Ўқув жараёни жаҳон стандартлари асосида ташкил этилади

E'lonlar

Таълим тизимини самарали ташкил этиш, уни янги давр талабларига мослаштириш бугунги куннинг асосий вазифаларидан бири саналади.

Энг самарали инвестиция бу – таълимга сарфланган инвестиция эканлиги сир эмас. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасининг барча босқичида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Инчунин, Тошкент давлат юридик университетида ҳам таълим сифатини ошириш, талабалар учун хорижда таҳсил олиш имкониятини кенгайтириш, етук юридик кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони юридик соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқди. Юридик таълим бериш сифати йилдан-йилга ошиб бормоқда. Мазкур янгилик ва ўзгаришлар, ўз навбатида, халқаро рейтинг кўрсатгичларида ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, "Times High Education" (THE) халқаро рейтинг ташкилоти эълон қилган натижаларга кўра, ТДЮУ республикамиз университетлари ичида энг юқори натижани қайд этиб, дунёнинг ТОП-500 университети рўйхатига кирди.

Ушбу фармон ижросини таъминлаш учун 2021 йил 10 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор асосида “Тошкент давлат юридик университетида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисида” Низом тасдиқланди. Низом университетда ўқув жараёнини янги қоидалар асосида ташкил этишни назарда тутади, талабалар учун кўплаб қулайликлар яратади. Хусусан, талаба энди ўз қизиқишлари, келажакда фаолият юритмоқчи бўлган соҳасига қараб унга ўргатиладиган фанларни эркин танлаши мумкин бўлади ва талаба томонидан ушбу фанлар бўйича ўқув юкламаси кредитлар асосида ҳисобланади. Кредит талабанинг бирор фанни ўзлаштирган ўқув юкламасининг ўлчов бирлиги ҳисобланади. Ўзлаштириш натижаларининг кредит асосида ҳисобланиши талабанинг хорижий олий таълим муассасасида таҳсил олиш имкониятини кенгайтиради, унинг кўрсаткичлари бундай муассасаларда тан олинишига сабаб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, Тошкент давлат юридик университетининг хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномаларини амалда бажариш кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатади. Айни пайтда ҳамкорлик ўрнатилган ва бу бўйича музокаралар олиб борилаётган нуфузли университетларда ўқитишнинг кредит-модуль тизими жорий этилган. Ўқув жараёнини кредит-модуль тизимида ташкил этиш талабалар алмашинувида ўқув билан боғлиқ кўплаб масалаларни ҳал этади.

Талабалар учун яратилган яна бир имконият шундан иборатки, талаба энди унга дарс ўтадиган профессор-ўқитувчини ҳам танлаш имкониятига эга бўлади. Бу янгилик, ўз навбатида, профессор-ўқитувчилар ўртасида ҳам рақобат, ҳам таълим сифатини оширади. Талабалар танлови натижасида академик гуруҳлар шакллантирилади ва бу тартибнинг барчаси электрон шаклда, таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими портали орқали амалга оширилади.

Маълумки, университетда бир неча йилдан буён Япониянинг Нагоя университети билан ҳамкорликда Япон ҳуқуқини тадқиқ қилиш маркази фаолият юритмоқда. Айни пайтда бундай марказлар сони янада кўпаймоқда. Низомда ТДЮУда ташкил қилинган хорижий тил ва ҳуқуқни ўрганиш марказларида талабалар ўрганган модуллар учун ҳам кредитлар бериш назарда тутилмоқда.

Ўқув жараёни билан боғлиқ янгиликлар, уни ташкил этиш ва йўлга қўйиш тўғрисидаги маълумотларни университет расмий сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали бериб борилиши талабалар учун зарур бўлган маълумотларни ўз вақтида билиш ва хабардор бўлиш имкониятини яратади.

Тошкент давлат университетида жорий этилаётган ушбу янгилик ва ўзгаришлар талабаларимизни янада кўпроқ билим олиш, танловни тўғри амалга ошириш имкониятини кенгайтиради.

 

Гулчеҳра ТЎЛАГАНОВА,

ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори.

Саддам ҚОДИРАЛИЕВ,

ТДЮУ ўқитувчиси.

ЎзА