Янги қарор: Энергетика муаммолари институти ташкил этилади

Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 май куни “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Энергетика муаммолари институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатдан кўзланган мақсад мамлакатимизда энергетика хавфсизлиги, энергетика самарадорлигига эришиш ва соҳани барқарор ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек,  тизимда  илмий-инновацион инфратузилмани яратиш, иқтисодиёт тармоқларига анъанавий ва муқобил энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳисобига энергия балансини диверсификация қилишга асосий эътибор беришдир.

Мазкур қарор билан Фанлар академияси ва Энергетика вазирлигининг “Ўзбекэнерго” АЖ Илмий-техника маркази” МЧЖ негизида Энергетика муаммолари институти ташкил этилади.

Институт асосий вазифалари нимадан иборат бўлади?

– Республика энергетика ва барқарор ривожланишининг келажак стратегиясини ишлаб чиқиш;

– Ўрта ва узоқ истиқболдаги ёқилғи-энергетика комплексининг ривожланиши ва модернизацияси бўйича дастурлар тайёрлашда иштирок иштирок этиш;

– Муқобил (ноанъанавий) энергия асосидаги янги технологиялар, энергетик ускуналар ва тизимларнинг республика иқлим шароитларида ресурс кўрсаткичларини ўрганиш мақсадида синовларни амалга ошириш;

– Иқтисодиёт тармоқлари энергия сарфини пасайтириш бўйича комплекс тадқиқотларни ўтказиш ва аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш;

•  Энергетика соҳасида рақамли иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, “интеллектуал тармоқлар” назариясини ривожлантириш ва энергетика соҳасига жорий этиш усулларини ишлаб чиқиш;

•  Иқтисодиётнинг турли соҳаларида анъанавий, шунингдек, муқобил ва қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш;

•  Энергетика соҳасидаги илмий йўналишлар ва тегишли ихтисосликлар бўйича илмий даражали кадрларни тайёрлаш ва бошқалар.

Янги ташкил этиладиган институт қандай имкониятларга эга бўлади?

•  Мазкур қарор билан институт давлат муассасаси сифатида юридик шахс ҳисобланади.

•  Институт Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ҳамда Институт номи давлат тилида ёзилган муҳрига эга бўлади.

•  Институтнинг Молия вазирлиги ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварағи мавжуд бўлади.

•  Институт Фанлар академия тизимидаги ташкилот сифатида давлат буюртмалари ва дастурларини амалга оширишда ҳамда фундаментал, амалий тадқиқотларни олиб боришда иштирок этади;

•  Институт Энергетика вазирлигининг “Ўзбекэнерго” АЖ илмий-техника маркази” МЧЖнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси  ҳисобланади.

Институтнинг молиялаштириш тартиби қандай?

•  Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

•  Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан ажратиладиган маблағлар;

•  Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

•  Қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Қарорда институт устави бир ой муддатда ишлаб чиқиш белгиланган.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА.