26 АПРЕЛЬ– МУҲАММАД ЮСУФНИНГ ТУГИЛГАН КУНИ

E'lonlar

Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилояти Марҳамат туманининг Қовунчи қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. Ўрта мактабдан сўнг Рус тили ва адабиёти институтига кириб, уни 1978 йили тамомлади. 1978-1980 йилларда республика Китобсеварлар жамиятида, 1980-1986 йилларда «Тошкент оқшоми» газетасида, 1986-1992 йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, «Ўзбекистон овози» газетасида ишлади. Умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби вазифасини бажарди.

У ўнга яқин шеърий тўплам, кўплаб қўшиқларнинг муаллифи сифатида кенг китобхонлар қалбига кириб улгурди. Шоирнинг дастлабки шеърлари «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида 1976 йили эълон қилинди. Сўнгра «Таниш тераклар» (1985), «Булбулга бир гапим бор» (1987), «Илтижо» (1988), «Уйқудаги қиз» (1989), «Ҳалима энам аллалари» (1989), «Ишқ кемаси» (1990), «Кўнглимда бир ёр» (1991), «Бевафо кўп экан» (1991), «Эрка кийик» (1992), «Ёлғончи ёр» (1994) каби шеърий тўпламлари, сайланмалари нашр этилди.1989 йилда эса «Уйқудаги қиз» номли шеърий тўплами учун унга республика Ёшлар ташкилотининг мукофоти берилди. 1998 йили Муҳаммад Юсуфга «Ўзбекистон халқ шоири» деган юксак унвон берилди.

Шоир 2001 йилнинг 1 август куни 47 ёшида оламдан ўтди. Агар у ҳаёт бўлганида бугун 67 ёшни қарши оларди.

 

Ватаним

Мен дунёни нима қилдим,

Ўзинг ёруғ жаҳоним,

Ўзим хоқон,

Ўзим султон,

Сен тахти Сулаймоним,

Ёлғизим,

Ягонам дейми,

Топинган кошонам дейми,

Ўзинг менинг улуғлардан

Улуғимсан, Ватаним…

 

Шодон куним гул отган сен,

Чечак отган изимга,

Нолон куним юпатган сен,

Юзинг босиб юзимга.

Синглим дейми,

Онам дейми,

Ҳамдарду ҳамхонам дейми,

Офтобдан ҳам ўзинг меҳри

Илиғимсан, Ватаним.

 

Сен Машрабсан,

Халқда тумор,

Балхда дорга осилган,

Навоийсан, шоҳ ёнида

Фақирини дуо қилган.

Яссавийсан, меники деб,

Кўринган даъво қилган,

Минг бир ёғи очилмаган

Қўриғимсан, Ватаним.

 

Сен Хўжандсан,

Чингизларга

Дарвозасин очмаган,

Темур Малик орқасидан

Сирдарёга сакраган,

Муқаннасан қорачиғи

Оловларга сачраган,

Широқларни кўрган чўпон,

Чўлиғимсан, Ватаним.

 

Ким Қашқарни қилди макон,

Ким Энасой томонда,

Жалолиддин – Курдистонда,

Бобуринг – Ҳиндистонда,

Бу қандай юз қаролиғ, деб

Ётарлар зимистонда,

Тарқаб кетган тўқсон олти

Уруғимсан, Ватаним…

 

Ўғлим десанг осмонларга

Ғирот бўлиб учгайман,

Чамбил юртда Алпомишга

Навкар бўлиб тушгайман,

Падаркушдан пана қилиб

Улуғбегинг қучгайман,

Ғичир-ғичир тишимдаги

Сўлиғимсан, Ватаним…

 

Ўтган кунинг – ўтган кундир,

Ўз бошингга етган кун,

Қодирийни берган замин,

Қодирийни сотган кун.

Қўлин боғлаб,

Дилин доғлаб,

Етаклашиб кетган кун,

Воҳ болам! деб айтолмаган

Дудуғимсан, Ватаним.

 

Ёнингда қон йиғлаган бир

Шоирингга қараб қўй,

Гар Қўқонга йўлинг тушса,

Детдомларни сўраб қўй.

Ҳеч бўлмаса Усмон хокин

Келтирмоққа яраб қўй,

Олисларда қуриб қолган

Қудуғимсан, Ватаним…

 

Сен – шохлари осмонларга

Тегиб турган чинорим,

Ота десам,

Ўғлим деб,

Бош эгиб турган чинорим,

Қўйнимдаги ифтихорим,

Бўйнимдаги туморим,

Ўзинг менинг улуғлардан

Улуғимсан, Ватаним!