"ММФИ" Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали– илк хорижий олий ўқув даргоҳи

Yangiliklar

2019 йил 3 сентябрдан буён фаолият кўрсатиб келаётган "Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига пресс-тур ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги “Тошкент шаҳрида «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети» федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ташкил этилган ушбу олийгоҳда биринчи ва иккинчи курсларда 170 нафар талаба жаҳон таълим стандартлари асосида таҳсил олади.

Уларга малакали ва ўз касбининг билимдон ўқитувчилари машғулотлар ўтади. Ҳозир талабалар ёзги таътилга чиққан бўлса-да, лекин ўқитувчилар учун муассасада иш қизғин. Улар 2021-2022 ўқув йили учун абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ишлари билан банд.

Бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари бу ерда ташкил этилган қабул жараёни, замонавий ўқув биноларида яратилган шароитлар ҳамда талабалар ва ўқитувчилар учун бунёд этилаётган ётоқхона мажмуи билан яқиндан танишди.  

Аввало, ушбу филиалнинг замонавий биноси ва дизайни, ҳар бир хоналардаги шароитларни кўриб, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор, уларнинг пухта билим олиши учун барча қулайликлар муҳайё эканига ҳавас билан боқмасликнинг иложи йўқ. Чунки бу ерда талабалар ёруғ ва ўзига хос дизайнда безатилган ўқув хоналарда электрон доскалардан фойдаланган ҳолда таълим олиши кишининг эътиборини тортади.

Журналистларга филиал ижрочи директори Алишер Санетуллаев бошчилигидаги жамоа ҳамроҳлик қилиб, бу ердаги шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

– Бугунги кунда “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали замонавий ва барча қулайликлар мавжудлиги билан муҳим аҳамиятга эга олий ўқув даргоҳи ҳисобланади, – деди А. Санетуллаев. – Бу ерда ўқиётган талабаларимиз “Атом энергетикаси ва иссиқлик физикаси”, "Ядро физикаси ва технологиялари”, “Иссиқлик энергияси ва иссиқлик физикаси” ва “Электр энергетикаси ва электротехника” йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда. Таълим жараёни рус тилида ташкил этилади. “ММФИ” МТЯУ филиалининг асосий вазифаси атом энергетикаси ва ядро технологиялари соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, юксак билим, юқори кўникма ва малака билан бирга амалий салоҳиятга эга кадрларни тайёрлашга қаратилган. Унинг ўқув дастури Москвадаги бош таълим муассасасининг стандартлари ва иш берувчиларнинг талаблари асосида ишлаб чиқилган. Филиалда бакалаврлар кундузги таълим дастури асосида таҳсил олади. Талабалар халқаро таълим дастурлари, халқаро танловлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Россиянинг объектлари ва етакчи тадқиқот институтларида амалиёт ўтайди.

Таъкидлаш керакки, “ММФИ” МТЯУ муҳандислик-физика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича дунёда ўз салоҳиятига эга олийгоҳдир. Университет Россия олий таълим муассасалари ичида иккинчи ўринни эгалламоқда.

“ММФИ” МТЯУ доценти Егор Задеба олийгоҳнинг Тошкент шаҳридаги филиали нуфузи ва аҳамияти ҳақида қуйидагича фикр билдирган эди.

– 2019 йилда Тошкентда “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг илк хорижий филиали очилди, – деди Е.Задеба. – Ҳозирги кунда ушбу таълим маскани талабалари иккинчи босқични якунламоқда. Айтиш жоизки, Россия дизайнидаги АЭС барпо этилаётган ҳеч бир мамлакатда бундай филиаллар йўқ. “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқотлари ядро университети олдида мураккаб вазифа – Москва олий таълим даргоҳидан ҳеч қолишмайдиган Тошкент филиали учун таълим дастури тузиш вазифаси турарди. Филиал талабалари бош институтдаги ўқув материаллари ва дастурлари асосида ўқитилмоқда. Таълим даргоҳида маълум танлов ва малака оширишдан ўтган маҳаллий ўқитувчилар дарс бермоқда. Айни дамда улар орасида бош олийгоҳ ходимлари ҳам бор. Улар бу ерга келади ёки ўқув жараёнида масофавий тарзда иштирок этади, жумладан, назорат ишлари, имтиҳонларни қабул қилади. Таълим сифати қатъий назорат қилинади. Бир сўз билан айтганда, Москва муҳандислик-физика институтининг бош таълим даргоҳи таълим ва талабаларнинг ўзлаштириш даражаси юқори стандартларга жавоб беришини кузатиб туради.

Университет филиали билан танишиш чоғида унинг кутубхонаси ҳам эътиборимизни тортди. Бу ерда 6 мингдан ошиқ китоблар мавжуд. Шунингдек, кутубхона университет ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси электрон базасига уланган. Талабалар ўзига зарур илмий китобларни айнан шу манбалардан олиши мумкин.

Аҳамиятли жиҳати, ҳозир талабалар ёзги таътилда бўлса ҳамки, улар кутубхонага келиб, ўз илмини мустаҳкамлаётганига гувоҳ бўлдик. Фурсатдан фойдаланиб, талабалар билан суҳбатлашдик. Улар биз билан қизиқишлари ва келажакдаги орзулари тўғрисида ўртоқлашди.

– "Ядро физикаси ва технологиялари” йўналишида таълим оламан, – деди иккинчи курс талабаси Асила Нематова. – Дастлаб ўқиш жараёни мен учун бироз мураккаб бўлди. Кейинчалик устозлар тавсиялари билан яхши ўзлаштира бошладим. Ҳозир танлаган йўналишим ўзим учун жуда қизиқарли. Машғулотлар рус тилида олиб борилади. Инглиз тилини ўрганганман. Энди немис тилини ҳам ўрганиш ниятим бор. Негаки, бир неча тилни билиш келажак орзуларим учун муҳим. Аввало, биз, ёшларга шундай замонавий шароит ва имконият яратиб берган давлатимизга, Президентимизга ташаккуримни бирдирмоқчиман. Ўқишни тамомлаб, Атом энергияси халқаро агентлигидек (МАГАТЭ) нуфузли ташкилотларда ишлаш ниятидаман.

Айни чоғда филиалда 2021/2022 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни давом этмоқда. Талабгорлар ҳужжатларни онлайн (https://org.mephi.ru тизим орқали) ва офлайн тарзда топшириши мумкин. Бу йил ҳам абитуриентлардан энг кўп балл тўплаган юз нафар талаба “ММФИ” МТЯУ Тошкент шаҳридаги филиалида давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

– Қабул жараёнларига ёрдам бериш учун Москвадан келиб ишлаяпман, -деди “ММФИ” МТЯУ ходими Екатерина Есипова. – Ҳозир юз нафардан ортиқ абитуриентнинг ҳужжатларини қабул қилдик. Ҳужжатлар ҳам онлайн, ҳам офлайн қабул қилинмоқда. Барча ишлар тартиб ва талаб асосида бажарилмоқда.  

Филиал ижрочи директори Алишер Санетуллаев таъкидлаганидек, ушбу даргоҳнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти ҳудудида барпо этилганида ҳам ўзига хос маъно бор. Чунки талабалар бу ерда таълим олиб, амалиётни Ядро физикаси институтида ўташи ҳар жиҳатдан қулайдир. Айни чоғда филиалдан у даражада узоқ бўлмаган ҳудудда талабалар учун ётоқхона мажмуи ҳам бунёд этилмоқда. Журналистлар қурилиш ишлари жадал олиб борилаётган ушбу манзилдаги ишлар билан ҳам танишди.

– Бу ердаги қурилиш ишлари давлат бюджети ва “Ўзатом” агентлигининг атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилмоқда, – деди “Ўзатом” агентлигининг объектларни қуриш лойиҳаларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Абдураҳмонов. – Мажмуадан 304 ўринли талабалар ётоқхонаси, ўқитувчилар учун 63 хонадондан иборат кўп қаватли турар жой, спортзал ва ошхона ўрин олган. Ҳозир спортзал ва ошхонада қурилиш ишлари якунланган. Энди уларда жиҳозлаш ишлари бошланади. Мақсадимиз бу ерда ишларни тез орада якунлаб, янги ўқув йилида мазкур мажмуани топшириш.  

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА