Олий таълим бошқаруви ташкилотлари учун Эрасмус+ сессияси

2022 йилнинг 14 октябрда Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технолгияларни татбиқ этиш маркази ҳамда Ўзбекистондаги Эрамус+ миллий офиси томонидан “Олий таълим бошқаруви ташкилотлари учун Эрасмус+ сессияси” ташкил этилди.   

Тадбирда Эрасмус+ миллий офиси вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, талабалари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги марказлар ходимлари иштирок этдилар.

Сессиянинг асосий мақсади –  Эрасмус+ дастурининг сўнгги ишланмалари ва 2022 йилдаги танлов натижалари ҳақида маълумот бериш, келгусида эълон қилиниши кутилаётган олий таълимда салоҳиятни ошириш лойиҳалари тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳамда ўзаро фикр алмашиш, шунингдек Марказ ходимларининг мазкур лойиҳаларда иштирок этиши борасидаги тажрибаларини оширишдан иборат.

Қайд этиш лозимки, 2022 йил бошидан Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази Эрамус+ миллий офиси билан ҳамкорликда салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 23 июнида Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технолгияларни татбиқ этиш маркази ва Ўзбекистондаги Эрамус+ миллий офиси ўртасида “Ўзаро ҳамкорлик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида” меморандум имзоланди.

         

Меморандумда назарда тутилган келишувлар ижросини самарали ташкил этиш мақсадида томонлар ўртасида “2022 – 2023 йилга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича йўл харитаси” ҳам тасдиқланди. Йўл харитасига мувофиқ, йил давомида қўшма конференциялар, форумлар, маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этиш, лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва Эрасмус+ дастури танловларида иштирок этишда Марказга ёрдам бериш ҳамда олий таълимни ривожлантириш бўйича миллий экспертлар жамоасини янгилаш каби бир қатор вазифаларни биргаликда амалга ошириш режалаштирилган эди. Мазкур тадбир ҳам айнан мазкур йўл харитасида белгилаб олинган вазифалар ижросини самарали амалга ошириш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир давомида ҳали биргаликда амалга ошириладиган қатор чора-тадбирлар ҳам мавжудлиги қайд этилди. Келажакда мазкур чора-тадбирлар ижросини ўзаро ҳамкорликда ҳамда юқори даражада ташкил этишга келишиб олинди.

Тадбир ўзаро фойдали ва қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Тадбир якунида икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, олий таълимни ривожлантиришга оид ўзаро ахборот алмашишни яхшилаш, Эрасмус+ дастури доирасидаги лойиҳаларда Марказ ходимларининг иштирокини ошириш, ҳамда олий таълимни ривожлантириш йўналишидаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш борасида мунтазам учрашувлар ўтказиб туриш тўғрисидаги таклифлар илгари сурилди.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan