Жорий йилнинг 22 май куни Канаданинг Ўзбекистондаги элчиси Элисон ЛеКлер (Alison LeClaire) хоним билан бўлиб ўтган учрашувда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги даврда олий таълим бошқарувига қўйиладиган янгича талаблар, олий таълим муассасаларини транформация қилиш ва уларда смарт технологияларни жорий этиш ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида халқаро илмий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама этилди.
Дастлаб Марказ директори Ш.Якубов меҳмонларга олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг илк натижалари хусусида маълумот берди. Шунингдек, Марказнинг кенг қамровли фаолияти, Канада тажрибасини ўрганиш борасида қилинган ишлар ҳамда мазкур мамлакат олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган ватандошлар билан доимий мулоқот олиб борилаётганлиги тўғрисида ҳам қисқача тўхталиб ўтилди.
Ўз навбатида, Элисон ЛеКлер хоним Канаданинг етакчи олий олий таълим муассасалари ва мамлакатимизниг қатор олий таълим ташкилотлари ўртасида яқин ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилганлигини мамнуният билан қайд этди.
Тадбир сўнгида Марказ ва Канада элчихонаси ўртасида истиқболда амалга оширилиши режалаштирилган йўналишлар бўйича йўл харитаси ишлаб чиқиш ҳамда Канаданинг олий таълим тадқиқотлари билан шуғулланадиган ақлий марказлари билан қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олинди.