Буюк Британия олий таълим муассасаларида сифат кафолатлари қандай таъминланади?

Жорий йилнинг 31 январь куни Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган вебинарда спикер сифатида иштирок этган олий таълим бошқаруви соҳаси бўйича эксперт профессор Жилин Кем (Gillian Camm) хоним, мазкур мамлакатда таълим сифатини таъминлаш борасида қўлланиладиган илғор тажрибалар борасида тўхталиб ўтди.

Профессор Жилин Кемнинг таъкидлашича, ушбу мамлакатда ҳар йили олий таълим муассасаларида таълим сифати ҳолатини аниқлаш бўйича умуммиллий талабалар сўровномаси ўтказилади. Сўровномада давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган барча олий таълим муассасалари ҳамда коллеж талабалари иштирок этадилар.

Умуммиллий талабалар сўровномаси Талабалар офиси (Office for Students – OfS) нодавлат ташкилоти буюртмасига асосан халқаро тадқиқот компанияси Ипсос Мори (Ipsos MORI) томонидан ўтказилади. Ушбу сўровномада бир йилдан кам бўлмаган муддатда таҳсил оладиган таълим дастурлари тингловчилари, охирги босқич кундузги ҳамда сиртқи таълим шакли талабалари қатнашади. Талабалар қуйидаги асосий мавзуларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради:

– дарс бериш сифати бўйича;

– талабаларга ўқиш учун яратилган шароитлар бўйича;

– талабалар билимини баҳолаш бўйича;

– профессор-ўқитувчилардан академик ёрдам олиш бўйича;

– таълим ташкилотининг бошқарув самарадорлиги бўйича ;

– таълим даргоҳларида талабалар фикри инобатга олиниши бўйича.

Сўровнома натижалари асосида олий таълим муассасаларининг рейтинги тузилади. Шу сабабли университет ва коллежлар мазкур сўровномада фаол иштирок этишга ҳаракат қилишади. Профессор Жилин Кем хонимнинг хулоса қилишича, 2005 йилдан бери ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинётган мазкур сўровнома олийгоҳларда таълим сифатининг ошишига хизмат қилмоқда.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan