Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда

E'lonlar

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавоблари

Савол. Муҳтарам Президент, аввало, газетамиз учун интервью беришга розилик билдирганингиз учун Сизга миннатдорлик изҳор этамиз.

Маълумки, кейинги беш йил давомида мамлакатимизда кенг миқёсдаги демократик ўзгаришлар амалга оширилмоқда. “Янги Ўзбекистон” деган тушунча реал воқеликка айланмоқда. Сиз давлат бошлиғи, ана шу ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ташаббускори ва уларнинг марказида турган ислоҳотчи раҳбар сифатида бу янгиланишларнинг мазмун-моҳиятини биринчи навбатда нималарда кўрасиз?

Жавоб. Аввало шуни айтиш керакки, ўз юртида озод ва эркин ҳаёт, адолатли жамият барпо этишдек улкан мақсадни ўз олдига қўйган ҳар қандай халқ, ҳар қандай миллат оғир, машаққатли ва мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтади.

Келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган ўзбек халқи ҳам 1991 йил 31 августда муқаддас орзусига эришди – жонажон Ватанимиз ўз давлат мустақиллигини қўлга киритди.

Насиб этса, яна саноқли кунлардан кейин ана шу қутлуғ сананинг 30 йиллигини улкан шодиёна сифатида кенг нишонлаймиз.

Бу шонли байрам олдидан мамлакатимизда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Жойларда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари шиддат билан олиб борилмоқда. Жумладан, пойтахтимизга туташ 100 гектардан ортиқ улкан ҳудудда “Янги Ўзбекистон” боғи ҳамда бетакрор Мустақиллик мажмуаси жадал суръатлар билан бунёд этилмоқда. Насиб этса, бу йил энг улуғ, энг азиз байрамимизни мана шу янги майдонда ўтказамиз.

Ҳеч шубҳасиз, истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида тарихий ишлар амалга оширилди, мард ва олижаноб халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан катта марралар забт этилди. Тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз Конституцияси – Асосий қонунимиз ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Ватанимиз суверен давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади. Ўзбекистонда замонавий давлатчилик асослари яратилиб, конституциявий тузумга асос солинди. Давлат ҳокимиятининг учта мустақил тармоғи – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари қарор топди. Том маънодаги конституциявий давлат барпо этилди.

Ўзбекистон Республикасининг суверенитети ва давлат мустақиллигини, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти ҳамда миллий манфаатларимизни ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган Қуролли Кучлар ташкил этилди. Миллий валютамиз – сўм жорий этилди ва олтин-валюта захираларимиз шакллантирилди.

Қадимий тарихимиз, бой маданий меросимиз, миллий-диний қадриятларимиз, ўзлигимиз тикланди.

Мана шундай унутилмас тарихий жараёнларда фаол иштирок этиш насиб этганидан бахтиёрман.

Мустақил тараққиёт борасида эришган улкан ютуқлар билан бирга, йўлимиз айрим хато ва камчиликлардан ҳам холи бўлмаганини очиқ айтиш лозим. Мустабид тузумдан воз кечиб, демократик жамият барпо этишга қаратилган жараёнлар, мураккаб ва таҳликали даврнинг ўзи турли муаммо ва вазифаларни олдимизга кўндаланг қўйди. Уларни муваффақиятли ҳал этиш учун билим ва тажрибамиз, ирода ва қатъиятимиз баъзан етса, баъзида етмаган ҳолатлар ҳам бўлди.

Шу боис мамлакатимиз тараққиётини янги, юксак босқичга кўтариш, бунинг учун янги ислоҳотларни амалга ошириш объектив зарурат, энг муҳим стратегик вазифага айланди.

Дарвоқе, “янги” деган сўзнинг биз учун алоҳида аҳамияти бор. Масалан, энг кўҳна байрамларимиздан бири Наврўз – Янги кун деб аталишини эсга олайлик. Ушбу қадимий байрам билан боғлиқ қадрият ва анъаналар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, халқимиз асрлар давомида, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий айтганларидек, “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз!” деган эзгу тилаклар, пок ниятлар билан яшаб келади.

Ёки ўтган асрнинг бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз “жадидчилик”, яъни, янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққанларини барчамиз яхши биламиз. Бу улуғ зотларнинг мақсади – жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолиб келаётган Туркистон халқини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига олиб чиқишдан иборат эди.

Жадидлар томонидан ташкил этилган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, Туркистон фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жамиятлари халқимизни неча асрлик ғафлат уйқусидан уйғотди, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берди. Афсуски, юртимизда большевиклар диктатураси ўрнатилгани, чор мустамлакачилик сиёсати янгича шаклда давом эттирилгани маърифатпарвар боболаримизга ўз мақсад-муддаоларини тўлиқ амалга ошириш имконини бермади. Лекин уларнинг эзгу орзу-ниятлари халқимизнинг қон-қонида, тарихий хотирасида сақланиб қолди ва ҳануз яшамоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Шу маънода, бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, адашмаган бўламиз.

Инсоният тарихи шундан далолат берадики, ҳар қайси халқ ҳаётидаги маънавий уйғониш жараёнлари миллий ўзликни англашга олиб келади ҳамда мамлакатнинг иқтисодий, маданий тараққиётини янги босқичга кўтаради. Бундай ижтимоий ноёб ҳодиса “Ренессанс” – уйғониш, қайта тикланиш, юксалиш деб аталиши барчамизга аён.

Маълумки, бугунги Ўзбекистон замини қадимда икки буюк уйғониш даврига – Биринчи (маърифий – IX-XII асрлар) ва Иккинчи (Темурийлар – XIV-XV асрлар) Ренессансга бешик бўлган. Бу – жаҳон илм-фанида ўз исботини топган ва тан олинган тарихий ҳақиқатдир.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда. Айнан мана шу жараён мен учун ислоҳотларимизнинг энг катта натижасидир. Чунки, мақсаднинг аниқлиги – ҳаракатлар самарасини таъминлайдиган энг муҳим мезондир.

Агар биз бундан беш йил олдин қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясининг туб мазмун-моҳиятини мухтасар ифода этадиган бўлсак, ушбу ноёб ҳужжатда ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйган эдик.

Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир.

Ўтган тарихан қисқа даврда ислоҳотлар туфайли эришган натижаларимиз ҳақида узоқ гапирмоқчи эмасман. Бу мавзуда мамлакатимиз ҳамда чет эл оммавий ахборот воситалари орқали нуфузли давлат ва сиёсат арбоблари, эксперт ва таҳлилчиларнинг фикрлари мунтазам эълон қилиб келинмоқда.

Бундай холис баҳолар барчамизни қувонтиради. Айни вақтда шуни таъкидлашни истардимки, биз бу демократик ўзгаришларни кимларгадир ёқиш, мақтаниш, турли рейтингларга кириш учун эмас, аксинча, демократик жараёнлар ўзимизга сув билан ҳаводек зарур бўлгани учун, халқимиз, авваламбор, ёш авлодимизнинг бугунги ҳаёти ва эртанги истиқболини ўйлаб, миллий манфаатларимиз йўлида амалга оширмоқдамиз.

Биз – Ўзбекистон фуқаролари жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар, янги имконият ва қадриятлар шаклланаётганини ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этмоқдамиз. Айниқса, “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир.

Бир ҳақиқатни очиқ тан олишимиз лозим: вақт ўтиши билан ислоҳот жараёнлари тобора кенгайиб бормоқда, шиддатли замон олдимизга янада улкан вазифаларни қўймоқда. Ҳаётнинг ўзи бизни кўп нарсага ўргатмоқда. Шу сабабли биз доимий изланишдамиз. Изланиш бор жойда ютуқлар билан бирга камчилик ва нуқсонлар ҳам бўлиши табиийдир.

Энг асосийси, “Ҳаракатда – баракат” деганларидек, биз энг қийин босқичдан ўтдик, яъни, йўлимизни аниқ белгилаб, катта ишларни бошладик. Энди ҳамма гап ислоҳотлар йўлини қатъият билан давом эттириш ва мантиқий якунига етказишда. Бу албатта осон эмас, аммо биз бунга қодирмиз. Муҳими, кейинги йилларда бундай улкан ва мураккаб вазифани амалга ошириш учун етарли сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-институционал замин яратилди.

 Савол. Мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган муҳим конституциявий тамойилни жорий этишга устувор аҳамият берилмоқда. Бунинг сабаби нимада?

Жавоб. Мен кўп йиллар давлат бошқарувининг энг қуйи бўғинидан бошлаб, ўрта ва энг юқори поғонагача – барча босқичларда масъул лавозимларда ишлаганман, Олий Мажлис депутати ҳам бўлганман. Шунинг учун ҳам эски бошқарув тизимининг барча нуқсон ва камчиликларини, аҳолини қийнаётган дарду муаммоларни қуйи бўғиндан бошлаб, ич-ичидан, бошқалардан кўпроқ биламан, деб тўлиқ ишонч билан айта оламан.

Буюк Амир Темур бобомизнинг Шаҳрисабздаги Оқсарой қароргоҳи пештоқига битилган “Адолат – давлатнинг асоси ва раҳбарлар шиоридир” деган ҳикматли сўзларида жуда чуқур маъно бор.

Маълумки, аждодларимиз азалдан “Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адолат қўрғонини бунёд эт”, деб ёш авлодга йўл-йўриқ кўрсатганлар. Биз ҳам суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда ана шундай содда ва ҳаётий талаблардан келиб чиқдик. Хусусан, “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак” деган ғояни илгари сурдик ва амалга оширишни бошладик.

Шу ўринда мамлакатимизда давлат ва ҳокимият идоралари узоқ вақт давомида халқ ҳаётидан узилиб қолганини қайд этиш лозим.

Сиёсий-ҳуқуқий нуқтаи назардан давлатга “халқ хоҳиш-иродасини ифода этадиган орган” деб таъриф берилади. Давлатни ким шакллантиради? Халқ ва унинг мухтор вакиллари. Бинобарин, давлат ва унинг органлари аввало кимга хизмат қилиши керак? Албатта, халққа, турли мансаб эгаларига овоз берган ва ишонч билдирган фуқароларга.

Шу маънода, халқимиз давлат хизматидан рози бўлишга ҳар томонлама ҳақли ва муносибдир.

Ана шундай тамойиллар асосига қурилган давлат ҳокимиятигина том маънода халқчил, демократик ҳокимият ҳисобланади. Бундай давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкам ва бақувват бўлади. Шу сабабдан биз халқимизнинг оғирини енгил қилиш, унинг муаммоларини вақтида ва самарали ечиш, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашни барча ислоҳотларимизнинг бош мақсади этиб белгиладик.

Мен давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаган 2017 йилга мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб ном берганимиз замирида ҳам айнан шундай интилиш ва ҳаракатларимиз мужассам эканини англаш қийин эмас, деб ўйлайман.

Албатта, биз эски тизимни батамом ўзгартириб, ўз олдимизга қўйган мақсадга тўлиқ эришдик, деб айтишга ҳали эрта. Такрор айтаман, биз ҳар куни изланишдамиз. Бу йўлда дастлабки қадамларни қўймоқдамиз, холос. Лекин “Бу ўзгаришлар – вақтинчалик кампания, ўтади-кетади”, деганлар янглишади. Бу – Президент ва унинг командаси узоқни кўзлаб юритаётган прагматик халқчил сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бири ва уни халқимиз билан биргаликда албатта охиригача олиб борамиз, ҳеч қачон ортга қайтмаймиз.

Бугунги кунда биз эришган энг муҳим натижа ҳам аслида шу – демократик ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган тус олди.

Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча бўғиндаги мансабдор шахслар фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвишлари билан қоғозда эмас, амалда жиддий шуғулланмоқда. Яъни, авваламбор, давлат органлари халқ учун, ҳар бир фуқаро учун очилиб, улар билан фаол мулоқот олиб бормоқда.

Биз ҳаётимизда мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати, ишсизлик, камбағаллик, коррупция, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини очиқ тан олиб, уларни кенг жамоатчилигимиз билан биргаликда бартараф этмоқдамиз.

Бугун одамларда адолатга, ҳақиқатга ишонч пайдо бўлмоқда. Улар турли даражадаги раҳбар ва мансабдорларнинг иш фаолиятига холисона баҳо бермоқда, камчиликларни ошкора танқид қилмоқда. Миллий тараққиётимиз учун бу жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, “Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон”.

Бугун одамлар уйғонмоқда, жамият уйғонмоқда. Маънавий уйғоқ жамият – бу, ҳеч шубҳасиз, қудратли кучдир.

Ўзингиз айтинг, атиги бир неча йил олдин бундай натижаларни тасаввур қилиш мумкинмиди? Йўқ, албатта. Шунинг учун бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Айни пайтда яна бир ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим: бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Йўлимиз шу пайтгача осон бўлгани йўқ, бундан кейин ҳам осон бўлмайди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур.

Мана, сўнгги пайтда кўпгина масалаларда, жумладан, “прописка”, хорижга чиқиш учун “стикер”, мажбурий меҳнат, пахта ва ғаллага давлат буюртмасини белгилаш каби эски тартиблардан мутлақо воз кечиш бўйича ғоят муҳим қарорлар қабул қилдик.

Содда қилиб, жайдари тилда айтадиган бўлсак, бу билан осмон узилиб, ерга тушгани йўқ. Аксинча, бюрократия, вазифани суиистеъмол қилиш, тамагирлик кўринишлари камайиб, жамиятимиз ҳаёти эркинлашди, одамлар енгил нафас ола бошлади. Халқимиз ҳам, дунё жамоатчилиги ҳам бу қадамларимизни ижобий баҳоламоқда.

Янги Ўзбекистон – бу, аввало, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш демакдир. Шу боис мамлакатимиз иқтисодий тизими тўлиқ қайта қурилмоқда, қанчалик оғир бўлмасин, бозор механизмларини амалда жорий этишни бошладик.

Ҳозирги вақтда электрон карточкадаги пулларни банкоматлар орқали нақд пулга айлантириш, миллий валюта курсининг “қора бозор”да – бир хил, банкларда эса бошқача бўлиши, хорижий валюталарни сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда уларни рўйхатга қўйиш билан боғлиқ муаммолар тарихда қолди.

Манба  UZA