ИЖТИМОИЙ ВА МУТАХАССИСЛИК ФАНЛАРИ УЙҒУНЛИГИ

Yangiliklar

Мамлакатимизда Бадиий таълим ўзининг ривожланиш даврининг навбатдаги янги босқичига қадам қўймоқда. Тасвирий ва амалий санъат соҳаларида миллий меросимизни тиклаш, Камолиддин Беҳзоднинг бой ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, соҳа ривожига катта ҳисса қўшган атоқли рассом ва халқ усталари хотирасини абадийлаштириш, ижодий йўналишда олий ўқув юртидан кейинги таълимни ташкил этиш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаси самарадорлигини янада ошириш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан 2020 йил 21 апрель куни  имзоланган тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори айни  ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

 Ҳужжатда юксак эстетик дид ва алоқий маданиятга эга ижодкор ёшларни етиштириш мақсадида адабиёт, тарих, эстетика, этика, ижод психологияси фанларини ўқитиш каби  вазифалар ҳам ўз аксини топди. Чунки соҳа тараққиёти ахлоқий жиҳатдан етук, иродаси бақувват, иймони бутун, ижодий фикрлайдиган, юксак салоҳиятли ёшларни тақазо этади. Бу фанларнинг ўқув режаларига киритилиши, “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ўқитилиши бўлажак соҳа кадрларининг  умуммаданий савиясини юксалтиришга, комиллик сари интилиб яшаш кўникмаларини шаклланишига ҳисса қўшади.

“Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим”кафедрасининг асосий мақсади, талабаларда илмий-ижодий, маънавий ва жисмоний баркамолликни шакллантириш ҳамда ёшларни санъат фалсафасини тўлақонли идрок этиш руҳида тарбиялашдан иборат. Кафедра ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда даҳлдорлик туйғусини шакллантиришга йўналтирилган билим ва малакаларни чуқур эгаллаган, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий, маънавий, сиёсий ислоҳотларни аҳолининг турли қатламлари онгига етказиш учун санъат тилсимларини ўзлаштирган, ўзининг маънавий қиёфаси билан ёшларга ибрат бўла оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлашда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

 “Ўзбекистон Бадиий Академиясини ташкил этиш ҳақида”ги Президент Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига асосан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти таркибида “Ижтимоий фанлар” кафедраси ташкил этилди. Кафедрада соҳанинг етук олимлари тарих фанлари доктори, профессор Т.Ташланов, тарих фанлари номзоди, доцент Э.Сафаева, фалсафа фанлари доктори, профессор У.Қорабоев, сиёсий фанлар доктори, профессор Н.Жураев, фалсафа фанлари доктори, профессор Н.Назаров, иқтисод фанлари номзоди, доцент А.Умаровлар самарали фаолият юритганлар.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Кенгашининг 2019 йилнинг 30 августдаги 1-сонли Қарорига асосан “Ижтимоий фанлар” ҳамда “Педагогика ва касбий таълим” кафедралари ўзаро бирлаштирилиши натижасида “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим”кафедраси қайта ташкил этилди.Йўналишига кўра факультетлараро ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитишга йўналтирилган кафедра саналади.

Ҳозирги кунда, кафедрада тарих фанлари доктори, профессор Қ.Иноятов, педагогика фанлари доктори, доцент М.Тожиев, фалсафа фанлари номзоди, доцент Ф.Абиджанова, фалсафа фанлари номзоди, доцент У.Утанова, доцент Р.Хасанов, психология фанлари номзоди, доцент О.Отажонова, юридик фанлари номзоди, доцент Ғ.Абдуллаходжаев, фалсафа фанлари бўйича доктор (PhD) Дилфуза Жуманиёзовалар ҳамда кўплаб ёш ўқитувчилар педагогик фаолият олиб бормоқдалар.

Кафедра аъзоларининг илмий-педагогик фаолияти доимий равишда фалсафа, тарих, демократик давлат қуриш назарияси ва амалиёти ва педагогика соҳаларида олиб борилаётган замонавий илмий изланишлар билан чамбарчас  боғлиқликдадир.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг бўлғуси санъатшунослари, дизайнерлари ва рассомларининг дунёқарашини шакллантиришда “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим” кафедраси профессор-ўқитувчилари жамоаси ҳамда ижтимоий фанлар алоҳида ўринга эга. Шу боисдан ҳам, институтнинг “Санъатшунослик”, “Дизайн”, “Амалий санъат” ва “Тасвирий санъат” факультетлари талабаларининг дунёқарашини шакллантириш ҳамда интелектуал салоҳиятини ошириш мақсадида ижтимоий фанлар ва мутахассислик фанлари уйғунлигини таъминлаб, талабалар орасидан иқтидорли ёшларни танлаш, уларни тарбиялаш, олимпиада ва танловларда иштирок этишга тайёрлаш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.  

