
Жорий йилнинг 27 март куни Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган вебинарда Буюк Британиянинг олий таълим соҳасида фаолият юритувчи Advance HE ташкилоти ҳамда Глостершир университетининг экспертлари олий таълим муассасаларининг академик ва институционал мустақиллигини таъминлаш, корпоратив бошқарув, академик бошқарув ҳамда ижроия аппарати ўртасида мувозанатни сақлаш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар.
Глостершир университетининг бошқарув ва талабалар билан ишлаш бўйича проректори профессор Мэтью Эндрюс (Matthew Andrews)нинг таъкидлашича, институционал мустақиллик олий таълим муассасаларига талабаларни ўзлари белгилаган мезонлар орқали ўқишга қабул қилиш, ўқув режасини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, талабаларга белгиланган малакаларни бериш, ходимларни мустақил равишда ишга қабул ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш каби қатор ҳуқуқларни тақдим этади.
Аммо олий таълим муассасаларига бошқарувда институционал мустақилликнинг берилиши мутлақ мустақилликни англатмайди. Балки давлатнинг олий таълим муассасаларини тўғридан-тўғри назорат қилиш функциясининг чекланганлигини назарда тутади. Бироқ давлат умуммажбурий стандартларнинг бажарилиши, молиявий кўмак бериш ҳамда таълим сифатини таъминлаш билан боғлиқ тариб-таомиллар орқали олий таълим муассасаларини бевосита бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Академик мустақиллик олий таълим муассасаларига сўз ва ижод эркинлигини тақдим этиш орқали уларнинг янада тараққий этишига замин яратади. Шу боис ўқув ва илмий фаолиятни ўзида мужассам этган академик бошқарувни тўғри йўлга қўйиш муҳим ҳисобланади. Олий таълим муассасасида ўқув ва илмий фаолият қанчалик тўғри ташкил этилган бўлса, дарс жараёни ва илмий тадқиқотларнинг сифати ҳам шунчалик ортиб боради.