Жиззахда олий таълим муассасалари сони яна биттага кўпаяди

E'lonlar

Жиззах шаҳрида 2022-2023 ўқув йилидан Қозон федерал университетининг филиали фаолияти бошланади.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида Қозон федерал университетининг вакиллари билан келишувни имзолашга бағишланган учрашувда маълум қилинди.  

Келишувга мувофиқ, филиалда профессор-ўқитувчиларнинг камида 40 фоизи Қозон федерал университети ҳисобидан таъминланади.

Профессор-ўқитувчилар ва талабалар вилоят ҳокимлиги томонидан турар жой билан таъминланади. Кадрлар тайёрлаш Қозон федерал университети таълим дастурлари асосида йўлга қўйилади.

Ушбу олий ўқув юрти вилоятда жорий йилда Россия Федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган иккинчи олий таълим муассасасидир. Апрель ойида Россия билан ҳамкорликда ташкил этилган Жиззах ижтимоий-иқтисодиёт университетининг тақдимоти ўтказилган эди.  

Ҳар иккала олий таълим муассасаси мамлакатимиз иқтисодиёти реал секторлари тармоқлари эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда талаб юқори бўлган жумладан, иқтисод, қишлоқ хўжалигида менежмент, мактабгача таълим, бухгалтерия ҳисоботи ва аудит, туризм, меҳмонхоналарни бошқариш ва ташкил этиш каби йўналишларда юқори малакали мутахассислар тайёрлайди.

Ушбу таълим муассасаси битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида тан олинадиган дипломлар берилади.

 

Т.Бекназаров, ЎзА