Ахборот кутубхона ва ахборот ресурс марказларини рақамлаштириш қай даражада муҳим? (+видео)

Сўнгги йилларда мамлакатимизда турли соҳаларни рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бундан ахборот ресурслари марказлари ҳам четда қолаётгани йўқ. Бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар хусусида Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази ахборот ресурс марказлари фаолиятини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Маҳмуджон Мамарасулов билан суҳбатлашдик.

– Бугунги кунда биламизки, ахборот ресурс марказлари ва ахборот кутубхоналари фаолияти кенг йўлга қўйилди. Уларни рақамлаштириш йўналишида ҳам ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аввало ахборот ресурс маркази ва ахборот кутубхона тушунчасига ва фарқли жиҳатларига тўхталсангиз?..  

– Ахборот кутубхона марказлари миллий кутубхона тизимидаги ахборот кутубхона марказлари ҳисобланади. Чунки булар кенг жамоатчилик фойдаланишлари учун ташкил қилинган. Бундан халқимиз фойдаланишлари мумкин. Ахборот ресурслари марказлари эса ҳар бир олий таълим муассасасида ташкил этилган. 

Ахборот ресурс марказларида профессор ўқитувчилар, талабалар, тадқиқотчилар фойдаланиши мумкин. Республикамиз бўйича 116 та давлат олий таълим муассасаси бўлса, шундан 113 тасида ахборот ресурс марказлари мавжуд. Қолган янги ташкил қилинган 3 та олий таълим муассасамизда ахборот ресурс марказини ташкил этиш бўйича ҳозирги кунда ишлар амалга ошириб келинмоқда. 

– Ахборот ресурс марказларини рақамлаштириш бўйича қилинаётган ишлар қандай?  

– Муҳтарам Президентимизнинг 2022 йилдаги 60-сонли қарорига асосан олий таълим тизимида китоблар ўқув ва илмий адабиётларни рақамлаштириш йўналиши бўйича электрон кутубхона платформасини жорий қилиш топшириғи берилган. Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази томонидан ушбу платформа ишлаб чиқарилиб, бугунги кунда бутун бир республика бўйича олий таълим муассасаларидаги мавжуд 400 000 дан ошиқ ўқув ва илмий адабиётларни ушбу платформага жойлаб, республикамиздаги барча талабалар фойдаланувчилар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар учун шароит яратилган. Улар ўзларини электрон почтаси орқали рўйхатдан ўтади, кейин умумий электрон кутубхона платформа базамиздаги адабиётларни электрон шаклда ўқишлари мумкин, кўчириб олишлари мумкин. 

Уч хил шаклдаги адабиётлар бор. Очиқ ҳолатдаги адабиётлар, ўқув ва илмий адабиётлар, қисман очиқ ва ёпиқ ҳолатдаги. Хабарингиз бор, муаллифлик ҳуқуқи масаласи ҳамиша муҳим ҳисобланади. Муаллифларидан рухсат олинмаган адабиётларни ёпиқ ҳолатда киритганмиз, очиқ ҳолатдагини фойдаланувчи тўғридан-тўғри бизнинг кутубхона платформамиздан юклаб олишлари мумкин. Қисман очиқ адабиётлар ярмигача жойланган. Уни электрон шаклини тўғридан-тўғри ўқиш мумкин, лекин юклаб олишда сўров юборилади. Сўровга жавоб бўлса, ундан кейин юклаб олиш мумкин. Ёпиқ адабиётларимизда олий таълим муассасасига сўров юборилади, у сўровдан кейин олий таълим муассасаси агар рухсат берса, юклаш имконияти пайдо бўлади. 

– Савол туғилади: муаллифлар адабиётлари нега ёпиқ ҳолда бўлиши мумкин?  
– Муаллифлик ҳуқуқи белгиланган адабиётларимиз бор. Адабиётлар нашриётларда чоп этилади. Муаллиф билан нашриёт ўртасида шартнома тузилгач, шу асосида унинг қилинган харажатларини чиқариб олиш учун маълум бир сумма қўйилади. Шу боис ўша суммани чиқариб олмагунча фойдаланувчилар учун адабиётлардан текинга фойдаланиш имкони берилмайди. 

Суҳбатнинг давомини қуйидаги илова орқали кўришингиз мумкин. 

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan