омили эканини тававвур этдик. Ундаги барча жиҳатлар, кутилмаган вазиятлар, бошқа ҳодисалар инобатга олинган ҳолда лойиҳалаштирилади. Фаолиятшунослик фанининг предмети сифатида ҳаётий фаолият билан боғлиқ барча нарсалар узлуксиз таълимдан ўрин олиши зарурлигини кўрсатяпти. Ҳатто бугунги кунда вирусдан ҳимояланиш учун тез-тез қўл ювилиши, оғиз-бурунга ниқоб тутиш, қандай масофада сақланиш, умуман санитария-гигена қоидаларини кўпчилик аҳоли яхши билмасликлари кўзга ташланди.

Масалан, чорвадор учун молларни қандай боқишдан ташқари, ветеринария қоидаларига қўшимча чорвадор саломатлигини асраш масаласи ҳам назарда тутилиши талаб этилади.

Фаолиятшунослик фани талабларидан бири ҳам касбий ҳавфсизликнинг барча жиҳатлари киради. Сизга бу фанни ФАРОСАТ фани деб аташ лозим деган эдим, аммо Сиз эътироз билдирдингиз. Мантиқ атамаси ҳам тўғри келмайди. Чунки бу йўналишда инсондаги билим, маҳорат, тажриба, амалиёт, янгилик яратишга, кашф этишни лойиҳалашга бўлган лаёқат фазилатлари ҳам мужассам. Европада бу фанни дизайн ва технология деб юритилади. Бу ҳам эскирган ибора эканини кўриб турибмиз.

Фаолиятшунослик фани инсон ҳаётий жараёнларининг барча жиҳатларини, соҳа ва йўналишларини, ички ва ташқи ҳаракатларини қамраб олади. Аниқ қилиб айтадиган бўлсак, инсон фикри ўйидаги ғояни моддийлаштирувчи восита, метод бу фаолиятшунослик фани саналади.

Фикримдан чалғимаслик учун яна гигиена қоидаларига қайтиб, бир ой карантин давомида фуқаролар томонидан 47 мингта қоидабузарлик содир этилганлигини тилга оламан. Уларнинг ҳар бири касал юқтирганда нима бўлар эди. 47000х400=БЕМОР келиб чиқади. Демак, кўпчилик заҳарли, ҳавфли вируслардан сақланишнинг йўли, вируслар юқишидан, касалланишдан унинг одамга ўтиш занжирини узиш орқали омон қолишларини тушуниб етмаганидадир. Ёки маъсулиятсизик, меҳрсизлик ва барча салбий хислатлар йиғиндиси шу ерда ўз оқибатини кўрсатади.

Ҳурматли устоз! Сизга очиқ мактуб ёзиш орқали баъзи фикрларни ўртоқлашгим келяпти. Ўзингизга маълум, Уста Ширин Муродовнинг модерн услубидаги нақшлари тарихи, лойиҳаси ҳануз миллий архитектурамизнинг жавоҳири саналади. Шу каби Амир Темур ҳазратларининг чеҳрасини намуна сифатида тарихдан тиклаган инсон Малик Набиевнинг ретродизайни ҳисобланади. Ўзбек таомларининг шифобахшлиги, уларнинг технологияси, тайёрлаш услублари, дастурхон безаш билимининг катта олими фалсафа фанлари номзоди Карим Маҳмудов саналади.

Шу каби тиб қонунларини илмий ва амалий лойиҳалаган инсон бобокалонимиз Ибн Сино эканини олам тан олган, тўғрими?

Бугунги кунда ҳам Сино авлодлари орамизда яшамоқдалар. Уларнинг кўпчилигида бу иқтидор яратганнинг иродаси, қолаверса билим ва тажриба орқали касб-кор даражасига кўтарилган. Короновирус билан касалланганларни даволайман, деб чиқаётган, тиббиёт олимлари ва табибларимиз кўп. Замонавий тиббиётнинг юқори чўққисига чиққан олимларимиз, мутахассисларимиз билим ва тажрибаси туфайли касаллик бир мунча енгил ўтаётгани қайд этиляпти.

Устоз, бу вазифаларни бажариш учун Фаолиятшунослик ва бошқа касбий фанлар, давлат стандартларига ўзгартиришлар, меъёрий хужжатлар ва кадрлар масаласида ишлашимизга тўғри келади. Марказ бу борадаги энг яхши педагогик ишламаларни саралаб олиши, олий даражадаги мутахассисларни сафарбар қилиш вазифалари Вазирлигимиз ва Марказимиз жамоаси кун тартибида турибди.

Сизга йўллаган бу электрон мактубимни ҳоҳласангиз журналист мақоласи деб қабул қилинг, истасангиз илмий мақола сифатида танишиб қўйсангиз бас.

Айтгандек, бу мактубим Сизнинг таваллуд кунингиз билан қутлаш баҳонасида, илмий-амалий таклифга айланиб кетди. Устоз, соғ саломат бўлинг. Невараларингизнинг орзу ҳавасини кўринг. Кўп йиллар педагог ва жамоатчи олим сифатида узлуксиз таълимни ривожлантиришга ҳисса қўшинг.

Доимо соғ саломат юринг. Сизга самимий тилаклар ила жамоамизнинг саломини етказувчи камина,

Дадахон Ёқубов,

Ўзбекистон санъат арбоби