
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги делегацияси вакиллари Сеул шаҳрида бўлиб ўтаётган «Глобал таълим ва инновациялар» саммити доирасида Жанубий Корея бош вазири ўринбосари, Таълим вазири Ли Жу Хо қабулида бўлди.
Унда Жаноб Ли Жу Хо икки давлат раҳбарларининг учрашувлари юқори даражада ўтганини эътироф этган ҳолда, Ўзбекистонда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор эканлиги ҳамда буни юқори баҳолашини қайд этди. Шунингдек, бугунги кунда 8 000 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талаба Жанубий Корея Республикасида таҳсил олаётгани, улар учун барча имконият ва шароитлар яратилганини таъкидлаб ўтди.
Учрашув давомида талабалар учун таълим грантлари сонини кейинги йилларда янада кенгайтириш, электрон ўқув адабиётларини ривожлантириш, мазкур жараёнга тадбиркорлик субъектларни жалб этиш ҳамда педагог кадрларни малакасини ошириш бўйича фикрлар алмашилди.