БУЮК АЖДОДЛАРИМИЗ БОҒБОН БЎЛИШГАН...

Ma'lumotlar

Турмушимизда одамлар тез-тез мурожаат қиладиган бир қатор оддий касб-кор бор. Деҳқон борлиққа ризқ улашади. Боғбон мева-чева етиштиради.Чўпон мол –қўй боқади. Оддий касб эгаси ўз соҳасининг билимдону миришкори саналади. У ўз меҳнати билан мўъжиза яратади.Қани, тасаввур қилинг! Сизни болалар боғчасига боғбон қилиб ишга олишди, дейлик. Ишни нимадан бошлайсиз? Албатта, дарахтларни суғорасиз, шакл берасиз, парваришлайсиз. Бу ишларни кўрган билганингизча бажарасиз. Аммо боғбонлик касби сирларидан хабарингиз йўқлиги боис, унинг вазифасини яхши уддалай олмаслигингиз сезилиб қолади. Шундай бўлса ҳам, сир бермайсиз. Боғбонлик ҳам касб бўлибдими, деб беписандлик билан қарашингиз ҳам мумкин. Еримиз саҳоватли, унга кесовни суқиб қўйсангиз ҳам, улкан дарахт бўлиб ўсиб чиқади, деган афсонада миришкор кишиларимиз меҳри борлигини кейинчалик тушуниб оласиз. Ҳақиқий боғбонларимизни “халқ академиги” деб эъзозлашади. Ризамат ота Мусамуҳамедов яратган сархил мева ва узим навлари, академик Маҳмуд Мирзаевнинг илмий кашфиётлари асосида боғбонликдан бошланиб, такомиллашган илм-фан кашфиётларини кўрасиз. Улардан қолган боғлар бугунги авлодлар учун улкан мактаб вазифасини ўтамоқда.

Ўрта ва олий маълумотли агросаноат мухандис, аграном, селекциячи ва соҳанинг бошқа мутахассислари касб поғонасининг бошланиши ҳамда энг юқори чўққиси боғбонликдир. Луғатларда боғбон тушунчасини боғдорчилик мутахассиси, боғ ва ундаги мевали дарахтларга, ток ва гулларга қаровчи, уларни парвариш қилувчи мутахассис киши дея изоҳланади. Кўп ҳолларда бу фаолият билан эркаклар шуғулланган. “Боғдор” атамасини “боғдорчилик” билан шуғилланувчи боғбон, боғ эгаси деб тушиниш мумкин. Ўз хонадонидаги, томорқасидаги дарахтларни парвариш қилувчини-хаваскор боғбон,давлат рўйҳатида малакаланган боғбонлик касбини эса мутахассислик, десак ҳато қилмаймиз. Анъанага биноан, боғбонлик касби отадан болага, устоздан шогирдга ўргатилган. Бугунги кунда мактабдаги “табиатшунослик ва экология” тўгараги, агросаноат коллежлари, аграр институт, университетда боғбонлик билан боғлиқ бир қатор турдош касб бўйича ўрта ва олий маълумотли мутахассислар тайёрланади. Дунёда иқлим ўзгариб бораётган, аҳолининг экологик тоза озиқ– овқат маҳсулотларига бўлган талаби ошаётган ҳозирги пайтда боғбонлик билан боғлиқ барча мутахассислик учун чуқур назарий ва амалий билимлар зарур. Мева-сабзавотчилик ва узумчилик йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш мақсадида Аграр университетда Мевасабзавотчилик ва узумчилик факультети ташкил этилган. Мевасабзавотчилик ва узумчилик факультетига “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик” “Ўрмончилик ва аҳоли турар жойларини кўкаламзорлаштириш”, “Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки қайта технологияси” йўналишлари бўйича бакалавриат ва магистрлар тайёрлашни йўлга қўйиш вазифаси юклатилган. Мазкур факультетда боғбонликнинг икки тури мевачилик ва манзарали боғлар учун мутахассислар тайёрланади. Кўпчилик шаҳар ҳиёбон ва боғларида, манзарали дарахтни парвариш қилиш, уни буташ, шакл бериш, кўкаламзор майдон яратиш билан шуғулланувчи боғбонни ланшафт дизайнери билан алмаштириб юборади.

Албатта, замонавий боғбон гулчилик, дендралогия,  аграномлик,  экология,  тупроқшунослик, ўсимликларни ҳимоя қилиш,биология каби фанларни яхши билиши зарур, шу билан биргаликда архитектура, санъат, ланшафт дизайнидан ҳам ҳабардор бўлиши, лойиҳалаш маданиятига эга бўлиши, рангларни тушуниши , ундан фойдаланишни билиши, шакл яратишнинг биодизайн услубини қўллай билиши ҳам талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, фикр айтсак, соҳанинг ўзи боғбон-дизайнер мутахассислиги, ланшафт–дизайни йўналишида тайёрланган мутахассисга зарурат тўғилаётганлигини кўрсатиб турибди. Зеро, дизайн бу касб эмас, балки барча соҳаларда қўлланиладиган инсон фаолияти методи, лойиҳалаш маданиятидир.

 Боғбон кўчат экишда нафақат саралаб экилган дарахт, бута ва бошқа ўсимликларни парвариш қилиш учун қулай майдон ҳозирлайди, балки уларни жойлаштиришнинг эстетик гўзаллигига ҳам эътибор қаратади. Бизнинг юртимизда боғбонликнинг хар икки тури ҳам тенг қадрланган.

Тарихий манбаларда Амир Темур етти йиллик юришдан қайтган йили Кастилия элчиси Рюи Хонзалес де Клавихо шаҳарни ва қарийб чорак асрдан буён қурилаётган саройни қуйидагича таърифлайди:”28 август пайшанба куни чошгорҳда Кеш деб аталган катта шаҳарга келдик. Кеш сой ва анҳорлар ўтган теккисликка жойлашган Шаҳар атрофлари кўплаб боғлар ва ҳовлилар билан ўралган. Аҳоли яшайдиган қишлоқлар, кўм–кўк ўтлоқлардан иборат, сувга сероб бу мазил ёзда жуда гўзал манзара касб этса керак. Далаларда буғдой, пахта, қовун-тарвуз экилган бўлиб, ичкарига кўтарма кўприклар орқали кирилган. Шундан кейин элчиларни шоҳнинг ўз маликалари билан туриши ва базм ўтказишга мўлжалланган жуда кенг ва ҳашаматли саройга бошлади. Кўплаб мевали ва манзарали дарахтлар ўсиб турган, кўплаб ҳовуз ва дид билан жойлаштирилган ўтлоқлар мавжуд бўлган катта боғ кўз олдимизда намоён бўлди. Боққа кираверишда шу қадар катта майдон мавжуд эдики, одамлар ёз ойларида сув бўйида, дарахтлар соясида ҳузур қилиб ўтиришлари мумкин эди. Сарой шу қадар ҳашаматли ишлагандики, тасвирлашга ожизман”. Нақл қилишларича, чорбоғ шундай боғки, унда тупроқ ҳам, сув ҳам, нур ҳам, ҳаво ҳам бир–бирига ҳамоҳанг, яъни чорбоғда қадимги Шарқ фалсафасига хос чорунсур ҳамда йилнинг турт фаслга хос иқлимнинг рамзий холати мавжуд бўлган. Унинг бир қисмида шамол ёки шабада есиб туриши зарур бўлса, боқа бир қисмида ғарқ пишган мевалар ва манзараларнинг мавжуд бўлмоғи, яна бир қисмида эса соя-салқин, сўлим мухит яратилиши кўзда тутилган.

Чорбоғда “яшил дунё”, “сув дунёси”, “ҳайвонат дунёси”, тупроқ, микроиқлим, қурилган иморат ва иншоотларнинг меъморий ва ландшафт уйғунлиги боғнинг меъморий яхлитлиги ҳамда холислигини таъминланган. Шу туфайли ҳам чорбоғ “жаннат” рамзи ҳисобланган. Боғбонлик, боғлар яратиш миллий қадриятларимизнинг ажралмас бир қисмидир.

 Янги мева навларини яратиш, боғлар барпо қилиш орзуси болалигимизданоқ руҳимизга сингган. Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида яшовчи Файзулла бобо Хўжаев 2 гектар майдонни эгаллаган боғидаги асил қайин, қора марварид, сариқ пўчоқ навли 100 туп анор ва бошқа турли мевали дарахтларини парваришлайди. У нокни беҳига пайванд қилиш тажрибасини амалда синаб кўрди. Натижада бир дарахтдан ҳам беҳи, ҳам нок мевасини олишга эришди, деб ёзибди Туркистон - пресс.

 Боғбонлик касбини энг юқорига олиб чиққан маскан академик Маҳмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий­­-тадқиқот институти саналади. Олимлар бу масканда боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантиришда республика ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитига мос, серҳосил, янги мева-узум навларини яратиш, уларнинг пакана ва ярим пакана кўчатларини кўпайтириб, ресурс тежамкор технологияларни тадбиқ этиб, тупроқ унумдорлигини ошириш, тоғ ва тоғолди ҳудудларини ўзлаштириб, боғ-токзорлар барпо этиш, мева-узум маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш усуллари ҳамда виночилик бўйича янги вино маркаларини яратиш устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар. Мустақиллик йиллари селекционер олимларимиз томонидан олма, нок, ўрик, беҳи, шафтоли, бодом, қорағат, қулупнай ва узум навларининг қурғоқчиликка чидамли янги навларини ҳам яратдилар. Шу билан бирга ҳар хил тупроқ шароитида ўсувчи янги турдаги мевалиларнинг пакана пайвандтаглари олиб келиниб, республикамиз шароитида синалмоқда. Янги яратилган навлар ичида қурғоқчиликка чидамли навлар алоҳида ўрин тутади. Буларга олманинг Малика, Қизил тарам олма, Чўлпон, Ойдин, Нафис, нокнинг Кулола-2, Зимняя, Нашвати2, беҳининг Изобильная, олхўрининг Чернослив Самаркандский, шафтолининг Шарқ, қорағатнинг Сиюма, Ирода, узумнинг Ризамат, Кишмиш Ботир навлари киради. Ушбу янги яратилган истиқболли навлар мева-узум навларининг ўрнини тўлдириб боради.

 Мамлакатимиз меҳнат бозорида манзарали ва мевали боғлар мутахассига талаб катта. Мевали боғларда ишловчи мутахассислардан дарахт кўчатини етиштириш, экиш, парваришлаш, шакл бериш, суғориш, ўғитлаш, ҳосилни зараркунанда хашоратлардан сақлаш, йиғиш, тайёрлаш каби боғ юмушларини билиши талаб этилади. Манзарали боғ мутахассиси учун ўрмон, миллий боғ, табиат маскани, шаҳар хиёбони, меҳмонхона, истироҳат маскани, парк, мактаб, боғча ва бошқа майдонлар, табиатнинг мунис бағри ўз қучоғини очади. Мутахассиснинг билими, тажрибаси, малакаси, ижодкорлиги каби хусусиятлари даромадига даромад қўшади. Мевали ва манзарали дарахтларга шакл бериш алоҳида санъат. Агар мевали дарахтга шакл бермаса, ортиқча новдаларни олиб ташланмаса меваси кам бўлади. Шу каби манзарали дарахтни кесиш ва қайчилаш орқали касалликлардан тозаланади, маълум бир қиёфага киритилади, чирой берилади. Шу билан биргаликда ланшафтдаги бошқа дарахтлар билан мослаштирилади. Яна бир сир, шакл беришни яхши билган боғбон, дарахтларни пайвандлашни ҳам билади. Бу эса энг ноёб қобилиятни талаб қилади.

Алишер Навоийнинг “Ҳайрат–ул аброр” достонидаги мисраларда боғбон маҳорати улуғланади.

 Барча чаманлар гули гулзорлиқ,

Ҳар чамани йўли гириҳ корлик.

 Гуллари навъини не дей онча гул,

Онга не гулким санай олғонча гул.

 Наҳлини деҳқонки боруманд этиб,

Шоҳига юз мевани пайванд этиб.

 Ҳар шажару юз гул ила шеваси,

Турфаки юз нав бўлиб меваси.

Саҳнида юз гул чиқариб бир йиғоч,

 Ҳар гулининг атри бориб бир йиғоч.

 Достон мисраларининг мағзини чақсак:

”Ҳамма чаманлар гулу гулзорлиқ.

Ҳар чаманнниг йўли бўғин-бўғин.

 Гулларнинг навларини нима дейин?!

 Шунча гулки, шунча гул бўлганда ҳам санаганингча бор. Деҳқон кўчатларни парвариш қилар экан, шоҳига юз хил мевани пайванд этади. Ҳар дарахтнинг юз хил хусусияти бор. Саҳндаги бир дарахт юз хил гул чиқариш билан бирга унинг гулларининг ҳиди, ўн саккиз чақиримга боради”.

Темурийлар даври боғдорчилиги ҳақида ўша даврнинг ўзида ёзилган маълумотларни келтирдик.” Боғдор” сўзи, боғбон, боғнинг эгаси маъносини беради. Етук мутахассис боғи роғларнинг хақиқий хўжайини бўлади. Аграр университетни битирган соҳа вакиллари бир неча касбларни билади, менежментлик, ташкилотчилик ва раҳбар лавозимини ҳам бемалол эплай олади. Ҳа, ҳар боғбоннинг ўз тажрибаси, маҳорати ва кашфиёти бор. Дунёнинг истаган бурчагида бу касб эгаси ўзига нон топа олади. Шу боис ҳорижликлар билан тажриба алмашиш, инновацион ғоялар билан ўртоқлашиш, ҳамкорликларни йўлга қўйиш фойдали саналади. Боғбонлик касбини танлаган ҳар бир инсон ўсимлик оламига яқин кишисидек қарайди. Табиатга муҳаббат қуяди. Дарахт, гул, майсаларнинг шамолдаги шивирига қулоқ тутади. 

 Боғбонларнинг подшоҳи, подшоҳларнинг боғбони Заҳириддин Бобур “Бобурнома”да “Андижоннинг ношпотисидин яхшироқ ношпоти бўлмас...” деб ёзган эди. Улуғ шоир ва олим учун ношпоти дарахти, боғ–Ватан рамзидир. Ватанни севувчи инсон эса боғбон бўлади. Буюк аждодларимизнинг боғбон бўлишган.

 

   Дилноза Зупарова, докторант.