“Коррупцияга қарши курашиш ва очиқлик бўйича Тошкент форуми” ўтказилди.

E'lonlar

2021 йилнинг 3 декабрь куни “Hilton” меҳмонхонасида «Коррупцияга қарши курашиш ва шаффофлик бўйича Тошкент форуми» бўлиб ўтди.

Мазкур форумда Озарбайжон, Украина, Қозоғистон, Малайзия, Хитой, Грузия, Словения коррупцияга қарши курашиш бўйича идора раҳбарлари, шунингдек, хорижий экспертлар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, юздан ортиқ вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тошкент форумида асосий мақсад коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, бу борада илғор механизмларни жорий этиш бўйича миллий ва халқаро тажриба билан яқиндан танишиш, давлат хизматининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, қолаверса, соҳадаги ҳуқуқий ва институционал базани янада такомиллаштириш масалаларининг муҳокамасига қаратилди.

Тошкент форумида қуйидаги асосий масалалар муҳокама этилди:

  1. Мамлакатда коррупцияга қарши сиёсатни шакллантириш ва унинг шаклланишида жамоатчиликнинг иштироки;
  2. Очиқлик ва шаффофлик коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида;
  3. Коррупцияни бартараф этиш бўйича самарали механизм ва чора-тадбирлар;
  4. Коррупцияга қарши курашишда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти.

Форумда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг ўзига хос жиҳатлари, унинг истиқболлари, соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш оид ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашиш масалалари алоҳида муҳокама этилди. Таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий билимларни ошириш муҳим аҳамият касб этиши тўғрисида ҳам сўз юритилди.

 «Коррупцияга қарши курашиш ва шаффофлик бўйича Тошкент форуми» якунида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга доир самарали сиёсатни ишлаб чиқиш, айни йўналишдаги чора-тадбирлар натижадорлигини баҳолаш ва сифатини ошириш бўйича амалий ҳамкорлик муносабатлари янада мустаҳкамланди. Мазкур долзарб мавзуларга бағишланган форумда Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларини татбиқ этиш маркази вакилининг ҳам иштироки таъминланиб, Олий таълимда коррупцияга қарши курашиш соҳасида бажарилиши керак бўлган устувор вазифалар белгиланиб олинди.