Ўзбекистон медиа маконидаги етакчи олий ўқув юрти

Ma'lumotlar

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети бундан 3 йил аввал давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган эди. Бу йил университет ташкил топганига 3 йил тўлди. Шу муносабат билан университетда “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 3 ёшда: биз босиб ўтган йўл” мавзусида конференция ташкил этилди.

Конференция ишида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идораларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, веб-дизайнерлар, маркетологлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференцияни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев кириш сўзи билан очди:

– Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Президент қарори билан бундан уч йил аввал катта умидлар ила ташкил этилган эди, – деди ректор Шерзодхон Қудратхўжаев. – Дастлабки йилда олийгоҳимизга 101 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди. Иккинчи йили 276 нафар, учинчи йили эса 850 нафар талаба ўқишни бошлади. Жорий йилда бу кўрсаткич янада ортиши кутиляпти. Бугунги кунда таълим даргоҳимизда бакалавриат бўйича 8 йўналишда кадрлар тайёрланяпти. Бугунги медиа макон, тезкорлик билан ривожланаётган давр ҳар томонлама профессионал журналист кадрларни етиштириб беришни тақозо қилади. Бу борада қисқа муддатда бўлса-да, қатор ишларни амалга оширишга ҳаракат қилиняпти. Университетимизнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича амалий натижаларга эришилмоқда. Олийгоҳнинг янги замонавий биноси фойдаланишга топширилди. Бу ерда журналист кадрларни тайёрлаш учун барча имконият ва қулайлик мавжуд. Бугун университет талабаларининг кўпчилиги ўқиш баробарида иш билан ҳам машғул, илм ва амалиётни уйғунликда йўлга қўйишган. Ёшлар агентлиги билан ҳамкорликда Талабалар пресс-клуби ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, барча қулайликка эга талабалар турар жойи барпо этилади. Умуман, келгусида жуда катта режаларимиз бор. Шу вақтгача қилинган ишлар кам, аммо қиладиганларимиз жуда кўп. Бугунги медиа муҳит, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик ёниб ишлаш учун кенг имкониятдир. Шундай экан, мазкур жараёнда иқтидорли, ўз соҳасининг устаси бўлган профессионал кадрларни етиштириб бериш энг асосий мақсадимиздир.

Конференцияда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш жараёнлари, мамлакат медиа маконидаги бугунги ислоҳотлар, сўз ва матбуот эркинлиги, журналист ва блогерларнинг айни пайтдаги фаолияти, журналистика таълими ва амалиётидаги муаммолар, ихтисослашув масаласи, мазкур университетнинг кадрлар тайёрлашдаги ўрни, иштироки ва келгусидаги мақсад-вазифалари кенг муҳокама қилинди. Парламент қуйи палатаси депутатлари Расул Кушербоев, Дониёр Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ва бошқалар бугунги медиа макон фаолияти, ютуқ ва камчиликлар, университетнинг мамлакат ахборот сиёсатини амалга оширишда ҳал қилувчи кадрлар етиштириб берадиган маскан сифатидаги ўрни ва иштироки борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шундан сўнг конференция ўз ишини шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди. “Глобаллашув даврида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда журналистиканинг ўрни”, “Журналист кадрларни тайёрлашда фан ва амалиёт муштараклиги”, “Замонавий телерадиожурналистика: долзарб масалалар”, “Замонавий медиамуҳитда ПР-коммуникациясининг янги трендлари”, “Журналист кадрларни тайёрлашда хорижий тилларнинг ўрни” каби мавзулардаги муҳокамаларда мутахассис ва экспертлар, назариётчи ва амалиётчилар соҳадаги ютуқ ва камчиликлар, муаммолар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди.

Жумладан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Хушнуд Худойбердиев “Глобаллашув даврида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда журналистиканинг ўрни” мавзусида тўхталди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда соҳада амалга оширилган мисли кўрилмаган ўзгаришлар натижасида кўпчилик фуқаролар журналист ва блогерларга муаммоларини ҳал қилиб берадиган, ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашадиган вакил сифатида қарайди. Фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлардан ҳам кўра ОАВ вакилларига нисбатан бундай ишончи муҳим натижадир. Аслида ҳам журналистика соҳасида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш энг долзарб масалалардан биридир. Айни пайтда очиқлик ва ошкоралик натижасида эришилган ана шундай ишонч муҳитини сақлаб қолиш учун соҳа вакиллари мунтазам халқ билан ишлаши, одамларнинг муаммолари билан яшаши лозим.

Конференция доирасида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда етакчи оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди, иқтидорли ёшлар тақдирланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА