Фаолиятни рақамлаштириш йўналишида

 

Ахборот-коммуникация техонологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш барча соҳада бўлгани каби олий таълим тизими, жумладан, Марказ фаолиятида ҳам муҳим вазифалардан биридир. Бу борада 4 та йўналиш белгилаб олинганбўлиб, ҳозирги кунда уларнинг 2 таси“adabiyot.edu.uz” ҳамда “unilibrary.uz” платформалари ишга туширилди:

“adabiyot.edu.uz” платформаси орқали ўқув адабиётларини нашр этишга тавсия бериш жараёнини рақамлаштирилди. Бу платформа орқали олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган ўқув адабиётлари, яъни дарслик ва ўқув қўлланмалар экспертизадан ўтказилади. Ижобий баҳоланган адабиётларни нашр этиш учун электрон шаклда махсус вазирлик гувоҳномаси расмийлаштирилади.

– Электрон кутубхона“unilibrary.uz” тизими ишга туширилиши натижасида барча давлат олий таълим муассасаларининг ахборот ресурс марказлари интеграция қилинди. Келгусида барча олий таълим муассасаларида мавжуд 4 миллиондан ортиқ адабиётлар тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, ягона платформага жойланади. Ҳар бир профессор-ўқитувчи ва талабага ундан фойдаланиш имконияти яратилади.

Яна 2 та платформа: “Study in Uzbekistan” ва “olimpiada.edu.uz” устида иш олиб борилмоқда:

“Study in Uzbekistan” – “Ўзбекистонда таҳсил ол” махсус веб-портали ишга туширилади. Бу хорижий мамлакатлар ёшларини Ўзбекистон олий таълимига жалб этиш учун мўлжалланган махсус портал ҳисобланади. Бунда билим соҳалари, таълим йўналишлари, мутахассисликлар, ўқишга қабул тартиби, муддати, ўзига хослиги бўйича маълумотлар, шунингдек, барча олий таълим муассаларининг саҳифалари мавжуд бўлиб, хорижлик ёшларга муҳим маълумотлар тақдим этилади.

“Онлайн олимпиада” платформаси жорий қилинади. Бу орқали олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадаларини электрон шаклда ўтказиш тизими яратилади. Талабалар узоқ ҳудудларга бормасдан, ўз ўқиш жойидан туриб, олимпиадада қатнашиш имкониятига эга бўлади.

Яқинда Олий таълим муассасалари битирувчилари учун яна бир қулайлик яратилди. Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тўғрисидаги диплом дубликатларини олишнинг янги тартиби жорий қилинди. Жорий этилган янги тартибга кўра, диплом дубликатини олиш истагини билдирган фуқаролар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали яъни “my.gov.uz” сайти орқали мурожаат қиладилар, таълим муассасасига бориш талаб этилмайди. Фуқаролар ариза қолдирилгандан сўнг 10 иш кунида диплом дубликатини ваколатли органдан олиб кетиши, шунингдек, уларнинг хоҳишига қараб, тайёр бўлган диплом дубликати почта хизмати орқали уларнинг яшаш манзилларига етказиб берилиши ҳам мумкин.