Олий таълим соҳасини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди

E'lonlar

Шу йил 16 июнда  олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари ёшларга жаҳон стандартлари даражасида билим бериш, уларни малакали мутахассис қилиб тайёрлаш,  институт ва университетлар қамровини янада кенгайтириш, молиявий ҳолатини яхшилаш ҳамда профессор-ўқитувчиларни моддий жиҳатдан мунтазам қўллаб-қувватлаш зарурлигига эътибор қаратди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда республикамизда олий таълим соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида олий таълим муассасалари сони 65 тадан 117 тага етди, қабул ўринлари сони 66 мингдан 181 мингтагача оширилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланиб боряпти. Қўшма таълим дастурлари доирасида хорижий мамлакатлардаги олий таълим муассасалари билан 64 та янги касб бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди,  профессор-ўқитувчилар маоши ўртача 3,5 бараварга оширилди.

Лекин шунга қарамай олий таълимда сифат борасида ўзгаришлар сезилмаётганлиги, таълим сифатини яхшилаш, кадрлар тайёрлашни бозор коньюктураси асосида ташкил этиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ректорлар эътиборидан четда қолаётганлигига алоҳида урғу берилди.

Жумладан, республикада кадрлар тайёрланаётган 815 та йўналишнинг 55 фоизи меҳнат бозоридаги касбий малака талабларига жавоб бермаяпти, 2 мингга яқин фанлар дарсликлар билан таъминланмаган, ўқув дастурлари маънан эскирган бўлиб, 40 йил олдинги фан ва йўналишлар асосида тузилган, тизимда коррупция ҳолатлари ҳамон учрамоқда.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда олий таълим муассасалари бошқарув кенгашлари ролини ошириш, кафедралар ваколатини кенгайтириш, ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратди. Шунингдек, талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратиш, олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш каби мақсад ва вазифаларни белгилаб берди.

Бу вазифаларни самарали бажариш учун олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий-бошқарув бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилиши таъкидланди.

Бунда олий таълим муассасалари фан дастурлари, ўқув режа ва адабиётларни таълим жараёнига татбиқ этиш, профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ва таълим шаклларини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўлади. Ушбу тизимда ҳар бир мутахассислик кафедралар фаолияти, илмий салоҳияти, кадрларни илмий фаолиятга селекция асосида жалб этиш кўрсаткичларига қараб баҳоланади.

Дарҳақиқат, таъкидланганидек, олий таълим йўналишлари билан меҳнат бозори ўртасида катта узилиш мавжуд, пировардида хизмат кўрсатиш соҳасида 40 мингта, саноатда 38 мингта, қурилишда 12 мингта, қишлоқ хўжалигида 10 мингта, алоқа ва ахборот технологияларида 4 мингта олий маълумот талаб этадиган бўш иш ўринлари бор. Битирувчилар айни пайтда ҳам сон, ҳам малака жиҳатидан  бу талабни қондира олмайди.

Олий таълим тизимидаги бугунги таълим стандартлари маънан эскирган , у ўтган давр мобайнида гарчи 2 марта янгитдан қабул қилинганлиги қарамай, меҳнат бозори ва иқтисодий соҳалар эмас, балки профессор-ўқитувчилар талабига мослашган. Шу боис талабалар ўз йўналишига дахлдор бўлмаган фанлар билан ҳам шуғулланишга мажбур бўляпти.

Йиғилишда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига таълим йўналишлари ва касблар рўйхатини тасдиқлаш, дарслик ва ўқув қўлланмалар тайёрлаш, олий ўқув юртлари бошқарувига малакали кадрларни жалб этиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун олий таълим тизими ташкилий-ҳуқуқий меъёрларини халқаро илғор тажрибалар асосида  танқидий қайта кўриб чиқиш, меҳнат бозори билан интеграциясини таъминлаш, таълим классификатори ва дастурлари янги авлодини яратиш бугунги давр талабидир.

Шу боис олий таълим муассасаларини халқаро рейтингда муносиб ўрин эгаллашини таъминловчи механизмларни тадқиқ этиш ва тизимга жорий этиш, олий таълим муассасаларини янги авлод ўқув адабиётлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, талабалар сонини ошириб бориш, таълим жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этиш муносабати билан профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини белгилаш ва таълимни ташкил этишнинг замонавий шаклларини татбиқ этиш борасида  чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 

Модулли ўқитишга асосланган кредит баҳолаш тизимининг илғор хорижий тизимини жорий этиш, олий таълим муассасаларида ўқув жараёнларини кредит-модуль тизими асосида таҳлил қилиш, ўқитилаётган фанларни мазмунан қайта кўриб чиқиш, олий маълумот талаб қиладиган касбларни  янги йўналиш ва тармоқларга мослаштириш, давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари битирувчилари учун меҳнат бозори конюктураси асосида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази 2021/2022 ўқув йилигача юқоридаги вазифалар ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқди. Вазирлик ва етакчи маҳаллий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда улар ижросини таъминлаш ишлари бошлаб юборилди.

Белгиланган вазифалар ижроси 2021/2022 ўқув йилидан олий таълим сифати ва кўрсаткичларини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

                                                   

Музаффар  Эсанов, 

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари 

ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази директори ўринбосари