Россияда Telegram блокланмади. Дуров чиндан ФСБ билан муроса қилдими?

Украинадаги воқеалар фонида Россия ўз ҳудудида Facebook, Instagram ва Twitter каби ижтимоий тармоқларни блоклади, Meta компанияси экстремистик деб топилди. Аммо дунё бўйлаб борган сари энг қулай ахборот алмашиш воситасига айланиб бораётган Telegram блокланмайдиган бўлди. Бу эса мессенжер атрофида турли гап-сўзлар пайдо бўлишига олиб келди. Айниқса россиялик депутатлардан бирининг сўзларидан кейин.3

«Дуров ФСБ билан муроса қилди»

Россия Давлат думаси депутати, Ахборот сиёсати, ахборот технологиялари ва алоқа қўмитаси раиси ўринбосари Олег Матвейчев «Подъём» нашри билан суҳбатда Россия Telegram’ни блокламоқчи эмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, Telegram сиёсий жиҳатдан бетараф ва тарафкашлик қилиш учун асоси ҳам йўқ. Шунингдек, депутатнинг фикрича, Павел Дуров Россия Федерал хавфсизлик хизмати – ФСБ билан келишиб олган.

«Дуров ФСБ билан муросага келди. Албатта, бу менинг хўжалигимда билганингизни қилинг, қабилидаги келишув эмас, шунчаки унга инсонлар ҳаёти муҳимлиги, террорчилар айнан Telegram орқали мулоқот қилиши тушунтирилган. Тезкор тадбирлар давомида агар террорчи ёки кимдир кузатувга олинган бўлса, [Telegram’га] сўров юборилади. Telegram барча хавфли субъектларни кузатиш имконини бердиган қурилма ўрнатган», деган депутат сенсацион баёнотида.

У Telegram’да Facebook ёки Instagram’да бўлгани каби цензура ва манипуляция йўқлиги, Telegram шунчаки блогерлар учун майдон ва ҳозирча у билан ҳамкорлик қилса бўлишини айтган.

«Россияга цензура сиёсатини қўлласа, қотилликка чорловни эълон қилишга рухсат берса, албатта, Telegram’да ҳам муаммолар пайдо бўлади. Дуров ҳозирда катта оқимни қабул қилиб олмоқда. Одамлар Facebook ва Instagram’дан ёппасига Telegram’га ўтаётган бир вақтда Дуров уни ҳам блоклашларига сабаб яратиб нима фойда топади?» дея қўшимча қилган депутат.

Павел Дуров кўп марта ўз месенжери энг ишончли ахборот алмашиш воситаси экани ҳақида гапирган. Матвейчевнинг сўзлари эса Telegram’га нисбатан ишонч пасайишига сабаб бўлиши мумкин.

Telegram’даги «Код Дурова» канали бу борада мессенжер раҳбариятидан муносабат олишга ҳаракат қилган. Каналнинг Telegram раҳбариятига яқин манбаси депутатнинг Дуров ФСБ билан келишиб олгани ҳақидаги гапига шундай жавоб берган: «Масхарабозлар».

Бу жавобни эълон қилган Telegram-канал Дуровнинг яқинда ўз каналига жойлаган мурожаатини қайта ўқишни тавсия этган. «Telegram-каналлар Украинадаги воқеалар фонида борган сари текширилмаган маълумотлар тарқатиладиган маконга айланиб бормоқда. Россия ва Украинадаги фойдаланувчилардан Telegram’да тарқатилаётган ҳар бир хабарга гумон билан қарашларини сўраган бўлардим. Биз Telegram’дан миллатлараро низо уйғотишда восита сифатида фойдаланишларини истамаймиз», деб ёзганди Дуров.

«Код Дурова» канали Павел Дуровга алоқаси йўқлиги ҳақида канал изоҳида ҳам ёзиб қўйган. Шу билан бирга мессенжердан «ҳақиқий» (verified) кўк белгисини олган ушбу каналда Telegram ҳақида инсайд маълумотлар бериб борилади. Мессенжер ҳақидаги рус тилидаги хабарлар ушбу каналда тарқатилишига Telegram ҳозирча раддия бергани йўқ.

«Код Дурова» канали бу борада яна бир хабарни улашди. Унда iPhones.ru сайтида эълон қилинган хабар келтирилган.

iPhones.ru сайтида «Эксклюзив: Telegram Дуров ФСБ билан келишганини рад этди» сарлавҳали хабар берилган. Унда ёзилишича, Telegram вакили Реми Вон iPhones.ru билан суҳбатда Павел Дуров ва ФСБ муросага келгани ҳақидаги хабарларни рад этган. «Бу баёнотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бундай қийин паллада Telegram ҳақида ёлғон маълумот тарқатишаётганидан афсусдамиз», деб Реми Воннинг сўзларини келтирган «Код Дурова» канали.

Яна бир манба Telegram’дан айни дамда 700 миллиондан ортиқ одам фойдаланиши, улардан фақатгина 7-8 фоизи россияликлар эканига эътибор қаратган. Хабарда Telegram «жон сақлаш учун» Россия ҳукумати билан келишиши шарт эмаслиги таъкидланган.

Павел Дуров Telegram дунёдаги энг ишончли ахборот алмашиш воситаси экани ҳақида кўп гапирган. Таққос сифатида у ўз рақобатчиси WhatsApp’ни кўп танқид қилган. 2021 йил WhatsApp фойдаланувчиларга тегишли бўлган маълумотларни Facebook компаниясига (эндиликда Meta) бера бошлаши ҳақида маълум қилгач, фойдаланувчилар ёппасига Telegram’га ўта бошлаганди.

Бу воқеадан кейин бир неча кун ичида Telegram фойдаланувчилари сони 500 миллионга етганди. Дуров шу баҳонада яна бир марта асосий рақобатчиси манзилига танқидлар ёғдирганди: «Одамлар ортиқ технологик монополлар қўлида ўйинчоқ бўлишни, маълумотлари тарқалиш хавфи билан яшашни истамайди. Эндиликда ярим миллиардлик аудиторияга эга Telegram хавфсизликни хоҳлайдиганлар учун қулай жойга айланди. Биз бу масъулиятни тушунамиз ва сизни уялтириб қўймаймиз», деганди Telegram асосчиси.

Олдинроқ Дуров фойдаланувчилардан WhatsApp’ни телефондан ўчириб ташлашни ҳам тавсия қилган. Дуров Facebook кўп марта жосуслик дастурларида иштирок этгани ҳақида гапириб, Telegram муваффақият сирини аниқлаш учун Марк Цукерберг бутун бошли гуруҳ ёллагани ҳақида гапирганди. «Уларнинг ишарини осонлаштирай. Муваффақиятимизнинг битта сири бор: ўз фойдаланувчиларингизни ҳурмат қилинг», деганди Дуров.

Telegram ва Россия: биринчи блоклаш муваффақиясиз кечганди

2018 йил Telegram ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати ўртасида келишмовчилик юзага келганди. ФСБ Дуровдан махсус назоратдаги жиноятчиларнинг Telegram ёзишмаларини аниқлаш учун уларни шифрдан чиқаришни сўрайди. Дуров эса бу бошқа миллионлаб фойдаланувчиларнинг дахлсизлигига рахна солишини айтиб, ФСБ талабига кўнмайди. Оқибатда Россияда Telegram мессенжерини блоклаш бошланади. Дастлабки кунларда буни уддалашди ҳам, аммо кейинчалик қўшимча серверлар ёрдамида чекловни «айланиб ўтган» Telegram Россияда ишлашда давом этди.

2020 йил июн ойига келиб Россияда Telegram’ни блоклаш тўхтатилди. Биринчидан, бунга техник жиҳатдан эриша олишмади. Иккинчидан, расмий маълумотга кўра, Дуров терроризмга қарши курашишини маълум қилгач, «Роскомнадзор» Бош прокуратура билан келишган ҳолда Telegram мессенжерини блоклаш талабини олиб ташлаганди. Кўп ўтмай, Telegram блокланишининг ташаббускори бўлмиш «Роскомнадзор»нинг ўзи ҳам мессенжерда канал очди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan