ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИГА ХОС БАРКАМОЛЛИК ФАЗИЛАТЛАРИ

Yangiliklar

Мухаммад Ражаб Тожиев,

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни

татбиқ этиш бўлим бошлиғи, п.ф.д., проф.

 

Инсониятни, шу жумладан ўзбек ҳалқини ҳам, азалдан интилиб келаёган мақсади – Ер юзида тинчлик ва фаровонлик ҳукм суриб, шу заминда яшаб келаётган одамларнинг баркамол шахс бўлишларигига эришишдир. ХХI аср, одамзотнинг бу буюк орзусини рўёбга  чиқариш имкони  берувчи тарихий босқич. Бунга асос бўлиб, шу кундаги илмий – техникавий тараққиёт натижасида ер юзида йиғилиб қолган неъматларнинг ҳажми ва Ер шари ҳалқларининг динлараро, милатлараро ва ҳалқлараро тотувликка интилишлари ҳамда дин билан илмни бирлашиши бунга хизмат қилади. Интилиш борми, бу албатта амалга ошади, инсоният ўз мақсадига етади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августидаги  “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3907-сон қарориида  “юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш” устувор вазифаси қўйилганки, бу эса Ўзбекистон ёшларига хос баркамоллик  фазилатларини шакллантиришга дастуриламал бўлади. Айниқса, Президентимиз томонидан 5 та ташаббус: ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этиш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, спорт иншоотлари қувватини ошириш, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари, ёшлар маданиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг жалб қилиш ва ҳудуларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирларининг қўйилиши  ёшларимизни баркамол қилиб тарбиялашга асос бўлади. 

Киши ўзининг маънавияти устида ишлаши ёки бошқаларга тарбия бериши учун, аввло Ҳазрати инсоннинг биологик ҳамда ижтимоий моҳиятлар мазмуни  билан яхши таниш бўлиши лозим.

 Инсон биоижтимоий маҳлуқот бўлиб, у биологик  моҳият билан бир қаторда  ижтимоий  моҳиятга  ҳам эга.

Унинг биологик моҳиятига, уни бошқа жонзодлардан биологик тур сифатида ажратиб турувчи тик юриши, танасининг ўлчамлари, бош, оёқ ва қўлларининг шакл-шамойили, фикрлай олиш қобилияти ҳамда  бошқа бир қатор биологик кўрсаткичлари киради.

Кишининг  ижтимоий  моҳияти  деганда, аждодлардан  унга  мерос бўлиб ўтган ирсий бирлиги(ген)даги ахборотлар билан унинг шахсий ҳаёти  давомида орттирган  билими, кўникма, малака  ва маънавиятининг     мураккаб  мажмуи  тушунилади.  Эндиликда квант назарияси яратилиб, бутун олам нур (квант) тўлқинининг майдони сифатида идрок этилган бир пайтда, оламни яҳлит бир жонли мавжудот деб тан олинмоқда. Ундаги барча унсурлар олам деб аталмиш тирик вужуднинг аъзолари экани исботланган. Бу ғояга асосан инсон, олам деган тирик мавжудотнинг нутфа уруғи, кичрайтирилган нусхаси сифатида талқин қилинади.

Киши ижтимоий моҳиятининг мазмуни. Инсонни  бошқа махлуқотлардан асосий фарқи унинг ижтимоий моҳияти деб айтилди. Ижтимоий моҳият негизида одамнинг яратувчилик қуввати ётади. Одамзот ер усти  ва унинг остидаги унсурларни, яъни тупроқ, сув, тоғ жинслари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда маъданларнинг табиий хусусиятларидан фойдаланиб, уларни ўзининг ҳаёт жараёнига зарур бўлган моддий ва маънавий нарсаларга айлантиради. Бунга мисол бўлиб, уй-жой ва ҳар турли иншоотлардан тортиб, ишлаб чиқариш машиналари ва ускуналар, транспорт воситаларию, озуқа маҳсулотларигача ҳамда адабиёт  ва  саънатга тегишли маънавий бойликларни яратиши киради.

Инсон бу маҳсулотларни ишлаб чиқариши учун аввало, ер қобиғидаги унсурларнинг физик ва кимёвий ҳусусиятларини яхши билиши керак. Шундан сўнг, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг ишлаб чиқаришни лойиҳалаш технологияси, яъни усул ва услубларини ҳамда бошқа бир қатор билимларга эга бўлиши талаб қилинади. Шу билан биргаликда у, жамиятда умргузаронлик қилиши ва ишлаб чиқариш жараёнида одамлар ва давлат билан муносабатда бўлиши учун, бу муносабатларни амалга ошириш сирларини ҳамда моддий ва фикрий лойиҳалашни билиши шарт. Бу  эса, ҳар турли ахлоқ ва одоб нормаларини эгаллашни,  сиёсий ва ҳуқуқий, касбий ва ижтимоий фан билимларига эга бўлишни талаб қилади. Шундай экан, инсоннинг ижтимоий моҳияти  асосини унинг яратувчилик қобилияти, яратувчилик қобилиятининг асосини эса, билим ташкил қилар экан, десак янглишмаган бўламиз.

Кишининг  қанчалик  билими кўп  ва  турли-туман  бўлса, у шунчалик шахс сифатида ҳар томонлама ривожланган бўлади. Бунинг учун у тинмай билим олиш жараёнида бўлиши керак. Бу эса, ундан дунёнинг майда неъматлари ҳисобланган ҳамда жуда кўп вақт ва маблағ талаб қиладиган, яхши еб-ичиш, чиройли кийиниб юриш, ўйин-кулги  ва тўй-томошаларга   бўлган мойилликларини жиловлашни талаб қилинади. У турли билимларни эгаллаб, ўзининг такомили устида  тинмай ишлайди ва пировард натижада нажот топиб, буюк неъмат ҳисобланган баркамолликка эришади.

Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичи  жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб сифат ўзгаришларни амалга ошириш билан боғлиқ экани инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат. Бу вазифа фуқароларимизнинг ақлий фаоллигини ошириш ва билим даражаларини кўтариш йўли билан бажарилади. Бунинг учун шу кундаги жамият ҳаётини маълум даражада ўзгартириб, уни такомиллаштириш лозим. Кенг аҳолига маънавий ўзлигини англаш, киши маънавиятини таркиб топиш механизмлари ва унинг такомиллашув босқичларини тушунтириб бериш, шу куннинг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолди.

Шу нуқтаи назардан келиб чиққанда, Ўзбекистон Республикаси Президенти кейинги уч йилда олий таълим ислоҳатларига оид Фармон ва Қарорлари бизнинг ҳаётимизда дастур вазифасини ўтайди.

Маънавий ўзлигини англаш деганда, баъзи одамлар фикрича, юз, икки юз ёки ундан ҳам аввалги ҳаёт тарзимизга қайтиш деган сўз эмас. Маънавий ўзлигимизни англаш ва уларни ҳаётимизга сингдириш деганда, ўткан аждотларимизнинг энг яхши маънавий бойликларидан шу кунда унумли фойдаланиш деб тушунмоқ лозим. Халқимизни бир неча юз йилги ҳаёт тарзига тўлалигича қайтишга тарғиб қилиш ёки фарзандларини ундай ҳаёт тарзига ундаш ё ундан ҳам даҳшатлироғи мажбур қилиш, бола шахсига ва бутун миллатга бўлган улкан жинятдир.  Аждодларимизнинг ҳудожўйлигини, ватани учун жон фидо қилишини, меҳнатсеварлиги, меҳмондўстлигини, пиру устозлар ва катталарга бўлган хурмат ва одобини, уй-рўзғор юритишдаги сарамжон-сариштаю, тежамкорлигини, хушмуомалаю, жасурлигини ҳамда бошқа кўпдан-кўп дунё халқлари ҳавас қиладиган ҳаёт тарзларини ўрганиб, шу кундаги ҳаётимизга сингдиришимиз лозим. Кузатишларимиз шуни кўрсатдики, шу кунда, бу яхши урф-одатлар унитилиб, ўрнини миллатиммизга ёд бўлган, ғарб маданиятининг бизга кераксиз жойлари кириб келаётганга ўхшайди.

Инсоннинг бошқа маҳлуқотлардан фарқи, унинг ижтимоий моҳияти, яъни ундаги билим, кўникма, малака ва маънавиятининг мураккаб қоришмаси деб  таъкидладик. Бу сўзларнинг том маъно моҳиятини батафсилроқ тушунтириб беришлик жоиз деб ўйлаймиз.

Қадимги ва шу кундаги  ижтимоий ҳаётга бағишланган адабиётларнинг кўпчилигида инсоннинг илмий атамаси “Ҳомосапиенс”, яъни “Ақлли жонзот” деб айтилган. Бунга нима деса бўлади? Бундоқ қараганда бу тушунча тўғрига ўхшайди. Бироқ, чуқурроқ фикр юритиб кўрадиган бўлсак, ҳамма одамларда ақл бор. Бири уни кўп ишлатса, бошқаси озроқ, бири умуман кам ишлатади. “Ҳомасапиенс” деган тушунчага қараганда буларнинг барчаси “ақлли жанзот” бўлиб чиқмоқда, ақлини ишлатса ҳам,  ишлатмаса ҳам. Бу адолатдан эмас албатта. Ундан ташқари, таърифлар назариясига биноан, ҳар қандай таъриф ёки тушунча таърифланувчи нарса ва ҳодиса ҳусусиятларини ўлчамга солиш имкониятига эга бўлиши керак. “Ҳомасапиенс” тушунчаси орқали одамнинг инсонийлик даражасини ўлчаб бўлмайди.

Ўйлаб кўрайлик-чи, одам бирон нарса устида фикрини жамлаб, ақлини ишлатиши натижасида унда нима содир бўлади? Жавоб – ўша нарсани англаб етади, яъни, аввал бу нарса тўғрисида билмаганини билиб олади ёки билимга эга бўлади дейиш мумкин.  Демак, одам ақлини қанча кўп ишлатса, билими шунчалик кўпайиб бораверади. Ақлини ишлатмасачи? Билимсиз бўлиб қолаверади. Маълумки, билимларнинг тури жуда кўп. Ҳажми ундан ҳам кўп. Киши бу билимларнинг истаган турларини ва керакли ҳажмда олаверади. Натижада ҳар бир одамда турли-туман билимларнинг ҳар турли ҳажмдаги йиғиндиси  пайдо бўлади. Инсондаги ана шу билимлар йиғиндисини, унинг ижтимоий моҳияти дейилади.

Киши ўз билимларини амалий ҳаётда намоён қила олишининг бир неча   босқичлари  мавжуд.

Биринчи босқич. Одам эгаллаган билимларини амалиётда қўллаётганида ортиқча куч ва вақт сарфласа ҳам-ки, мақсадга етса ва иш бажарилса, олинган билим кўникмага айланган деб ҳисобланади.  Бу босқичда, киши тафаккурида пайдо бўлган ва тасаввури орқали ўз тасдиғини топган билим жисмоний ва ақлий фаолиятлар орқали киши вужудига ўтиб, унинг кўникмасига айланади. Кўникмага айланган харакатларни вақти-вақти билан қайтарилиб турилмаса, бу кўникма тез кунда йўқолиб, кишида қуруқ билим қолади. У билимни ҳам вақти-вақти билан эслаб турилмаса, билим ҳам эсдан чиқиб, киши билимсиз бўлиб қолади.

Иккинчи босқич. Киши ўз билимларини ҳаётда қўллайвериши натижасида, мақсадга йўналтирилган ҳаракатлари учун ортиқча куч ва вақт  сарфламай, равон амалга оширса, уни малака дейилади. Бундай билим вужудга сингиб, автоматлашган ҳаракатга айланиб кетган бўлади. Тафаккур фақат кишининг мақсадли ҳаракатини назорат қилиб туради халос.Ўз навбатида, малакани ҳам бир неча – паст, ўрта, юқори деган босқичлари бор. Малака босқичидаги билим асосида қилинган ҳаракатлар анча турғун бўлиб, киши вужуди ва хотирасидан тез йўқолиб кетмайди. Бироқ, узоқ вақт ўтиши билан, бу харакатлар такрорланмаса, вужуд ва ҳотира, уларни  ҳам унутиши мумкин.

Учинчи босқич. Инсон ҳаёти давомида орттирган фойдали билимларини амалда қўллайвериши натижасида, унда ҳосил бўлган кўникма ва  малакалар такомиллаша бориб, унинг руҳига   сингиб   ҳаёт тарзига айланган ҳолатни    маънавият  дейилади. Бу босқичдаги ҳаракатлар на фақат автоматлашган бўлади, киши бу ҳаракатларни бажармаса тура олмайдиган бўлиб қолади. Маънавиятга айланган босқичдаги ҳаракатлар киши вужуди ва руҳига шунчалик сингиб кетган бўладики, улар ундан ҳеч қачон чиқиб кетмайди. Чунки у ирсий бирликлари ичидан жой олган бўлади. Шунинг учун ҳам, бу босқичдаги ҳаракатлар зарурий ҳаракатга айланиб, тафакур уларни деярли назорат қилмайди. Айнан шу ахборотлар аждодлардан авлодларга ирсий бирликлари орқали ўтади.

Билдикки, инсон бошқа мавжудодлардан ўзининг ижтимоий моҳияти билан ажралиб турар экан. Ижтимоий моҳият негизини билимлар ташкил қилиб, улар фойдали ва фойдасиз турларга ажралади. Фойдасиз ва ижтимоий ҳаётга зарарли билимлар киши маънавиятини ташкил қилмай, бемаъани ҳаракатлар пойдевори ҳисобланади. Киши маънавиятини фақат фойдали билимлар ташкил қилади. Фойдасизлари ғайри ижтимоий бўлиб, улар асосида ҳаракат қилишлик беъманилик ҳисобланади.

Фойдасиз ва ижтимоий ҳаётга зарарли билимлар қаторига – ёлғон гапириш, ўғирлик, судҳўрлик, фирибгарлик, одобсизлик ва бошқа бир қатор разилликлар киради. Бундай билимлар ғайриижтимоий бўлиб, гуноҳларни пайдо қилувчи билимлар ҳисобланади.

Жамият ва шахс ривожи учун фақат фойдали билим, яъни (ҳикмат)лар керак. Фойдали билимларни эгаллашдан мақсад, аввало ўзига, сўнг яқин кишиларига ва бутун жамиятга наф келтиришдир. Киши муайян фойдали билимни эгаллаб олиб, уни ҳаётида кўп маротаба ишлатиши натижасида у секин-аста вужудига, кейин эса, руҳига сингиб ҳаёт тарзига, яъни ахлоқ ва одобига айланиб кетишини юқорида кўрдик.

   Фойдали билимларни маълум даражада эгаллаб, маънавиятига айлантириб улгурган  кишилар баркамол ҳисобланиб, бу дунёда эл-юрт  ҳурматига, боқий дунёда эса жаннатга сазовор,  бўладилар.

Фойдасиз, яъни юқорида санаб ўтилган зарарли билимларни, баъзи кишилар, ўз гумроҳликлари туфайли ҳаёт лаззатларига тез ва деярли куч сарфламай, қинғир йўллар билан етишиш мақсадида, эгаллайдилар. Улар гоҳо ўз мақсадларига етадилар ҳам, гарчи жамоат ва қонунни муҳофаза қилувчилар назоратидан ўтиб кетсалар. Аммо, тез кунда бу ғайри ижтимоий билим(гуноҳ)лар уларнинг руҳини нуратиб, асабини тамом қилиб, бу дунёнинг ўзидаёқ дўзаҳ азобига гирифтор қилади.

Фойдали билимларни маълум даражада эгаллаб, маънавиятига айлантириб улгурган  кишилар баркамол ҳисобланиб, бу дунёда эл-юрт  ҳурматига, боқий дунёда эса жаннатга сазовор,  бўладилар.

Мақола муаллифларининг 30 йил давомида олиб борган социологик тадқиқодлар-у шахсий кузатишларимиздан келиб чиққан ҳолда,  инсонга энг зарур бўлган ижтимоий  сифатлар қуйидагилар бўлиб чиқди: имон ва эътиқодли, ақлли, одоб ва аҳлоқли, билимли, меҳнатсевар, соғлом, миллий ғурури бор, ватанпарвар, байналмилал, инсонпарвар, жасур, сабр-қаноатли ва саховатли каби фазилатлардир.  Қолган кўпдан – кўп инсоний сифатлар, буларнинг унсурлари ҳисобланади.

Азиз ва севимли юртдошлар гуноҳ ишлардан қочиб, баркамолликни ўзингизга раво кўринг, шунда у дунё-ю бу дунёингиз обод бўлади, ўзингизни баҳтли ҳис қилиб, умрингиз узоқ бўлади. Баркамол бўлиш сирларини эса,  кейинги мақолаларимзда очиб бериб берамиз.

Фойдаланилган адабиётлар

1.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августидаги  “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3907-сон қарори.

2. Зиямуҳамедов Б. Бахтли ва фаровон ҳаёт билан руҳ хотиржамлигини таъминловчи фазилатлар: фалсафий-маърифий асар. – Тошкент, “ТАМАДДUN”, 2017. – 472 б.

3. Тожиев М., Зиёмуҳаммадов Б. Миллий педагогик технологиянинг таълим-тарбия жараёнига татбиғи ва уни ёшлар интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдаги ўрни. Монография / – Т.: «MUMTOZ  SO’Z», 2010. – 271 б.