“Ўзбекистон тарихи”, “Фалсафа”, “Этика”, “Муаллифлик ҳуқуқи”, “Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси. Фуқаролик жамияти”  каби фанлар орқали зарурий билимлар ижодкор ёшларга ўз фаолияти ва қизиқишлари билан узвий боғлиқликда ўргатилиши натижасида уларда кенг доирали дунёқараш шакллантириб борилади.

Талабалар онгида ватанпарварлик, ўз Ватани билан фахрланиш, бой миллий анъаналарга, халқ меросига ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантиришда “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан институт ва талабалар турар жойида турли долзарб мавзуларга бағишлаб ўтказилаётган тадбирларнинг аҳамияти каттадир. 

Кафедра маънавий-маърифий ишлар режасига кўра дарс машғулотларидан ташқари, талабалар билан турли мавзуларда давра суҳбатлари, мулоқотлар ва тарғибот-ташвиқот ишлари кенг йўлга қўйилган бўлиб, уларда ижодкор ёшларнинг ҳозирги глобаллашув асрида ҳам миллий анъаналарни асраб авайлаш, ўз ижод намуналари орқали дунёда тинчликнинг барқарорлашувига ҳамда юртимизнинг ижтимоий тараққиёти ва иқтисодий ўсишига эришиш, жамият ҳаётининг янада фаровон бўлишига даҳлдорлик ҳиссини уйғотиш мақсадлари кўзланган.

Зеро, ижодкор ёшлар қанчалик кенг дунёқарашга эга бўлсалар ўз асарлари орқали бутун инсоният қалбига озод ва обод жамият барпо этиш туйғусини мужассам этади.

 

Нодирбек Сайфуллаев,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий

рассомлик  ва дизайн институти  ректори,

 тарих фанлари номзоди, профессор.

 

 

ИНСТИТУТДА ИЛМИЙ АНЖУМАН

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ижодий жараёнлар билан бир қаторда илмий изланишлар ва тадқиқотлар ҳам жадал суратларда олиб борилмоқда.

    Жумладан, институтдаги ҳар бир кафедра ўз таълим йўналишидан келиб чиққан ҳолда илмий анжуманлар ташкил этиб келмоқда.

Бугун  «Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим» кафедраси томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусни кенг тарғиб қилиш ҳамда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Илм фан тараққиётида бадиий таълимнинг ўрни» мавзусида илмий конференция ташкил этилди.

Мазкур конференцияда «Олий таълим тизимидаги ислоҳатлар – ютуқлар, муаммолар, ечимлар», «Ёшлар тафаккурини шаклланишида психологиянинг ўрни», «Янгиланаётган Ўзбекистон шароитида ёшларда ғоявий иммунитетни ривожлантириш масалалари», «Бухоро амири Шоҳмурод даврида барпо этилган иморатлар ва уларнинг аҳамияти» ва бошқа кўплаб долзарб аҳамиятга эга маърузалар янгради.

 

Анжуманда Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни тадбиқ этиш  Маркази мутахассислари Педагогика фанлари доктори Муҳаммадражаб Тожиев ва Ўзбекистон санъат арбоби Дадахон Ёқубовлар илм-фан тараққиётида бадиий ва технология таълимининг уйғунлашуви кредит модуль тизимини жорий этишда, мамлакатнинг иктисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Скандинавия мамлакатлари, жумладан Финляндиянинг  таълим соҳасидаги тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди. Дизайн тарихи ва назарияси, Дизайн таълими, Ривожланган мамлакатларда дизайн таълими фанларига ва тажрибавий анъаналарига эътибор қаратиш зарурати ҳақида гапирдилар. Янги Фаолиятшунослик фанини инсон ҳаётининг лойиҳалаш методиткаси сифатида тақдим этдилар.

Президентимиз таъкидлаганидек, фикрий лойиҳа таълими замонавий дизайн, Учинчи ренессанс пойдевори эканнини ҳамда замонавий мутахассис лойиҳалаш маданиятини мукаммал эгаллаши лозимлигини тилга олишди.

Дизайн ва технология уйғунлигини таъминлаш ҳар қандай мамлакат тараққиётининг белгиси эканини айтар эканлар,  бадиий таълим соҳадаги бир қатор муаммоларни тилга олишди, уларни ечиш масалаларида қизиқарли илмий мунозаралар ташкил этилди.Тахмин ва гипотезаларга ҳам ўрин берилди.

Тадбир якунида барча иштирокчилар институт раҳбарияти томонидан сертификатлар билан тақдирланди.

Марказ матбуот хизмати