Алишер Навоий ҳайрати

Yangiliklar

Бизни ўраб турган олам ҳамиша сирли, ҳамиша ҳаракатда. Инсон ўзини ўраб турган оламга назар ташлар экан, албатта ҳайратга тушади. Ҳар сафарги янги нигоҳ гўёки бошқа бир мўъжизани кашф этгандек, лол қолади. Аниқроғи, ҳар бир нарса ва буюм ўзини янги-янги шакллар билан намоён этади. Сал олдинроқ яшил кўриган нарса кейинроқ мовий, сўнг сариқ, умуман бошқа ранг, бошқа шаклда кўриниши мумкин.

Шакл ва мазмун уйғунлиги тўғрисидаги фалсафий тушунчалар, умумяхлитликни акс эттирувчи қонуниятлар ҳаёт деб аталмиш муқаддас неъматни тартибга солиб туради. Инсон ҳаёт қонунларини секин-аста билиб бориши баробарида энг аввало ўзини кашф этади. Уни ўраб турган оламни ўрганиб боради. Мана шу неъматлардан фойдаланиш билан биргаликда уларни ҳам бойитади, шаклан тасаввур қилади, мазмунан тўлдиради, билган сари яна ҳам билгиси келади, аммо бу билимнинг охирига ета олмайди. Улуғ файласуф Аристотель айтганидек, “Мен шунча билим ўрганиб, ниҳоят ҳеч нарса билмаслигимни англадим”. Табиатан инсон ижодкор бўлади. Ҳар бир одам ўз билимини, тажрибасини, кўникмасини амалий ҳаётда қўллаш орқали ҳам жисмоний, ҳам руҳий қониқиш олишга интилади. Ожиз қолган пайтда эзгу мазмун ва мафтункор гўзал шакл бирлигидан ҳайратга тушади, акси бўлса, ҳафсаласи пир бўлади. Ана шу ҳиссиёт ва кечинмалар шоирларнинг сўзида, рассомларнинг тасвирида, ҳунармандлар яратган буюмларда акс этади. Юксак эстетик, завқу шавққа ёки нафрат ва ҳаяжонга сабаб бўлади. Инсоният тарихидаги санъат ва адабиётнинг буюк намуналари ҳам ана шундай дунёга келган.

Шу каби дурдоналардан бири, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий “Хамса”сининг биринчи достони “Ҳайрат-ул аброр” асари ҳисобланади. У фалсафий-дидактик асар бўлиб, яхши одамларнинг ҳайратлари сифатида ибратли воқеалардан сўзлайди. Китобдаги “Сўз таърифидаким” деб номланган мақолатдаги қуйидаги мисраларга эътибор қаратамиз:

 

 

Дафтари назмида чу шерозадир,

Гул варақи гулшан аро тозадир.

 

Узди чу шерозасини дафтари,

Ел учурур ҳар варақин бир сори.

 

Бўлмаса эъжоз мақомида  назм,

Бўлмас эди тангри каломи[1]да назм.

 

Назмда ҳам асл анга маъни дурур,

Бўлсин анинг сурати ҳарие дурур.

 

Назмки мани анга марғуб эмас,

Аҳли маоний қошида ҳўб эмас.

 

Назмки, ҳам сурат эрур хуш анга,

Заминида маъни доғи дилкаш анга.

 

Ҳазрат Навоийнинг ушбу мисраларини ўқир экансиз, тартиб билан назмга солинган сўз, агар маъноси бўлса, у бебаҳо бойликка айланашини тасаввур қиласиз. Мисралар мазмунини англаш осон. Шундан бўлсада, уларни насрга кўчириб, биргаликда мушоҳада қиламиз.

“Шеър дафтари ҳам бир-бирига боғлангани учун унинг варақлари гулзордаги гулдек тоза, дафтарнинг ипи сўкилса, унинг варақларини шамол ҳар томонга учириб юборади. Гулшанда гулларнинг саф тортиб очилиб туриши бу – назм. Уларнинг ерга сочилиб тўкилиб ётиши насрдир. Назм бу қадар юксак эъзозланмаса, тангри сўзида шеър бўлмас эди. Назмда ҳам асоси маънодир. Унинг шакли эса ҳар хил бўлиши мумкин. Яхши мазмунга эга бўлмаган шеър тушунган одамлар томонидан яхши баҳоланмайди. Ҳам яхши шаклга эга бўлган, ҳам гўзал маъно асосига қурилган шеър-ҳақиқий шеър”.

Навоий таъкидлаган шу фалсафий тушунча санъат, маданият, илм-фан ва бошқа соҳалардаги инсон ижоди ва ҳаёти билан боғлиқ жараёнлар, уни ўраб турган предметлар оламига ҳам тааллуқлидир. Шакл эса ҳар хил бўлиши мумкин. Нарса ва буюмларнинг моҳияти эса уларнинг функциясида, яъни вазифасида акс этади. Мавзуга чуқурроқ кириш ниятида “Ҳайрат-ул аброр”даги яна бир кичик лавҳани таҳлил қиламиз ҳамда биргаликда мушоҳада этишга уринамиз. Сиз юқорида назм, сўз шеърият шакли эканлигини, наср эса табиий сочилиб ётган манбалигини билиб олдингиз. Мана энди шу достон мисралари асосида коллаж, сурат солиш, куй басталаш, маъно теришингиз мумкин. “Хуросоннинг мисли йўқ вилояти баёнида” деб номланган мақолатдан баъзи мисралар  мағзини чақамиз. Унда шоир Навоийнинг эмас, балки рассом, дизайнер, меъмор, сўз устасининг ҳайратлари акс этиб, кўз ўнгимизда XV аср Хирот манзаралари гавдаланади. Сиз ҳам ҳаёлан ана шу манзараларни тасаввур этасиз,  улардан ҳатто қаламтасвир сурат ёки лойиҳа чизиш, кинофильм суратга олиш, интернет ёрдамида анимация асарларни тайёрлаш учун манба сифатида фойдаланишингиз мумкин. Албатта, буюк ижодкор сўз сеҳри билан бизнинг руҳимизга ҳайрат олиб киради.

 

Қалъасида ҳусн фалакдек улуғ,

Шаҳрида анжим сипоҳидек ғулғу.

 

Тўрт тараф жадвали бозор анга,

Кирган улус барча харидор анга.

 

Ҳар не харидор гумон айлабон,

Сотувчи юз онча аён айлабон.

 

Масжиди Жомеъ яна бир оламе,

Тоқи яна бир фалаки аъзаме.

 

Шаҳр – жаҳон анда бу ҳам бир жаҳон.

Икки жиҳон бир-бири ичра ниҳон.

 

Шаҳри аро бўйла бино беҳисоб,

Қалъасининг тошида ҳуд, неҳсоб.

 

Шаҳрлар отини малолат этиб,

Бўлди чу юз шаҳр Ҳири от этиб.

 

Мадрасалар ҳар бириси аржуманд,

Пояда кўк мадрасасидек баланд.

 

Тархда сунъ илги мухандислари.

Руҳи қудус файзи  мударрислари.

 

Барча чаманлар гули гулзорлиқ,

Ҳар чамани йўли гириҳ корлик.

 

Гуллари навъини не дей онча гул,

Онга не гулким санай олғонча гул.

 

Наҳлини деҳқонки боруманд этиб,

Шоҳига юз мевани пайванд этиб.

 

Ҳар шажару юз гул ила шеваси,

Турфаки юз нав бўлиб меваси.

 

Саҳнида юз гул чиқариб бир йиғоч,

Ҳар гулининг атри бориб бир йиғоч.

 

Биз бу мақолатни ҳам қисқартириб олдик. Келинг, Хирот шаҳри таърифини бироз кўз олдингизда намойиш қилсак. “Шаҳарда юлдузларча аскарларнинг ғавғоси. Тўрт томон кетган йўл, унинг бозорлари, у ерда ким бўлса, бирон-бир нарсага харидор. Харидор қандай нарсани олишни ўйламасин, сотувчилар ундан юз чандон ортиғини муҳайё қиладилар. Шаҳар ўзи бир жаҳон бўлса, ундаги Масжиди Жомеъи ҳам бир жаҳон. Икки жаҳон бир-бирининг ичида ниҳон. Шаҳарда бу хил бинолар беҳисоб. Шаҳар деворидан четдагилар бу ҳисобга келмайди. Ҳай, ҳай! Бу Хирот қандай шаҳар бўлди?! Унинг бир қисми иккинчи қисмидан ажойиб. Мадарасаларнинг ҳар биттаси алоҳида ўз қадрига эга. Улуғворликда кўк мадрасасидан ҳам баланд. Уларнинг нусхасини, лойиҳасини бинокор-қурувчилар яратувчи қўллари чизган. У ердаги мударрисларнинг дили равшан, руҳи пок. Ҳамма чаманлар гулу гулзорлиқ. Ҳар чаманнниг йўли бўғин-бўғин. Гулларнинг навларини нима дейин?! Шунча гулки, шунча гул бўлганда ҳам санаганингча бор. Деҳқон кўчатларни парвариш қилар экан, шоҳига юз хил мевани пайванд этади. Ҳар дарахтнинг юз хил хусусияти бор. Сахндаги бир дарахт юз хил гул чиқариш билан бирга унинг гулларининг ҳиди, ўн саккиз чақиримга боради. Биз бу шеърий лавҳадан ҳамда мақолатдан Хирот шаҳрида Ҳусайн Байқаро томонидан қурилган шаҳар ҳақида тасаввур қилиш имкониятига эга бўлдик. Темурийлар даври меъморчилиги ҳақида ўша даврнинг ўзида ёзилган маълумотлардан фойдаландик. Биз достонинг бу мақолатини тўла кўчирмасак ҳам ундаги мавзуимиз билан боғлиқ қуйидаги атамаларага эътиборимизни қаратдик.

