Xorijdagi vatandoshlar bilan aloqalar mustahkamlanmoqda

Жорий йилнинг 18-апрель куни Times Higher Education халқаро рейтингида 501-ўринни эгаллаган Буюк Британиянинг Ғарбий Англия университети (University of the West of England) профессори Қобил Рўзиев билан учрашув ташкил этилди.


Дастлаб Марказ директори, профессор Маҳмуджон Болтабоев ватандошимизга мамлакатимизда олий таълим соҳасида олиб борилаётган жадал ислоҳатлар, уларнинг натижалари ҳамда Марказ фаолияти тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтди.


Ўз навбатида, профессор Қобил Рўзиев сўнгги йилларда Республикамиз олий таълим тизимида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилганлигини, айниқса, очиқлик сиёсати туфайли хориждаги ватандошлар билан муносабатлар юқори даражага кўтарилиб бораётганлигини мамнуният билан қайд этди.
Мулоқот давомида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларига қўйиладиган талаблар, мустақил таълимни ташкил этиш механизмлари, академик ҳалоллик қоидаларига риоя қилиш, рағбатлантириш тизимини доимий такомиллаштириб бориш, сунъий интеллектнинг таълим жараёнига таъсири ҳамда олий таълим муассасаларида сифат маданиятини ошириш каби мавзуларда фикр алмашилди. Мазкур масалалар бўйича Британия университетлари тажрибаси тўғрисида батафсил маълумот олинди.
Мулоқот якунида Марказ ҳамда Буюк Британиянинг Ғарбий Англия университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш ҳамда доимий тажриба алмашиб бориш юзасидан келишиб олинди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan