ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИДА ШУНДАЙ ФИКРЛАР БОР.

Tadbirlar

1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этарди. Уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланди. Ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлди.

Биз бу рақамларни ҳар йили 9 май – Ғалаба байрамида қайта-қайта эсга оламиз. Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида муштипар оналаримиз, момоларимиз, мард ва жасур оталаримиз, бутун халқимиз қалбидаги чексиз қайғу ва ҳасрат мужассам.

Бу дарду аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди, десак, янглишмаган бўламиз. Нега деганда, 500 мингдан зиёд қурбон – бу 500 мингдан ортиқ фожиа дегани. Бу умр йўлдошидан айрилган минг-минглаб аёллар, ота-онасидан жудо бўлган миллионлаб етим болалар дегани. Бу – орадан шунча йиллар ўтса ҳамки, халқимиз юрагидаги битмаган, ҳеч қачон битмайдиган мудҳиш яра, туганмас нола ва армон демакдир.

Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги бор ҳақиқатни аниқлаш ва халқимизга етказиш, аждодлар хотирасини абадийлаштириш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак.

ХОТИРА МУҚАДДАС, ХОТИРА ИБРАТ

Ҳар йил баҳорда

Она табиат,

Гулларга кўмганда

Ёруғ оламни.

Атрофга боқаман,

Топурман ибрат.

Ўйга солар у,

Ҳар бир одамни.

Ҳаётга муҳаббат,

Токи охират.

Хотира муқаддас,

Хотира ибрат.

 

                             Аждодлардан қолар

Хотира азиз.

Бу обод гўшалар

Бизларга мерос.

Ҳаётнинг ҳар дами

Қанчалар лазиз.

Қанчалар ғанимат,

Айтсак арзир роз.

Эй инсон, эзгулик

Нурингни тарат!

Хотира муқаддас,

Хотира ибрат.

 

Дунёда неки бор

Бўлғуси тупроқ.

Аммо икки нарса

Мангудир ҳамон.

Марднинг жасорати,

Дононинг сўзи,

Достонларда яшар

Жуда кўп замон.

Мангу яшайверар,

Мардлик, жасорат.

Хотира муқаддас,

Хотира ибрат.

 

                            Ҳар баҳор бош эгиб

Турар мажнунтол.

Мотамсаро она

Бошини силаб.

Сочини ювади

Кўз ёши билан,

Авлодларга узоқ

Умрлар тилаб.

Аскар-чун онасин

Қилинг зиёрат.

Хотира муқаддас,

Хотира ибрат.

 

Отадек улуғдир

Устоз деган зот.

Нина билан қудуқ

Ковлаган мироб.

Бир умр ўрганмоқ

Кам экан ҳайҳот,

Устозлар қадрини

Дейдилар офтоб.

Ватан шони шундан,

Юртдаги шуҳрат.

Хотира муқаддас,

Хотира ибрат.

 

Оламда бор экан

Ўзбегим юрти.

Ҳар тоши, ҳар гиёҳ

Азиз, муқаддас.

Инсон хотираси,

Ўчмагай оти,

Яралур ҳар созда

Тинчлик деган сас.

Ватан, баҳор,

Ёшлик ва ҳайрат,

Хотира муқаддас,

Хотира ибрат.

 

 Ҳар йил баҳорда

Она табиат,

Гулларга кўмганда

Ёруғ оламни.

Атрофга боқаман,

Топурман ибрат.

Ўйга солар у,

Ҳар бир одамни.

Ҳаётга муҳаббат,

Токи охират.

Хотира муқаддас,

Хотира ибрат.