1. Меъморчиликда:

  • ер ўлчаш фани;
  • Хуросон шаҳарлари;
  • маъдан конлари;
  • олий даражадаги масжидлар;
  • яшил ранг ойна;
  • бинолар зийнати;
  • мустаҳкам қўрғонлар;
  • қўрғон буржлари;
  • арки
  • деворларнинг кўнгуралари (ялтироқ);
  • улардаги лавҳалар кошин билан зийнатланган;
  • ложувард ранглар;
  • тоқи осмондан андоза олган;
  • дарвозасига фил сиғади;
  • йўл тўрт томонга кетган;
  • мол ва сотувчилар кўплиги;
  • дўконлар;
  • Масжиди Жомеъи ўзи бир олам;
  • зинапоялари Муштарий сайёрасигача баланд;
  • бинолари беҳисоб;
  • шаҳар деворидан ташқарида ҳам бинолар кўп;
  • ҳамма ерда ободонлик;
  • ҳонақохлар;
  • мухандислар;
  • қурувчилар;
  • тархи (лойиҳаси);
  • қуббалар осмон билан беллашади;
  • Чин наққошлари қаламларини синдирган;
  • зийнати Чин шойиси зийнатидек;
  • гумбазлари феруза;
  • айланма кенгураси;
  • хандақи чуқур;
  • муаззин;
  • шам;
  • маҳаллалар;
  • саккиз бурчакли гулзор;
  • Боғи Эрамдек боғлар;
  • меваларни пайванд қилиш.

              Умуман, табиий фанлар бўйича, сиёсий-ахлоқий-фалсафий фанлар, география, астраномия ва бошқа соҳаларни акс эттирувчи кўплаб атамалар борки, бу ўз-ўзидан, Алишер Навоийни шаҳарлар тархини яратишга меъморлар билан биргаликда бош-қош бўлганлигидан, айтиш жоиз бўлса, лойиҳачи-меъмор бўлганлигидан далолат бериб турибди. Эътибор берган бўлсангиз, Алишер Навоий ушбу кичик мақолатда ўнлаб илмий атамалардан фойдаланганлигини кўрамиз. Биз юқорида айтганимиздек, меъморчилик ва деҳқончилик борасидаги фикрлар бизни ўқувчиларга тақдим қилаётган мавзуга олиб чиқади. Улар орасида “мухандис”, яъни қурувчи-инженер “бунёдкор” атамаси билан, “бино тархи”, яъни бино лойиҳаси, «Чин наққошлари қаламлари» каби меъморчилик атамалари бугунги кунда кўп қўлланиладиган архитектура, амалий санъат, маданият, ҳунармандчилик каби соҳалар, “тарх” атамаси эса бадиий лойиҳалаш соҳаси бўлган “дизайн” тушунчаси билан боғлайди. Демак, дизайн XV асрда Ўрта Осиёда кенг қўлланилган. У меъморчилик, ҳунармандчилик, амалий санъат, либос ва костюмлар яратишда устазодаларнинг ижодий фантазияси, билими ва тажрибаси маҳсули эканлигини яққол сезамиз.

XV асрнинг иккинчи ярмига келиб Темурийлар давлати бош маданий маркази Самарқанддан Хиротга ўтади.

Султон Ҳусайн Байқаро даврида фан ва санъат соҳиблари бутун Мовороунахр ҳамда Эрондан Хирот томон интиладилар. Шаҳар ва унинг атрофидаги ободонлик, хусусан, улкан биноларнинг бунёд этилиши асосан давлатнинг буюк вазири Алишер Навоий ташаббуси билан амалга оширилган эди. У минглаб ижодкорларга ҳомийлик қилди. Маълумотларга қараганда, Алишер Навоий ва унинг сафдошлари томонидан Хирот ва унинг атрофларидан 300 дан ортиқ жамоат бинолари, масжидлар, мадрасалар, ҳаммомлар, истироҳат боғлари, саройлар, касалхоналар, карвонсаройлар бунёд этилди. Мақбаралар, кўплаб ариқлар, сув омборлари, ҳовуз ва кўприклар қурилди. Тарихчи олим Хондамирнинг гувоҳлик беришича, Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Астрабодда Тинчлик саройи, Марвда Жомеъ масжиди ҳамда Хуросондаги 12 та масжидни қайта таъмирлашда бош-қош бўлган.

Самарқанд, Бухоро, Марв, Хирот атрофларида оммавий тарзда истироҳат боғлари бунёд этилган. Улар “чорбоғ” деб юритилиб, шаклан тўртбурчак, квадрат ҳамда  улар  тўртадан ўн олтитагача катакларга бўлинган. Уларда гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, атрофлари деворлар билан ўралган. Сув ҳавзалари ва ҳовузлар мўътадил иқлим ҳосил қилган. Бу боғлар темурий зодагонлар учун хизмат қилса ҳам, бу  юртда истироҳат боғлари яратиш санъати ниҳоятда ривожланганлигидан далолат беради.

Амалиётда ҳам, ижодиётда ҳам яратувчи бўлган Алишер Навоий оламга хайрат кўзи билан боқди. Инсонийликнинг ҳам маънавий, ҳам шаклан тасвирларини чизди.  Замон ва макон узра  уларни уйғунлаштирди.

Ўзбекистон санъат арбоби Дадахон Ёқубов.