
Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Малайзия Олий таълим вазирининг Олий таълим масалалари бўйича маслаҳатчиси Доктор Моршиди Сират бошчилигидаги делегация Марказга ташриф буюрди. Ташриф давомида Малайзия делегацияси аъзолари билан Марказ раҳбарияти ва ходимлари ўртасида учрашув ўтказилди.
Учрашув Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази ва Малайзия Миллий олий таълим тадқиқотлари институти ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Малайзия Миллий олий таълим тадқиқотлари институти ва Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази ўртасида имзоланиши кутилаётган Қўшма йўл харитасига киритилган масалалар, жумладан, биргаликда қўшма тадқиқотлар ўтказиш, икки муассаса ходимлари ва тадқиқотчилари ўртасида алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш, халқаро конференция ва давра суҳбатлари ўтказиш ҳамда қўшма грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.
Ушрашув сўнгида Доктор Моршиди Сират Марказ раҳбарияти ва ходимларини жорий йилнинг ноябрь ойида Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтадиган Глобал олий таълим форумига таклиф этди. Томонлар мазкур форум давомида Малайзия Миллий олий таълим тадқиқотлари институти ва Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази ўртасида Қўшма йўл харитасини имзолашга келишиб олдилар.