Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги 75-сонли “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори асосида фаолият юритади.

Марказ давлат муассасаси бўлиб, унинг фаолияти қуйидагиларга йўналтирилган:

– олий таълим муассасалари фаолиятида илғор педагогик технологиялар ва инновацион ўқитиш усулларидан кенг фойдаланиш асосида ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш, шунингдек, таълим жараёни сифатини изчил ошириб бориш, ўқитишнинг самарали шакллари ва усуллари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга кўмаклашиш;

– олий таълим муассасаларининг республика ҳамда халқаро рейтингини ошириб бориш чораларини кўриш, уларга технологик жиҳатдан юқори даражада жиҳозланган технопарк, форсайт, технологиялар трансфери марказлари, стартап лойиҳалари ҳамда акселераторларни ташкил этишга методик кўмаклашиш;

-олий таълим муассасаларида тегишли тармоқ, соҳа ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун зарур кадрлар тайёрлаш йўналишлари ва кўрсаткичларини таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш;

– масофадан ўқитиш ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш имконияти мавжуд бўлган таълим шаклларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

– олий таълим тизими фаолиятини илмий-методик таъминлаш, соҳага оид илғор хорижий тажриба асосида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

– таълим дастурларига кирадиган барча фанлар бўйича янги авлод ўқув адабиётларини таҳлил қилиш, тайёрлаш ва нашр этишни ташкил қилиш;

– олий таълим соҳасидаги ҳуқукий ва методик ҳужжатлар ҳамда давлат намунасидаги қатъий назоратдаги ҳужжатлар ҳисобини юритиш, электрон базани шакллантириш ва улар билан олий таълим муассасаларини таъминлаш;

– олий таълим тизимининг давлат таълим стандартлари, малака талабларини, талабалар мустақил таълими бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш, шунингдек, олий таълим муассасаларида ўқув жараёни узлуксизлигини методик жиҳатдан таъминлаш;

– давлат-хусусий шериклик шартлари асосида олий маълумотли кадрлар тайёрлашнинг ҳукуқий ва методик асосларини ўрганиш, ушбу соҳадаги ишларни жадаллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

– олий таълим муассасаларининг илмий-тадкиқот муассасалари, потенциал иш берувчилар талаблари билан интеграциялашуви жараёнларини ташкил зтиш бўйича тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш.

 Марказ томонидан халқаро ва маҳаллий конференциялар, форумлар, давра суҳбатлари ва мунозаралар ташкил этилади. Журналлар, илмий мақолалар ва китоблар нашр этиш, шунингдек, олий таълим соҳасидаги илмий-тадқиқот ишлари билан фаол шуғулланади.

Марказ жамоаси 1 нафар профессор, 2 нафар доцент, 5 нафар фан номзодидан иборат.