ДАДА ЗАФАР. ОЛТИН БЕШИК АВЛОДЛАРИ (Тарихий романдан парча).

Ma'lumotlar

3 –БОБ . АЖНАБИЙЛАР... ЛОРД БАЙРОН ҚИССАСИ.

( 3–қисм )

1823 йилнинг 14 июль куни эрталаб “Геркулес” аталмиш икки мачтали ингилиз ҳарбий кемаси сафарга тахт бўлди. Жорж Гардон Байрон [26] йўловчиларни елканли кемага олиб чиқадиган тахта кўприкдан кўтарила бошлади. Уни оёғидаги туғма нуқсони бир оз қийнаса ҳам кўзи пастда, қирғоқда кузатиб қолаётган яқинлари, дўстларида эди. У қўл силтаб ҳайрлашаётганлар орасида Терезанни кўрди. Унинг маъюс юзи ҳижрон ва айрилиқ онлари, йўқ, йўқ абадий айрилиқ содир бўлишидан огоҳлантираётганга ўхшар эди.

Генуя бандаргоҳида бир ҳафтадан буён сафарга ҳозирланаётган кема капитани Жон Скотт анчагина тер тўкди. Айниқса отларни кемага жойлаштириш қийин кечди. Отлардан бири арқонини узиб денгизга қулаб тушди. Бандаргоҳда бақир чақир билан турли томонга шошаётган одамларни чумоли сингари тартиб билан ҳаракат қилаяпти, деб айтиш қийин эди. Жорж билан ҳамроҳ бўлганлар орасида дўсти Э.Ж.Трепани, ёш граф Пьетро Гамбо (Терезанинг туғишган акаси), италиялик шифокор Брюно, камердинер Флетчер ва яна саккиз нафар ҳизматкор бор эди. Кема капитани Скотт буйруғи билан денгизчилар ҳам ўз жойларини эгалладилар. “Геркулес” иккита пушка ва бошқа ўт очар аслаҳалар ҳамда ўқ дорилар билан қуролланган. Байрон ўзи билан бирга бешта от ва дори дармонлар заҳирасини ҳам олиб кетаётган эди. У кемага кўтарилган сари гўё унинг кўз ўнгида Қадимги Юнонистон, унинг бетакрор обида ва бинолари, жануб мева ва гулларига тўлган тартибли боғлари тасаввури сари кириб кела бошлади. Шоир қўл силтаб қирғоқда кўзатиб қолаётганлар билан ҳайрлашар экан яна кўзлари Терезани қидирди, аммо кема денгиз бағрига суза бошлагач, одамларнинг чеҳраси ювилиб кетди. Гўёки юнон маликаси гўзал Еленанинг антик ҳайкалтарош томонидан тарошланган ҳайкалига жон кириб, уни Тереза қиёфасида денгиз тубига чорлаётгандек туюлди. Байроннинг юраги орқага тортиб кетди. Ҳаёти давомида қанчадан қанча оғир синовларни бошидан кечирди. Маломатлар остида қолди. Назарида эндигина ҳақиқий севгига етганида, ёр васлидан олам янада мунаввар бўлганида яна ҳижрон ўтида ёниш, яна ширин ва шу билан биргаликда юракни куйдирувчи истиробларни унинг тани жони кўтара олармикан?

Байрон ҳаёллар оғушида кема палубасидан денгизга назар ташлади. Ботаётган қуёш ўзини уммон қарига урди. Сув юзини қизартирганича кўздан йўқолди. Денгиз жилоларини сўзлар забаржади билан ўлчовчи шоирнинг кўнгли негадир ғаш эди. Денгизчиларнинг айтишича, қуёш денгиз ортига думалаб ботса, бу бир неча кун ҳавонинг очиқ бўлишидан далолат экан. Аммо доимо ишлари қийинчиликлар билан амалга ошадиган инсон, бундай ишоратга ҳам ишонмас эди. Шеърият мухлислари уни “йиғлоқи шоир” дейишса, сиёсатчилар “ўйламай сўзловчи”нотиқ деб аташар эди. Саргузаштчи Дон Жуан, Зиёратчи Чайлд Ҳаролд ҳам унинг ўзи эди. Бир сўз билан Европанинг маҳзун адиби, сирли ва афсонавий инсон энди ўзини романтикада эмас, балки ҳақиқий ҳаёт денгизига отди, ўз инсоний қиёфасини Дон Киход, Робин Гуд, Эллада қаҳрамонлари каби тасаввур эта бошлади. Терезага бўлган муҳаббати эса унинг илҳомини оширар, аввалгисига ўхшамаган, аммо самимийликка тўла сатрлар яралар эди.

Мақолани тўлиқ шаклда юклаб олиш